Яхшигина қалами бор, бироқ фақат таҳририятлардан оладиган гонорар ҳисобига кун кўради. Аниқроғи, кун кўриш учун ёзиб туради. Доим катта орзулар билан яшайди. Аммо асар сўнгига қадар камбағаллигича қолади.

Четдан қараганда, бунинг барчасига қаҳ­рамоннинг ўзи ёки тақдир айбдордек. У доим бу гирдобдан чиқишга уринса-да, жа­миятнинг бефарқлиги, атрофдагиларнинг совуққонлиги, қўл узатадиган киши йўқлиги туфайли камбағаллик домига тобора чуқур кириб боради. Ҳеч ким унга кўмак беришни истамади. Барчанинг назарида у ночор кимса эди.

Камбағалликнинг илдизи кўпинча ана шундай бефарқликка бориб тақалади. Ночор, ишсиз одам жамиятдан узилиб қолади, ўзини атрофга бегонадек ҳис қилади. Ёрдам беради­ган бир неча кишини айтмаса, одамлар ҳам ундан четроқ бўлишга интилади. Чунки қўл­дан берганга қуш тўймас. Ишсиз, доимий да­ромадга эга бўлмаган одам ўзини ўнглаб оли­ши барибир қийин. Қўлида ҳунари, касб-кори бўлмаган киши тайинли иш топиши ҳам амри маҳол. Натижада камбағаллик фақат моддий етишмовчилик эмас, балки руҳий тушкунлик, ўзини кераксиз ҳис қилишга олиб келади.

Янги Ўзбекистонда камбағалликка қар­ши кураш бошланган дастлабки кунларда­ноқ ана шундай боши берк кўчага кириб қолган инсонларга ёрдам қўли узатилди. Бу шунчаки моддий кўмак эмас, балки реал ва доимий даромадга эга бўлиш, фаровон ҳаёт кечириш, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида барча қулайликлардан фойдала­ниш учун берилаётган имконият ва имтиёз­лар эди.

Шу тариқа юртимизда камбағалликни қисқартириш миллий ҳаракатга айланди. Ўтган даврда бу ҳаракат бир муддат бўлса- да тўхтамади. Йилдан йилга фаоллашиб, такомиллашиб боряпти. Шунга яраша кам­бағаллик кўрсаткичи ҳам пасаймоқда. Ўтган йили камбағаллик 8,9 фоиздан 5,8 фоизга туширилди. 2026 йил якунида 2,8 фоизга ту­шиши, 2030 йилга бориб эса мамлакатимизда камбағалликка тўлиқ барҳам бериш вазифаси қўйилган.

Бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Уларнинг ортида оилалар фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, чора- тадбирлар турибди. Йўналишлар, ҳаракатлар кўлами ниҳоятда кенг. Юртимиздаги ҳар бир соҳа деярли ана шу вазифага йўналтирил­ган. Биргина бандлик йўналишини олайлик. Маълумотларга кўра, ўтган йили 5,4 миллион юртдошимизнинг бандлиги таъминланиб, миллионлаб одам доимий иш ўрни, тадбир­корлик ва янги иқтисодий имкониятлар орқа­ли даромад манбаига эга бўлди. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари кўмагида маҳаллаларда 410 мингга яқин микролойиҳа ишга тушири­лиши натижасида 840 минг кишининг рас­мий бандлиги таъминланди.

Ҳар бир хонадондан фуқарогача

Аҳоли бандлигини таъминлаш камбағал­ликни қисқартиришнинг асосий ва энг муҳим қисми. Чунки камбағал оила аъзоларига ҳар қанча моддий кўмак берилмасин, доимий иш жойи бўлмаса, турмушини изга солиб олиши қийин кечади. Бу тушунарли. Аммо масала­нинг бошқа жиҳати бор. Гап шундаки, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамма мамлакатда долзарб масалалардан.

