Унда қўмита аъзолари, Экспертлар гуруҳи вакиллари, тегишли вазирлик, идоралар раҳбар ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Сенатига киритилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йилнинг биринчи яримидаги ижроси юзасидан Молия вазирлиги мутасаддиларининг ахборотлари тингланди.

Жумладан, ҳисобот даврида республика иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсиб, ЯИМ ҳажми 318,5 триллион сўмни ташкил этган.

Иқтисодий ўсиш саноатда 8,5 фоизга, қурилишда 0,1 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 1,8 фоизга ҳамда хизматларда 8,0 фоизга таъминланган.

Инфляция даражаси йил бошидан 4,4 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 10,9 фоизни ташкил этган.

Давлат бюджети даромадлари 74,9 триллион сўмни, харажатлари эса 79 триллион 332 миллиард сўмни, бюджет тақчиллиги 4,4 триллион сўмни ташкил этиб, бу ЯИМга нисбатан 1,4 фоиз яъни белгиланган прогноз даражасида бажарилган.

Юзага келган 4,4 триллион сўм бюджет тақчиллиги халқаро молия институтларидан бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган маблағлар ҳисобидан қопланган.

Давлат бюджети харажатлари таркибида ижтимоий харажатлар 40,4 триллион сўмни ёки жами харажатларнинг 50,9 фоизини ташкил этган.

Маҳаллий бюджетлар даромадлари 16 560,0 миллиард сўмга ёки режага нисбатан 118,8 фоизга ижро этилиб, даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан қўшимча 2 625,0 миллиард сўм манба маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолган.

Маҳаллий бюджетлар харажатлари 28 051,9 миллиард сўмга ёки режага нисбатан 97,3 фоизга ижро этилган.

Ҳисобот даврида республика бюджетидан вилоятлар маҳаллий бюджетларга 5 триллион 921 миллиард сўм тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ажратиб берилган.

Мажлис иштирокчилари шунингдек Давлат бюджети ижроси жараёнидаги йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳам муҳокама қилди.

Булар, Давлат бюджетига солиқлардан қарздорлик йил бошига нисбатан 66,1 фоизга ошиб, 2 триллион 781 миллиард сўмни ташкил этган. Юқори ўсиш Тошкент шаҳри (3 баробар) ҳамда Қашқадарё вилоятида (60 фоиз) қайд этилган.

Маҳаллий бюджетларда солиқ қарздорлиги 2,8 триллион сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 1,1 триллион сўмга кўпайган.

Бюджетга ортиқча тўловлар йил бошига нисбатан 14,2 миллиард сўмга ортган бўлсада, юқорилигича қолиб 136,5 миллиард сўмни ташкил этган.

Давлат бюджети харажатларига йўналтирилган (81 триллион 875 миллиард сўм) маблағдан 6 триллион 543 миллиард сўми ўзлаштирилмасдан қолган.

Бюджет маблағларининг ўзлаштирилмаслиги ҳолатлари Халқ таълими (193 миллиард сўм), Сув хўжалиги (139 миллиард сўм), Соғлиқни сақлаш (138 миллиард сўм) вазирликларида юқорилигича қолган.

Шу билан бирга Президентнинг 2020 йил 30 декабрдаги 4938-сонли қарори билан тасдиқланган Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги вазирликлари ва Автомобиль йўллари қўмитасининг бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолияти самарадорлиги индикаторлари ижросини таъминлаш ва мониторинг қилиб бориш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган.

Ҳисобот даврида бюджет интизомини бузиш ҳолатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Мактабгача таълим вазирлиги тизимида 8,5 мартага, Халқ таълими тизимида 3 мартага ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2,9 мартага ортган.

Автомобиль йўллари қўмитасида 59,3 миллиард сўмлик, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида 24,1 миллиард сўмлик бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланишига йўл қўйилган.

Сирдарё, Андижон, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам йирик миқдорда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган.

Ҳисобот даврида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилган ҳолда 55 миллиард 251 миллион сўмлик шартнома ва юридик мажбуриятлар расмийлаштирилган. Шу билан бирга давлат харидларида корпоратив буюртмачиларнинг 1 397 таси (64 фоизи) махсус ахборот порталида иштирок этмаганлиги ҳолатлари ҳам аниқланган.

Мажлисда шунингдек фуқаролар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Бугунги кунда иқтисодий ночор корхоналар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий инқироз ҳолатидан олиб чиқиш, фаолиятни қайта тиклаш ҳамда соғломлаштириш масалаларида амалдаги қонунчилик нормалари ва мавжуд тартиблар етарлича самара бермаяпти.

Шунинг учун амалдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун ўрнига янги таҳрирдаги «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.

Энг аввало Қонун мазмунан кенгайтирилиб, «банкротлик» атамаси умумжаҳон тажрибаси талабларига мувофиқ «тўловга қобилиятсизлик» атамаси билан алмаштирилмоқда.

Қонун ишбилармонлик муҳити ҳамда Жаҳон банкининг ҳисоботидаги «Тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш» кўрсаткичини яхшилаш бўйича нормаларни ўз ичига олади.

Шунингдек, унга нафақат якка тартибдаги тадбиркор, балки умуман жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти ҳам киритилган.

Қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этиш ҳам белгиланмоқда.

Мол-мулки етмасдан қопланмай қолган қарз маблағларини қарздор мансабдор шахслар ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида банкротликка олиб келган шахслардан субсидиар ёки солидар тартибда ундириш талаблари киритилмоқда.

Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлик амалиёти жорий этилиб, қарзни бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилмоқда.

Юридик ёки жисмоний шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари, шу жумладан, фирибгарлик асосида қарздан озод этилишининг олдини олишга қаратилган талаблар ҳам белгиланмоқда.

Қонуннинг маъқулланиши билан тўловга қобилиятсизликни соғломлаштириш таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш чораларини қўллашга имконият яратилади.

Кўрилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.