Табиат ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ишонч телефонларига 2023 йил 21 январь куни Қизириқ тумани “Боғбонлар юрти” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқародан “Бандихон илмий тажриба станцияси” хўжалиги томонидан мавжуд дарахтлар ва боғлар ноқонуний кесиб кетилмоқда” мазмунидаги мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаат Табиат ресурслари Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан тегишли тартибда ўрганилди.
Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти тизимидаги “Бандихон илмий-тажриба станцияси” ҳудуди кўздан кечирилганда 4 туп ўсувчанлигини йўқотмаган катта ёшли чинор дарахтлари ноқонуний равишда таг қисми билан кесиб кетилганлиги аниқланди.
“Бандихон илмий-тажриба станцияси” хўжалигининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиши натижасида Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунинг 37-моддаси талаблари бузилиб, 216 000 000 (икки юз ўн олти миллион) сўм миқдорда ўсимлик дунёсига зарар етказилган.
Ушбу иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Прокуратурага ўтказилган, — дейилади Табиат ресурслари вазирлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати баёнотида.