— Бугун дунё эътироф этаётган, керак бўлса, намуна олаётган янги тараққиёт мо­делининг ўзига хослиги ҳам шунда — аҳо­лининг ишсиз қатлами учун турли йўналиш­ларда доимий даромад манбаини яратишга қаратилган. Жумладан, Ўзбекистонда камба­ғалликни қисқартиришда асосий етти тамо­йил танлаб олинган. Бу фақат молиявий ёки ижтимоий хизматлар билан чекланиб қол­майди, — дейди камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев. — Бунда аҳолининг таълим олиши, тиббий хизматлардан фойдаланиши, яшаш шароити, маҳалла инфратузилмасини яхшилаши, давлат органлари билан тўғридан тўғри мулоқот қилишини таъминлаш кабилар қамраб олинади. Ана шу йўналишлар бўйи­ча камбағал оилаларга 200 дан ортиқ хизмат кўрсатиб келинмоқда. Барқарор бандлик йў­налишида оилаларни хизматлар билан қам­раб олиш, юқори даромад топишга қаратил­ган саъй-ҳаракатлар шулар жумласидан. Бу йўналишда 50 дан ортиқ хизмат мавжуд бў­либ, улар касб-ҳунарга ўқитиш, доимий ишга жойлаштириш ҳамда тадбиркорликка жалб қилиш кабиларни қамраб олади. 2025 йили камбағал оилалар реестрига киритилган 523 минг оилага “индивидуал режалар” асосида даромадини оширишга қаратилган қарийб 951 мингта хизмат кўрсатилди.

Натижада 369 минг киши доимий ишга жойлаштирилди, 132 минг фуқарога кредит ва субсидия ажратилди, 395 минг юртдоши­миз тадбиркорликка жалб қилинди, 54 минги касб-ҳунарга ўқитилди. Шу тариқа 2 мил­лион кишининг моддий аҳволи яхшиланиб, камбағалликдан чиқарилди. Бундан ташқари, камбағалликни қисқартириш бўйича 32 йў­налишда пилот лойиҳалар амалга оширилиб, 120 минг камбағал оиланинг даромадини кўпайтириш ҳисобига реестрдан чиқаришга эришилди.

Юртимизда камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой ва бошқа ривожланган дав­латлар тажрибаси асос қилиб олинганидан хабардормиз. Аммо бу дастлабки ҳаракатлар учун зарур тажриба эди. Кейинги қадамлар фаоллашиб кетди. Бу борада яратилган аҳоли бандлигини таъминлашдаги кўплаб йўна­лишлар мамлакатимизгагина хос ноёб ама­лиётга айланди. Хонадонлардаги томорқани даромад манбаига айлантиришдан тортиб, бўш ерларни камбағал оилалар, ёшларга им­тиёзли шартларда ажратиб бериш, тадбир­корлар учун ташкил этилаётган катта-кичик саноат зоналари сўзимиз тасдиғидир.

Бу борада энг катта самара берган таж­рибалардан бири маҳаллабай ишлаш тизими ва “маҳалла еттилиги” фаолиятининг йўлга қўйилганидир. У нафақат юртимиз, балки жаҳон амалиётида ўхшаши йўқ, ноёб тажри­ба. Янгича ёндашув ҳар бир хонадонни мо­лиявий инструментлар билан қамраб олиш имконини берди. Бугун аксарият лойиҳа ва ҳаракатлар маҳаллада амалга ошириляпти. Камбағалликка барҳам бериш чоралари ҳам маҳаллаларнинг ўзида кўриляпти. Маълу­мотларга кўра, ўтган йили юртимиздаги 1435 маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айлан­тирилди. Жорий йилда бу рақамни 3500 тага етказиш кўзланган.

Шароити оғир ҳудудларга қўшимча маблағ ажратилади

Бир қарашда маҳалла доирасида одамлар­ни даромадли қилиш имконсиздек кўринади. Ахир кичик ҳудудда қанча ҳам иш ўрни очиш мумкин деб ўйлардик. Давлатимиз раҳба­ри ташаббуси билан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар бунинг аксини кўрсатди. Бир­гина томорқачилик йўналишини олайлик. Авваллари ҳовлисидаги томорқадан фақат ўз эҳтиёжи учун фойдаланган одамлар бу­гун кичик майдондан яхшигина даромад топяпти. Йилда бир неча маротаба ҳосил етиштираётган айрим оилалар шунинг ўзи­дан рўзғор тебратиб, кам-кўстини бутлаяпти. Масалан, 10 сотих ердан баъзи хонадонлар йилига 5-10 миллион сўм даромад топаётган бир вақтда худди шунча майдондан 150-200 миллион сўм пул ишлаётган оилалар бор. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ана шундай илғор тажрибалар турли ҳудуд­ларда оммалаштирилмоқда. Хонадонларда томорқа мактаблари ташкил этилиб, аҳоли­нинг деҳқончилик кўникмаларини ошириш бўйича ишлар бажариляпти. Жорий йилда 84 та кўргазмали ўқув-тажриба майдонини барпо этиш кўзда тутилган.

