Мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш энг асосий масала ҳисобланиб, охирги йилларда бу йўналишда изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Чунки давлат корхоналарини хусусийлаштириш иқтисодиёт ривожланишига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.
Инчинун, хусусийлаштириш — муҳим иқтисодий тадбирлардан бири бўлгани ҳолда, бу нафақат бюджетга тушумни таъминлайди, балки янги инвестиция лойиҳалари, иш ўринлари ва қўшилган қиймат учун пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янги Ўзбекистонда хусусийлаштириш масаласи иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгилангани боиси ҳам шунда.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 541 тани ташкил этади. 2021–2025 йилларда мазкур рақамни 75 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Шу боис, жорий ва келгуси йилда давлат улуши бўлган корхоналар сонини камида 3 баробар қисқартириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан соҳада бир қатор янгиликлар жорий этилган бўлса, 2021 йил 11 февралдаги фармони билан хусусийлаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш амалиёти йўлга қўйилди. Хусусан, хусусийлаштиришга профессионал ташкилотлар жалб этила бошланиб, давлат активининг бошланғич нархи сифатида унинг баҳоланган нархини мажбурий белгилаш талаби бекор қилинди.
Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилашга қаратилган ишлар натижада жорий йилнинг биринчи ярмида 478 та давлат мулки 1 триллион 100 миллиард сўмга сотилди. Сотилиши белгиланган 556 та мулкдан 288 таси савдоларга чиқарилмагани ҳамда давлат корхоналари ва банклар ихтиёрида уларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган 511 та объект ҳалигача сотилмасдан тургани ҳали бу йўналишда қилинадиган ишлар кўплигини англатади.
Давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни масалаларга тўхталилиб, хусусийлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш, аукционда қатнашиш тартибларини соддалаштириш ва иштирокчилар сонини кўпайтиришга қаратилган вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда жорий йилда 900 дан ортиқ давлат мулки сотувга қўйилиши, энди давлат мулкларини “1 сўм” қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилиниб, улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарилиши таъкидланди.
Айниқса, онлайн аукционда қатнашиш учун тўловлар бекор қилиниб, тадбиркорларга электрон рўйхатдан ўтиш харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қоплаб берилиши минг-минглаб тадбиркорларни хурсанд қилди, ниҳоятда мамнун этди. Бу борада аукционда мулкни сотиб олганда тўлов муддати ҳозирги 5 кундан 15 кунгача узайтирили тадбиркорлар ва бизнес вакиллари учун катта рағбат ва имконият бўлди.
Эндиликда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг бино-иншоотлари, транспорт воситаларини сотиш ва ижарага беришни фақат электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади. Мутасаддиларга ушбу янги тартибларни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳридаги 13 та йирик кўчмас мулк объекти ҳамда 11 та тармоқ корхоналаридаги давлат улушларини хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда сотувга чиқариш зарурлиги қайд этилар экан, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ваколатидаги 154 та бўш турган объектни бир ой муддатда савдога чиқариш вазифаси қўйилди. Бу эса жойларда тадбиркорликни кенг ривожланишига, ишлаб чиқариш кўламини ортиши ва экспорт ҳажмини ошишига замин яратади. Тадбиркорлик ривожланган жойда албатта, камбағалик қисқаради, одамлар даромад манбаига эга бўлади, юрт тараққий этади.
Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат корхоналари ҳамда банкларнинг асосий фаолиятга хос бўлмаган ва бўш турган объектларни тўлиқ қайтадан хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди ҳамда фаолият юритмаётган ёки зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва модернизация қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Сир эмаски, хусусийлаштириш солиқлар тушуми ортиши ва корхоналарнинг модернизация қилинишида ижобий натижа беради. Бу билан иқтисодиётдаги муҳим бўғин – хусусий сектор ривожланишига кенгроқ йўл очилади. Бугун хусусийлаштириш жараёнлари анча жадаллашгани, бу давлатнинг мазкур муаммоларга ечим топишга интилаётганидан далолат беради. Пировард мақсад ҳам қаровсиз ҳолда бўлган бино ва иншоотлар негизида замонавий, рақобатбардош маҳсулотларни тайёрловчи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиб, қўшимча иш ўринларини яратишдир.
Хулоса ўрнида айтганда, фаолияти самарасиз кечаётган корхоналарнинг ишбилармон инсонларга сотилишидан тадбиркор ҳам, жамият ҳам фойда кўради. Хусусийлаштириш жараёнини очиқ-ошкора амалга оширилиши туфайли хорижий сармоядорларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортиб, жойларда тадбиркорлик жадал ривожланади. Шу нуқтаи назардан, бу жараённи ҳалол, шаффоф, адолатли ўтиши устидан биз депутатлар парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз зарур.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари