Бугунги кунда Ўзбекистондаги жадал ислоҳотлар давлат бошқарувини такомиллаштиришни, унда сифат ўзгаришлари ясашни тақозо этмоқда. Бу вазифа давлат ва жамиятнинг тараққиётига туртки бўладиган омиллардан оқилона фойдаланиш, илғор мамлакатлар тажрибасида синалган ёндашувларни қўллашга ундайди. Эътиборлиси шундаки, давлат бошқарувидаги ўзгаришлар ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-маърифий соҳалар билан узвий боғлиқликда амалга оширилади. Шу нуқтаи назардан, давлат бошқаруви соҳасининг самарадорлигини ошириш учун ушбу уйғунликни илмий тадқиқотларда акс эттириш зарурати туғилади. Бунинг учун давлат бошқарувини мантиқан ўзаро боғлиқ тармоқларни ўз ичига қамраб олган, яхлит соҳа сифатида илмий тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса давлат бошқарувининг моҳияти ва ўзига хос жиҳатларини ўрганиш, шу асосда соҳага оид муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш имкониятини кенгайтиради.
Айни пайтда дунё миқёсида давлат бошқаруви ихтисослиги доирасида тадқиқотлар олиб бориш ва илмий даражалар бериш амалиёти Валден, Балтимор, Либерти, Дьюк университетлари (АҚШ), Плимут университети (Буюк Британия), Женева халқаро университети (Швейцария), Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси, Миллий тадқиқот университетининг Иқтисодиёт олий мактаби (Россия), Филиппин политехника университети, Беларусь Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув академияси, Украина Президенти ҳузуридаги Миллий бошқарув академияси, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида йўлга қўйилган.
АҚШ тажрибасида ушбу илмий йўналиш давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш, давлат бошқарувида қарорлар қабул қилиш, давлат ресурсларини самарали бошқариш, инсон капиталини ривожлантириш, барқарор иқтисодий ўсиш, рақамли давлат, самарали маҳаллий ва муниципал бошқарув каби йўналишларда илмий тадқиқотлар амалга оширишни назарда тутади. Мазкур масалалар доирасида изланиш олиб борган шахсларга Doctor of Public administration (DPA) — давлат бошқаруви фанлари доктори (ДБД) илмий даражаси берилади.
Буюк Британиянинг Плимут университети ва Швейцариянинг Женева халқаро университети ҳамкорлигида давлат бошқаруви ихтисослиги доирасида докторлик даражаси учун тайёрлаш дастури ишлаб чиқилган. Мазкур дастур икки босқичда амалга оширилиб, бошқарув кадрлари ва бўлғуси етакчиларни тайёрлашга йўналтирилган ҳамда таълим олувчиларнинг давлат бошқарувига оид билим ва кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Дастур доирасида илмий тадқиқотлар бевосита амалиёт билан боғлиқ ҳолда ўтказилади. Докторлик диссертациясида тадқиқотчи ўзи фаолият юритадиган ташкилотдаги муаммоларни илмий тадқиқ этиб, уларнинг ечими юзасидан лойиҳа ёки янги тартиб-таомиллар ишлаб чиқади.
Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясида 2019 йилда Doctor of Public administration (DPA) — давлат бошқаруви фанлари доктори (ДБД) ихтисослиги бўйича илмий таълим дастури йўлга қўйилган бўлиб, унинг доирасида давлат бошқарувининг замонавий муаммолари, қонун асосидаги бошқарув, давлатни стратегик бошқариш, шахсий бренд капиталллашуви ва сиёсий етакчилик, инсон капиталини ривожлантириш ва жамоатчилик назорати, давлат ва бизнес ҳамкорлиги каби масалалар ўрганилади.
Қозоғистон Республикасида ҳам бу йўналишда ислоҳотлар амалга оширилиб, “Давлат ва маҳаллий бошқарув” номли таълим дастури доирасида давлат бошқаруви фанлари доктори илмий даражасини бериш амалиёти жорий этилган. Ушбу дастурнинг мақсади давлат бошқаруви назариясини замонавий илмий тадқиқот методологияси асосида ўрганиб, инновацион лойиҳаларни бошқариш ва соҳада вужудга келадиган янги муаммоларни бартараф этиш салоҳиятига эга илмий-педагог кадрларни тайёрлашдан иборат.
Украинада эса давлат бошқаруви механизмлари ва давлат хизмати каби ихтисосликлар мавжуд. Давлат бошқаруви механизмлари ихтисослиги давлатнинг маъмурий ва ташкилий соҳалари, барча даражадаги давлат органларининг функциялари, таркиби, ваколатлари ва хусусиятларини назарий-методологик жиҳатдан тадқиқ этишни назарда тутса, давлат хизмати ихтисослиги доирасида давлат ва маҳаллий ҳокимиятдаги хизмат, давлат секторида инсон ресурсларини бошқариш, давлат ҳокимиятини амалга ошириш, юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш каби масалалар ўрганилади.
Давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар давлат бошқаруви ихтисослиги бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларни тизимли йўлга қўйиш заруратини юзага келтирмоқда. Давлат бошқаруви сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, фалсафий, социологик ва шу каби бошқа соҳаларнинг муҳим жиҳатларини ўз ичига қамраб олади. Давлат ва жамият ҳаётидаги муаммоларни айнан давлат бошқаруви призмаси орқали чуқур ва атрофлича тадқиқ этиш имконини беради. Давлат бошқаруви соҳасидаги муаммоларни яхлит бир ихтисослик доирасида чуқур ўрганиш ва ечимларини илмий асослаш давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Айни пайтда чуқур ва атрофлича илмий изланишлар билан чекланмай, давлат бошқаруви соҳасига ихтисослашган узлуксиз таълимни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Жаҳон тажрибасига назар солсак, кўплаб мамлакатларда (Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Россия, Беларусь, Қозоғистон) давлат бошқаруви соҳасида кадрларни тайёрлаш таълимнинг дастлабки босқичларидан бошланади. Умумий, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларидаги ўқитиш жараёнида бошқарув кадрлари тайёрланади. Ушбу “занжир”нинг охирги бўғинлари сифатида Doctor of Public administration (DPA) — давлат бошқаруви фанлари доктори (ДБД) ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим тизими йўлга қўйилган.
Ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишдек илғор стратегик мақсадларни ўз олдига қўйиб, янгиланаётган Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш борасида туб ислоҳотларни амалга ошириш, фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни тизимли йўлга қўйишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Янгича ёндашувнинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш узлуксиз таълим тизими доирасида босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Бошқарув кадрлари тайёрлаш жараёнининг бундай тизимга солиниши, энг аввало, давлат бошқаруви ихтисослиги бўйича илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини яратишни шарт қилиб қўяди. Чунки айнан шу соҳага ихтисослашган юқори малакали илмий-педагог кадрларни тайёрламай туриб, давлат бошқаруви йўналишида узлуксиз таълим тизимини жорий қилиш мантиқан нотўғри.
Юқорида билдирилган мулоҳаза ва таклифларни ҳаётга жорий этишнинг аҳамиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, янгиланаётган Ўзбекистонда давлат бошқаруви ҳамда давлат хизматини алоҳида ташкилий-ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий институт сифатида шакллантириш ва ривожлантириш жараёни мураккаб кечмоқда. Соҳада малакали кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар мамлакатнинг ривожланиш суръатларига сезиларли даражада салбий таъсир этмоқда. Бу ҳолат давлат бошқарувининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, тамойиллари ва функцияларининг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириб бориш тизимли йўлга қўйилмагани оқибатида юзага келди. Бу эса, ўз навбатида, бошқарув кадрларининг билим, кўникма ва компетенциялари замон талабларига жавоб бермаслигида намоён бўлади.
Иккинчидан, бугунги кунда Ўзбекистонда давлат бошқарувини номарказлаштириш билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш, ҳудудларни бошқаришни самарали ташкил этиш заруратини юзага келтиради. Бошқача айтганда, маҳаллий бошқарув тизимида шаклан ва мазмунан мутлақо янги ўзгаришларни амалга ошириш зарур. Шунинг учун ҳам давлат бошқаруви тизимининг ажралмас қисми сифатида маҳаллий бошқарувнинг назарий-методологик ва илмий-амалий жиҳатларини тадқиқ этишга йўналтирилган алоҳида тизимни жорий этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
Учинчидан, ҳозир Давлат бошқаруви академиясига давлат ва жамият бошқаруви соҳасида фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш вазифаси юклатилган бўлиб, ушбу муассасада давлат бошқарувининг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий ва социологик жиҳатларига доир илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Еттита ихтисослик бўйича олий таълимдан кейинги таълим институти мавжуд. Бироқ ушбу тажриба давлат бошқарувининг долзарб муаммоларига қаратилган илмий тадқиқотларни комплекс ҳамда тизимли амалга ошириш имконини бермайди.
Мамлакатимизда давлат бошқарувини замон талаблари асосида босқичма-босқич янгилаш жараёни кечмоқда. Давлат бошқарувини такомиллаштириш вазифаси эса қатор муаммоларнинг ҳал қилинишини талаб этади. Жумладан, давлат ва жамиятда юз бераётган ўзгаришлар бошқарув кадрлари тайёрлаш жараёнида сифат ўзгаришлари ясашни, аниқроғи, таълим босқичларидаги мавжуд узилишни бартараф этишни тақозо этади. Бундан ташқари, давлат бошқаруви йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотларни тизимга солиш мазкур йўналишда илмий мактаблар яратилишига, соҳа экспертлари, олим ва тадқиқотчиларининг кўпайишига туртки бўлади. Бу эса, ўз навбатида, давлат бошқаруви соҳасида юзага келаётган муаммоларнинг илмий ечимларини топишга хизмат қилади. Муҳими, бундай ёндашув давлат бошқаруви йўналишидаги илмий-тадқиқотларнинг ҳозирги амалиётдан илгариловчи табиат касб этишини таъминлайди.
Шу нуқтаи назардан хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасига таянган ҳолда Ўзбекистонда олий таълимдан кейинги таълим тизими учун давлат бошқаруви ихтисослигини жорий этиш ҳамда мазкур йўналишда босқичма-босқич фалсафа доктори ва фан доктори илмий даражаларини беришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Натижада давлат бошқаруви назарияси, методологияси ва тарихини чуқур ўрганиш, давлат ва маҳаллий бошқарувнинг ташкилий асосларини такомиллаштириш, давлат хизмати ва давлат секторида кадрлар сиёсатининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган тизимли илмий-тадқиқотларнинг кўпайиши ва жадаллашувига эришилади. Бу эса, давлат бошқаруви соҳасида амалиёт, илмий-тадқиқот ишлари ва таълим жараёнининг интеграциясини кучайтиришга хизмат қилади.
Боту АЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси проректори,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Нигора УМАРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири,
сиёсий фанлар номзоди, доцент