Қолаверса, бир турдаги маҳсулотни етиш­тириб, катта миқдорда экспорт қилаётган их­тисослашган маҳаллалар пайдо бўлди. Ўтган йили “Бир маҳалла — бир маҳсулот” дастури доирасида 1944 маҳаллада айни шу тамойил йўлга қўйилган бўлса, бу йил уларнинг сони­ни камида 2500 тага етказиш мақсад қилин­ган. Яхши жиҳати, бир ҳудудда бир турдаги маҳсулотларни экиш агротехник жиҳатдан парваришлаш, йиғиб олиб сотиш нуқтаи на­заридан ҳам бир хил ёндашувни таъминлаб, экспортда катта қулайлик яратади. Бу тажри­ба катта майдонларда қўлланаётгани боиси ҳам шунда. Жорий йилда 117 туманда камида 50 гектар майдонда саноатлашган плантация­лар ташкил қилиб, “бир контур — бир маҳсу­лот” тамойили асосидаги ишларни 145 минг гектарга етказиш кўзда тутилган.

— Маҳаллаларни чуқур ихтисослаш­тириш самара беряпти, — дейди Марат Жўраев. — Бундай маҳаллада ишсизлар, мигрантлар ва муаммоли кредитлар кам бў­лади. Чунки деярли ҳар бир хонадон муайян йўналишда банд бўлади. Бугун юртимизда 8992 маҳалла бўлса, шундан 3207 таси чу­қур ихтисослашган. Бу мана шу маҳаллалар­нинг ҳар бирида 50 фоиздан кўпроқ хонадон айнан бир турдаги йўналишда иш юритади, дегани. Ушбу йўналишлар ҳар бир маҳалла­нинг ўзига хос жиҳатлари, нисбий устунли­ги ва бошқа омиллар асосида танлаб олиниб, алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Унинг иж­роси ҳам қатъий назоратга олинган.

Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги Бешкапа маҳалласига борсангиз, деярли ҳар бир хонадон соҳибини арқон тўқиётган ҳолда учратасиз. Чунки бу манзил “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида арқон ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 300 дан ор­тиқ хонадон шу ҳунар ортидан даромад топяп­ти. Илгари қўлда, чекланган ҳажмда тайёрлан­ган маҳсулотлар бугун замонавий ускуналар ёрдамида ишлаб чиқарилмоқда. Арқон тўқиш, от-улов анжомлари, занжир ва ҳалқа тайёрлаш жараёни механизациялашган. Маҳалла амалда кичик саноат кластерига айланди. Шу боис, бу ерни кўпчилик арқончилар маҳалласи сифати­да яхши билади.

Одамларнинг ўзи билан гаплашсангиз, даромади яхши эканини айтади. Хонадони­да тўрттагача дастгоҳи бор касаначилар 12 миллион сўмгача даромад топар экан. Ай­рим хонадонларда тикув-трикотаж цехлари учун белбоғ, безак, пойабзал ишлаб чиқа­радиган корхоналарга боғич тайёрланади. Бунинг учун ўртача 15-20 та замонавий ус­куна ўрнатилган. Касаначилар бозорни мун­тазам таҳлил қилади. Мижозлар талабига қараб маҳсулотлар тури ва дизайнини мут­тасил янгилаб боради. Баъзи хонадонларда иш кўлами анча кенгайиб, каттароқ жойга эҳтиёж пайдо бўлган. Шу боис, маҳаллада 5 гектар майдонда кичик саноат зонаси таш­кил этиш режалаштирилган. Хонадонларда­ги ишлаб чиқариш жараёни мазкур ҳудудга кўчирилади.

