Йиғилишни фракция раҳбари Актам Ҳаитов кириш сўзи билан очиб, охирги йилларда бу соҳани ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор сабабли эл-юртимиз ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарганини, жамиятда уларнинг обрўси ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бораётганини билдирди.

– Очиқ мулоқотда тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, субсидиялар олиш жараёнини осонлаштириш бўйича ҳам кўплаб кўрсатмалар берилди, — деди А.Ҳаитов. — Ўзбекистон тарихида тадбиркорлар учун бундай катта имкониятлар ва енгилликлар бўлмаган, улар бу даражада қўллаб-қувватланмаган. Бошқа масалаларда ҳам яқин истиқболда хусусий сектор вакилларига енгилликлар, имтиёзлар берилиши тадбиркорларга юқори кайфият бағишлади.

Йиғилишда тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш борасида белгилаб берилган вазифалар, улар ижросини таъминлашда ЎзЛиДеП олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Депутатлар ҳисоботдаги мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Давлат бюджетининг олти ойлик ижросини атрофлича ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида ушбу даврнинг мураккабликлари, қийинчиликларга қарамай барча соҳаларда изчил олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўз вақтида кўрилган тизимли чора-тадбирлар туфайли давлат бюджети ижросида намоён бўлгани таъкидланди.

Йиғилишда Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ҳамда Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан ўтказилаётган назорат тадбирларида молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйиш, бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар каби тизимли тарзда қонунбузилиш ҳолатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кескин ошганлиги танқид қилиниб, бу борада вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари жиддий ва кескин чора-тадбир кўриши лозимлиги қайд этилди.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳисобот даврида эришилган ижобий ишларни эътироф этган ҳолда, партия сайловолди платформасидан келиб чиқиб, давлат бюджети ижросига оид ҳисоботларни ҳар бир вазирлик ва идоралар харажатлари сарфини уларга қўйилган вазифалар ижроси билан боғлаган ҳолда кўриб чиқиш зарурлигини таъкидладилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди.