2017-2021 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган харажатлар қарийб 3 баробар ошди.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва ўзгартириш 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда 2018 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари 2017-2022 йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижалари бўйича ўтказган таҳлилга кўра, 2017-2021 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган харажатлар қарийб 3 баробар ошди. Агар харажатлар 2017 йилда 7330 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 21 047,8 миллиард сўмга етди. Шундай қилиб, 2021 йилда давлат бюджети харажатларидаги улуш 12,7 фоизни ташкил этди.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг умумий сони 2022 йилда 2017 йилдагига нисбатан 1,8 баробар ўсди ва 10 минг 547 тани ташкил этди.
2017 йилда хусусий тиббиёт муассасалари сони 4000 та эди, бугун эса уларнинг сони 7 минг 320 та. Уларнинг 5 минг 823 таси амбулатор, 1 минг 497 таси стационардир. Натижада кўрсатилаётган соғлиқни сақлаш хизматларининг умумий ҳажми 3,8 маротаба ошди.
Ушбу даврда аҳоли ўртасида янги касалланиш ҳолатлари камайган. Хусусан:
- сил касаллиги (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 44,9 нафардан 2022 йилда 35,9 нафаргача;
- гепатит Б (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 0,8 нафардан 2021 йилда 0,3 нафаргача;
- 2-тоифа қандли диабет (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 21,4 нафардан 2021 йилда 18,3 нафаргача.
Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 2017 йилдаги 73,7 ёшдан 2021 йилда 73,8 ёшга кўтарилиб, қуйидаги кўрсаткичлар яхшиланди:
- оналар ўлими коэффициенти (ҳар 100 000 тирик туғилган чақалоққа) 2017 йилдаги 21 нафардан 2021 йилда 14,4 нафаргача камайди;
- 5 ёшгача бўлган болалар ўлими коэффициенти 2017 йилдаги 15,4 нафардан 2021 йилда 12,3 нафаргача камайди;
- аҳоли ўртасида ўз жонига қасд қилиш туфайли ҳаётдан кўз юмиш кўрсаткичи (ҳар 100 000 кишига) 2017 йилдаги 7,5 нафардан 2021 йилда 6,4 нафаргача камайди.
Ўзбекистонда йил сайин жадал ривожланаётган тиббиёт туризмининг ривожланиши соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг сезиларли натижаси бўлди. Агар 2017 йилда Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келган сайёҳлар сони 28 минг 705 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 69 минг 984 нафарни ташкил этмоқда. Масалан, Самарқанд шаҳрида 8 та йирик меҳмонхонани ўз ичига олган йирик туристик кластер (курорт типидаги меҳмонхона) ташкил этилди. Улардан бири юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатадиган курорт типидаги меҳмонхона.
“2019-2025-йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси”да мамлакатимиз тиббиёт ташкилотларининг туризм салоҳиятини тубдан оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Шундай қилиб, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўртача умр кўриш давомийлигининг яхшиланиши, оналар ва болалар ўлимининг, шунингдек, аҳоли ўртасида янги касалланиш ҳолатларининг камайишига олиб келди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишҳ соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар ва тиббиёт туризмининг ривожланишига хизмат қилмоқда.