Гап рақамларда эмас, натижада. Маҳал­лаларнинг ўзида иш ўринлари очиш жуда катта ҳаракат ҳамда самарали имкониятдир. Аммо бунинг учун шароит зарур. Масалан, томорқадан унумли фойдаланишга сув таъ­миноти керак. Тадбиркорликни ривожлан­тириш, саноат зоналари ташкил қилиш учун йўллар инфратузилмаси, электр энергияси ва кўчаларни ёритиш тизимини яхшилаш талаб этилади.

— Ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб энг оғир аҳволдаги маҳаллаларни танлаб олиб, уларда инфратузилма, сув таъминоти, ички йўллар, кўчаларни ёритиш бўйича лойиҳалар амалга оширилгани катта самара берди, — дейди Марат Жўраев. — Чунки камбағаллик асосан шароити оғир ҳудудларда кўп бўла­ди. Бу ҳудудларни ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш мумкин. 2025 йилда жами 1024 та маҳалла танлаб олиниб, шундан сув таъминоти оғир 864 маҳалладаги хонадонлар суғорма сув билан таъминланди. Баъзи хонадонларга илк бор обиҳаёт кириб борди. Натижада 80 минг гектарга яқин ер ўзлаштирилиб, одамларга даромад келти­радиган активга айланди. 954 маҳалланинг электр энергияси таъминоти яхшиланди. Бу йил ҳам шароити оғир 37 туман ва 915 маҳал­лани танлаб олганмиз. Ушбу маблағ, бирин­чи навбатда, ўша туман ва маҳаллалардаги инфратузилмани яхшилаш, одамларнинг тад­биркорлик лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилади.

* * *

Маълумотларга кўра, бугун юртимизда меҳнат ёшидаги 21 миллиондан зиёд фуқаро мавжуд. Айни пайтда 38 миллион фуқарога эга Ўзбекистон учун бу катта меҳнат ресурси. Жорий йил аввалида мамлакатимиздаги иш­сизлик даражаси 4,8 фоизни ташкил этгани ҳолда йил сўнгига қадар буни 4,5 фоизга ту­шириш режа қилинган. 2026 йил учун Банд­лик дастури ҳам тасдиқланган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, мазкур дастур таркибий жиҳатдан уч қисмга бўлинади. Биринчиси, йил охиригача 1 миллион фу­қарони доимий ишга жойлаштириш режа­си бўлса, иккинчиси, 4 миллион кишининг даромадини оширишга қаратилган. Бунда аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, касаначилик, микролойиҳаларни йўлга қўйиш ишлари жадал давом эттирилади. Учинчи режа эса норасмий иш ўринлари­ни соядан чиқариш бўйича кўрсаткични 1 миллионга етказишга қаратилган. Бу ўт­ган йиллардагидан 2 баробар кўп экани ай­тилмоқда.

Бандлик дастурини амалга ошириш учун қарийб 165 триллион сўм ажратилади. Бу пулни 30 дан ортиқ лойиҳага йўналтириш кўзланган. Хусусан, “Бандлик органлари — иш берувчилар ҳамкори”, “Барқарор келажак сари”, “Маҳаллада тадбиркорликни ривож­лантириш”, “Меҳнатсевар аёл”, “Тенг имко­ният” каби янги дастурлар ишга туширилади. Бу лойиҳаларнинг ҳар бири орқали ўнлаб, юзлаб фуқаролар касб-ҳунарли, ишли бўла­ди. Мақсад ҳам шу — лойиҳаларни режанинг ортидан қувиб эмас, балки ақл билан, замо­навий ёндашувлар асосида амалга оширишга қаратилган.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ишга туширган “Осон иш” плат­формаси ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Лойиҳа одамларга замонавий, рақамлашган тизим орқали иш топишга кўмаклашади. Тизим иши сунъий интеллектга асослана­ди. Иш изловчи ҳамда иш берувчига мос бўш иш ўринлари бўйича маълумотларни саралаб, автоматик рўйхатни шаклланти­риб беради. Саралаш модули малака, мута­хассислик, ҳудуд, маош каби беш йўналиш бўйича танлайди. Сараланган иш ўринлари талабгор ёки иш берувчига неча фоиз мос келишигача кўрсатиб беради. Яъни мазкур платформа электрон меҳнат бозори бўлиб, иш излаш ва топишни тезлаштириш, шаф­фоф механизм сифатида самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири