Конференцияда 240 нафар Давлат бошқаруви академияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилояти давлат идоралари вакиллари, Корея Давлат бошқаруви институти, Ханнс-Зайдел жамғармасининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Халқаро конференцияни очиб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, профессор Адҳам Бекмуродов сўзга чиқди.
“Давлатимиз раҳбари томонидан марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш вазифаси қуйилган. Ўзбекистонда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар шундай тизимни яратишга қаратилган.
Ушбу мақсадга эришиш учун керакли кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласи муҳим ҳисобланади. Негаки давлат бошқаруви органларининг самарали фаолияти унда хизмат қилувчи кадрлар салоҳиятига боғлиқдир.
Янги Ўзбекистон учун инсон қадрини эъзозлайдиган, коррупцияга тоқатсиз, ихчам, профессионал ва самарали давлат бошқаруви учун янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш тизимини жорий этиш ҳамда давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқлари учун бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан трансформация қилиш талаб қилинади.
Мазкур конференция шу каби масалаларини муҳокама қилишга бағишланган. Конференция давомида Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат бошқаруви ходимлари салоҳиятини ошириш, давлат бошқаруви фаолияти ва давлат хизматчиларининг компетенцияларини баҳолаш, давлат хизматчиларининг коммуникативлиги ва етакчилигига оид билим ва тажрибалар тўғрисида мунозаралар олиб борамиз.
Муҳокамалар давомида истиқболли режалар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун қилинадиган тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди”, — дея таъкидлади А. Бекмуродов.
Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокими Б. Зарипов, Корея давлат бошқаруви институти президенти Сангхан Чве, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари О. Хасанов, Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг, Бухоро давлат университети ректори О. Хамидов сўзга чиқиб, ўтказилаётган ушбу халқаро конференциянинг аҳамияти ва ўрни ҳақида сўз юритди.
Конференция давомида Жанубий Корея ва Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш тажрибаси, Давлат хизматчиларининг коммуникативлиги ва етакчилиги, Давлат хизматчиларининг компетенцияларини баҳолаш ва салоҳиятини ривожлантириш учун малака ошириш дастури модели, раҳбар кадрларнинг етакчилик ҳамда бошқарув салоҳиятини янада ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари мавзусида муҳокама, дебат ва тақдимот ташкил этилди.
Давлат бошқаруви ходимларининг компетенцияларини ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашилди. Конференция давомида олинган назарий билимларга таянган ҳолда, давлат бошқаруви кадрлари салоҳиятини ривожлантиришнинг дастур лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида кўрилган истиқболли режалар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун қилинадиган тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Маълумот учун: Мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларга 1991 йил декабрь ойида асос солинган, Жанубий Корея Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган эди. Орадан бир ой ўтиб, яъни 1992 йил январида мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Жанубий Корея Республикалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларни янги босқичга кўтарилиб, барча соҳаларда истиқболли ишлар амалга оширилмоқда.
Корея Ўзбекистоннинг Осиё -Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо - иқтисодий шерикларидан биридир. Шу нуқтаи назардан ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш устувор вазифалардан ҳисобланади. Сўнги йилларда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ортиб, мамлакатимизда қарийб 1 мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Кореядан инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.
Кейинги беш йилда товар айланмаси икки баравар ошди. 2022 йилда товар айирбошлаш ҳажми 23,3 фоизга ўсди ва 2,34 миллиард долларни ташкил қилди. 2023 йилнинг етти ойи якунларига кўра Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги товар айланмаси 1,27 млрд долларни ташкил этган. 2025 йилга бориб мазкур кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида таълим тизимида ҳам ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Ҳозирда Жанубий Кореянинг етакчи университетлари хусусан, Инха, Аджу, Пучон ва Корея халқаро университетлари филиаллари Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.