Жорий йил 24 март куни президентимиз раислигида “обод қишлоқ” ва “обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жой қурилиши бўйича “бағдод тажрибаси”ни ўрганиш юзасидан ҳамма ҳокимларга топшириқ берилди.
Халқ тилида “дашт” деб аталадиган ҳудуд асрлар давомида қуриб-қақшаб ётган. Экин-тикин экайлик деса, ери тош-шағалдан иборат. Сув таъминоти муамолар ичра энг оғири бўлиб келган. Шу боис туман марказидан 12-13 километр олисда тез орада кўркам ва замонавий шаҳарча қад ростлайди, деса кўпчиликка хаёлий орзу бўлиб туюларди.
Бугунги кунда ушбу маскан манзараси шиддат билан ўзгариб боряпти. Дашт қўйнида чинакам янгиланиш ишлари кетяпти. Қўли-қўлига тегмай ғишт тераётган қурувчиларнинг маҳорати, қудратли техникаларнинг ёрдами туфайли кўп қаватли уй-жой бинолари тез ва соз қад кўтариляпти. Бу юмушларни бажаришда 19 та ихтисослашган тадбиркорлик субъекти иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, мазкур уй-жойда яшайдиган фуқароларнинг кундалик ҳаёт тарзи учун керакли бўлган йўл, сув, элект энергияси, табиий газ таъминоти билан боғлиқ бўлган инфратузилма тармоқларини қуриш ҳам бир йўла олиб бориляпти.
— Ўтган 85 йил мобайнида туманимизда бор-йўғи 53 та кўп қаватли 786 та хонадонли уйлар қурилган холос, — дейди туман ҳокими Восилжон Назаров. — Албатта, бу тез орада ўтмиш хотираларига айланади. Бугун туманимизда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини инобатга олиб, истиқболли дастурлари ишлаб чиқилди, уларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди. Биргина 2021 йилнинг ўзида 1000 хонадонга мўлжалланган 50 та бир подъезли 5 қаватли янги уй-жойлар қурилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 3,6 километр табиий газ, 6 километр электр, 2,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилади. 10 та трансформатор, 2 дона тик қудуқ, 1 дона резервуар, сув тозалаш иншооти, 2 километрдан ортиқ янги йўл қурилади. Бу ишлар учун 9 миллиард 309 млн сўмдан ортиқ маблағ жалб этилиши кўзда тутилган.
Яна бир муҳим жиҳат. Олиб борилаётган қурилиш кўламлари ижтимоий объектларни барпо этиш лойиҳаларига ҳамоҳанглиги билан эътиборни тортади. Айни чоғда маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси, мавжуд 120 ўринли мактаб ҳудудида қўшимча 440 ўринли ўқув маскани, коворкинг маркази, 150 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 30 ўринли хусусий шифохона, савдо ва кўнгилочар маркази, умумий овқатланиш шаҳобчалари, кичик истироҳат боғи, спорт мажмуалари, чойхона ва меҳмонхона қурилиши бўйича лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров деярли ҳар куни ушбу ҳудудудаги қурилиш жараёни билан танишиб боряпти. Кеча “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, ҳар бир қурилиш ташкилоти раҳбари билан юзма-юз суҳбатлашди. Иш жараёнини жадаллаштириш ва истиқбол лойиҳалар масъулияти борасидаги амалий таклиф ва тавсияларини берди.
— Бу уйлар сифатли, нархи арзон бўлиши муҳим, — деди вилоят ҳокими. — Қолаверса, қурилиш маданиятини ҳам шакллантириш керак. Яқин истиқболда мазкур ҳудудда юзлаб кўп қаватли уйлар қуриш имкони бор. Шу боис, ҳар бир қурилиш режасини ишлаб чиқишда кейинги ўн беш, йигирма йиллик тараққиёт мезонларини инобатга олиш лозим.
Етти миллион сўмга янги уй соҳиби бўлиш мумкин
Илгари аҳолининг кам таъминланган қисми томонидан янги уй-жойларни сотиб олиш бўйича дастлабки тўловларни амалга ошириш бўйича эътирозлар бўлаётгани сир эмас. Бағдодда амалга оширилаётган янги лойиҳалар бу борада янги имтиёз ва имкониятлар бераётгани билан аҳамиятли. Бу,ўз навбатида, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олинган ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларга ўзлари орзу қилган уй-жойларига эга бўлиш имкониятини бермоқда. Хусусан, 2 хонали 40 квадрат метр ўлчамли хонадоннинг қиймати 140 миллион сўмни, 3 хонали 48 квадрат метрлик хонадоннинг қиймати 168 миллион сўмни ташкил этмоқда. Яъни бир квадрат метр уйнинг баҳоси 3,5 миллион сўмга тушмоқда.
