«Очиқ мулоқот» - бу Ўзбекистоннинг ҳар бир тадбиркорига ўз фаолиятида дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш ва у ёки бу соҳани, ҳамда умуман мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини янада яхшилаш бўйича таклифлар киритиш учун имкониятдир. Мурожаат ва таклифлар тингланади ва марказлаштирилган комплекс қарорлар қабул қилишда ҳисобга олинади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Очиқ мулоқот»га тайёргарлик кўриш доирасида бир қатор ишлар олиб борилди.

Тадбиркорларнинг мурожаатлари ва таклифларини жамлаш учун Республика штаби ва Колл-марказ ташкил этилди. Ҳаммаси бўлиб, Штаб фаолияти давомида индивидуал ва тизимли характердаги 12 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушди. Ҳар бир мурожаат тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўрганилди, натижада муаммоли масалаларнинг қарийб 75 фоизи ҳал қилинди. Қолган масалалар бўйича масъул раҳбарларга манзилли топшириқлар берилди, уларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назорат ўрнатилди.

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан «Очиқ мулоқот» арафасида вазирлик раҳбарияти томонидан тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри учрашувлар ўтказиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, саноат салоҳиятини ўрганиш ва фойдаланилмаган ресурслар ва имкониятларни ишга солиш асосида ҳудудларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида вилоятларга бир қатор хизмат сафарлар ташкил этилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хорижий инвесторлар ва ишбилармонлар учун шароит яратишга бағишланган «Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги» Форуми бўлиб ўтди. Тадбиркорларнинг мурожаатларининг таҳлили асосида энг долзарб масалалар аниқланди ва Форумнинг панель мунозаралари алоҳида мавзуларга бағишланди. Тадбир онлайн тарзда ўтказилиб, Ўзбекистоннинг барча соҳаларидаги тадбиркорларнинг унда иштирок этишига имкон яратилди.

Айни пайтда пойтахт Конгресс марказида мамлакат раҳбари иштирокида Президентимизнинг тадбиркорлар куни муносабати билан имзоланган тегишли қарорига мувофиқ мамлакатимиз тадбиркорлари гуруҳига юқори давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтяпти, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.