Ўз ўрнида таъкидлаш керакки, давлат ижрочилари Ўзбекистон Республикаси Прокуратура органлари ходимларининг «Касб одобномаси» талаблари асосида фаолият олиб боришлари қатъий белгиланган. Бунда биринчи навбатда қонунийлик, фуқаролар билан хушмуомалалик билан хизмат олиб боришлари доимо назоратда.

Лекин айрим ҳолларда фуқароларимиз томонидан давлат ижрочиларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки уларга туҳмат қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Яқинда жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида давлат ижрочига туҳмат қилган фуқаронинг маъмурий иш атрофлича кўриб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро Х.Д. жорий йилнинг 5 март куни Мажбурий ижро бюроси Наманган туман бўлими давлат ижрочиси томонидан уяли телефон орқали ҳақорат қилгани, унинг хизмат хонасига келганда эса қўпол муомалада бўлгани, қулоғи ва бошига муштлаб урган дея кўрсатма беради. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган хизмат текшируви ва ўрганишларда юқорида келтирилган важлар умуман тасдиқланмагани аниқланди.

Фуқаро Х.Д.га нисбатан давлат ижрочисига туҳмат қилинган деб топилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддаси билан ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилади. Бўлиб ўтган суд жараёнида бу бўйича тўпланган ҳужжатлар атрофлича кўриб чиқилиб, тарафларнинг кўрсатмалари тингланди ва қарор қабул қилинди.

Фуқаро Х.Д. маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Игор Ходжимирзаев,

МИБ Наманган вилоят бошқармаси масъул ходими