Бошқача изоҳлаганда, 2 хонали хонадон сотиб олиш истагини билдирган фуқаро 15 фоиз миқдорида 21 миллион сўм дастлабки тўловнинг 14 миллион сўмини субсидия тарзида олиши туфайли атиги 7 миллион сўм маблағ эвазига орзусидаги уй соҳибига айланмокда.
— Уй-жой масаласида амалий ёрдам сўраб жуда кўп идорлар эшигига бош суқдим. Ҳамма ёрдам беришини айтади. Фақат янги-уйларнинг бошланғич тўловини тўлаш имкониятига эга эмасдим, — дейди “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Замира Исмоилова. — Тўғри, оз-моз йиғиб юрган жамғармамиз бор. 10 миллион сўм. Аммо бу уй-жойларнинг бошланғич тўлови учун етарли эмас эди. Янги шаҳарчадан уй- жой олувчилар учун яратилган имкониятларни ва атиги етти миллион сўм тўлашимни эшитиб, жуда хурсад бўлдим. Шукур орзу қилган уйга эга бўладиган бўлдик.
Ҳозирги кунга қадар “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғинида 5 та кўп қаватли уйлар битказилиб, асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ажратилди. Уйнинг 1 квадрат метри нархи 3,5 миллион сўм бўлиб, икки хонали хонадоннинг қиймати 140 миллион сўм, уч хонали уй 168 миллион сўмни ташкил этмоқда. Айтайлик, икки хонали уйнинг бошланғич тўлови 21 миллион сўм. Уй олувчига 15 фоиз миқдорида субсидия (14 миллион сўм) берилиши натижасида у атиги 7 миллион сўм маблағ эвазига янги уйга кўчиб ўтади.
Ана шундай имтиёз ва рағбатлар Президентимиз томонидан ипотека кредитлари асосида уй-жой қурилиши тизимини такомиллаштириш, тадбиркорларга имтиёзлар бериш ва рағбатлантириш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қуватлашга қаратилган ҳужжатлар ҳаётда нечоғлик амалий ифодасини топаётганини, минг-минглаб оилаларга ўз уйига эга бўлишлари учун шароит яратаётганлигини яққол намоён этади.
Янги уйлар — янги иш ўринлари демак
Уй-жой билан таъминланган аҳолини иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш ҳам эътиборга олинган. Кўп қаватли уйлар массивига ёндош ҳудудда 100 гектар ер майдонида 10 сотихлик лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналарнинг барпо этилиши аҳолини уй- жой ва кафолатли иш ўринлари билан таъминлаш имкониятини бермоқда. Айни кунда 10 дан ортиқ иссиқхона қурилиш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунгача 85 та иссиқхона битказилиб, ҳудудда қуриб битказилган уйларга кўчиб келган оилаларга ажратиб берилди.
Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар ёнида 14,3 гектар майдонда “Мустақиллиик” кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунда бу ерда 23 та ишлаб чиқарувчи ташаббускор томонидан қурилиш–монташ ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 16,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари тайёрланади ҳамда 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
— Бизга янги корхона қурилиши учун ушбу кичик саноат зонасидан ер майдони ажратиб берилди, — дейди “Аброр” хусусий корхонаси раҳбари Акмалжон Деҳқонов. — Айни кунда мебель ишлаб чиқариш тармоғини ташкил этиш лойиҳасини бошладик. Унга умумий қиймати 4,5 миллиард сўм бўлган инвестиция жалб этамиз. Австариядан замонавий ишлаб чиқариш ускуналари олиб келяпмиз, натижада 75 та иш ўрни яратилади.
Таҳлиларга кўра, туманда шу кунга қадар “маҳаллабай” тизими олиб борилган ўрганишлар ва яратиб берган имкониятлардан фойдаланган ҳолда, биргина март ойининг ўзида 55 нафар оила “Темир дафтар”дан, 607 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқаришга ҳамда “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги 778 нафар ёшлар бандлигини таъминлашга эришилди.
Сирасини айтганда, “Мурувват” МФЙда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари туфайли бир-биридан кўркам кўп қаватли бинолар қад ростлаяпти. Халқимизга хос яратувчанлик салоҳиятини намоён этаётган ушбу бунёдкорлик ишлари Бағдод тажрибаси сифатида Янги Ўзбекистон солномасида янги битиклар битмоқда.
Расулжон КАМОЛОВ,
Ботир ОМОНОВ
Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.