28 август соат 15:15 ларда, Қашқадарё вилояти, Косон тумани ҳудудидан ўтган 4К-339 «Қарши айланма йўлининг» 6-километрида «Дамас» русумли автомобиль «Обдида-Хўжақўрғон» кўчалари кесишган чорраҳада, иккинчи даражали йўлдан келиб, асосий йўлдан ҳаракатланиб келган «Камаз-5320» русумли юк автомобилини ўтказиб юбормасдан, унинг ўнг олди томонига бориб урилиб, ЙТҲ содир этилган.
Натижада, 20 ёшли «Дамас» автомобили ҳайдовчиси воқеа жойида, ушбу автомобилнинг 18 ёшли йўловчиси эса шифохонада вафот этган.
«Камаз» юк автомобили ҳайдовчиси ва йўловчиси тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ҳодиса содир бўлган куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар беради ИИВ матбуот хизмати.