Қонун билан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божини тўлашдан озод этиш назарда тутиляпти.

Амалдаги “Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 8, 9 ва 10-моддаларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари – ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинган.

Бироқ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорларига нисбатан бериладиган шикоятлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат божини тўлашдан озод қилинмаган деган важлар билан юқори инстанция судлари томонидан қайтарилиши ҳолатлари юзага келяпти.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар ва маъмурий судларга даъво ариза, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилинганда давлат божидан озод қилиниши назарда тутиляпти.

Сенаторлар Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларига судларга мурожаат қилиш учун ажратилган давлат божи тўловидан тежалган маблағларни тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун йўналтиришга хизмат қилиши таъкидлади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.