— Хабарингиз бор, куни кеча Президент бошчилигида 2021 йилги Давлат дастури ижросини ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев вилоят, шаҳар-туманлар ҳокимларига жуда катта вазифалар белгилаб берди. Хусусан, ҳар бир ишни «маҳаллабай» ташкил этиш, фуқароларнинг розилиги учун ишлаб чиқилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича бир қатор, жумладан, Наманган вилоятида 200 минг нафар ёшларимизни ер билан, Меҳрибонлик уйларини битирган 44 нафар йигит-қизларни эса уй билан таъминлаш, қолаверса, янги иш ўринларини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Биз туман, шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда оғир маҳаллаларни ажратиб олдик. 2021 йил Давлат дастуридан келиб чиқиб, ўша маҳаллалардаги ичимлик суви тушириш, йўлларни шағаллаш ва асфальтлаш каби масалаларни ечиш чора-тадбирлари кўрилади. «Маҳаллабай» ишлаш тизимида ҳар бир маҳалланинг паспортини яратиш, техник иқтисодий асосини ишлаб чиқиш, яъни ҳудуд аҳолисининг ёшлари ва аёллари, ишсизлари сонини аниқлаб, уларни меҳнат билан банд қилиш мумкин бўлган «ўсиш нуқтаси»ни танлаб олиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Албатта, жорий йил Давлат дастури ва кечаги мажлисда қайд этилган режалар юзасидан вилоят, туман, шаҳарларимиз миқёсида ўз дастурларимизни тасдиқлаб оламиз. Мониторинг гуруҳлари штаблари тузилиб, мазкур Дастурнинг ижросини сўзсиз бажариш мақсадида фаолият юритади. Бунинг учун Президентимиз барча молиявий манбаларни ҳам кўрсатиб ўтди.