Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади. Умуминсоний демократик қадриятларни, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг роли ортиб бормоқда. Улар фаолияти жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир.

Қонунчиликка мувофиқ Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги ижтимоий шерикликнинг асосий объекти ҳисобланади.

Хусусан, “Ижтимоий шериклик тўғрисидаги Қонунда давлат органлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини уларнинг розилиги билан жалб этиш мумкинлиги, шунингдек, мазкур дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда манфаатдор нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан таклифларни йиғиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ижтимоий шериклик самарадорлигини холисона баҳолаш тизими борасида, ижтимоий шериклик амалиёти ривожланишида ижобий тенденцияларни қайд этган ҳолда тегишли ҳужжат ва материалларда одатда амалга оширилган ижтимоий лойиҳалар, олинган давлат грантлари ва ҳоказо кўрсаткичларнинг ўсиши билан боғлиқ рақамлардан фойдаланилади.

Бироқ жойларда ҳудудларни жадал ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар иши ҳамда давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдафуқаролик жамияти институтларининг иштирокиминимал даражада сақланиб қолаётганини кузатиш мумкин.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ўз молия ва пул-кредит тизимига эгалиги, Ўзбекистоннинг Давлат бюджети Республика бюджетидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетидан ва маҳаллий бюджетлардан иборатлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида Давлат бюджетини ва давлат қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилиши Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган.

Сўнгги йилларда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалдаги Конституцияни янада такомиллаштириш бўйича кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, 2021 йили Президент сайловолди учрашувларида сайловчилар томонидан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш масаласи кўтарилган эди. Сайловчиларимизнинг шу борадаги хоҳиш ва истакларини амалга ошириш учун Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлади. Қисқа даврда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 148-моддасида Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади”, деган қоида мустаҳкамланмоқда.

Конституцияга бюджетга оид алоҳида янги модданинг киритилиши ўз навбатида ҳудудлардагимуаммоларнинг ечими билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишда амалий ечим бўлади. Энг аввало, давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширлаётган ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби ҳам пайдо бўлди. Жорий этилган“ташаббусли бюджет” — аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг муайян бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиётиниўрнатди. Ушбу амалиёт орқали аҳоли учун жойлардаги муаммоларни бюджетга киритиш ва уларни тезлик билан ҳал қилиш имкони яратилди.

Мамлакатимизда “Инсон-жамият-давлат” тамойили асосида инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнидабюджет маблағлари катта аҳамиятга эга.Фуқароларнинг солиқлари асосидашакллантириладиган бюджет очиқ бўлса ва инсонлар бу жараёнда иштирок этса, уларни қийнаётган масалалар ҳам ўз ечимини топади. Конституцияга ушбу нормаларнинг киритилиши амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлардан далолат беради.

Конституцияга давлат бюджетини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш тамойилининг киритилиши яна бир бор фуқароларнинг ўзи шу жараёнда иштирок этиш имкониятининг яратилаётгани, маблағни тақсимлашда халқнинг ўзи иштирок этаётганидан ва бюджет устидан жамоатчилик назорати кучаяётганидан, яъни сарфланаётган пуллар устидан адолатли назорат ўрнатилишидан далолат беради.

Конституцияга киритилаётган мазкур ўзгартиришлар давлат бюджетини шакллантириш, уни даромад ва харажат қисмларини белгилаш, ижросини таъминлашда фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш, уларга бу жараёнда кенг ва фаол қатнашиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун тегишли ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар ва кафолатлар яратишга имкон беради.

Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги, бир сўз билан айтганда, лойиҳа том маънода халқКонституцияси бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Гулнора НОСИРХОДЖАЕВА,

Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, доценти,

Шомансур ШАЯКУБОВ,

Тошкент давлат юридик университети доценти