Шу боис, сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда ижтимоий ҳаётга татбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият қурилишини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Президентиvbpнинг «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилингани бу борадаги ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир. Фармонга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.
Бухоро давлат университетида шаҳар–туманлар ҳокимликлари билан видеоселектор тарзида, вилоят халқ хўжалигининг иқтисодиёт, ижтимоиёт, таълим ва тиббиёт, қурилиш, муҳандислик–коммуникация тармоқлари, қишлоқ хўжалиги агросаноат мажмуига тааллуқли ташкилот ва муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам ана шу долзарб масала муҳокама қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил ахборот бердилар. Шу билан бирга, давлат ҳокимияти бошқарув органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида дуч келинаётган қийинчилик ва муаммолар, хусусан, жойларда мансабдор масъуллар иштироки билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар ечими хусусида фикр алмашилиб, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, улардаги секторлар раҳбарлари зиммасидаги масъулият ҳисси яна бир бор эслатиб ўтилди.
Таъкидланганидек, эндиликда юқоридаги фармон туфайли барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати доимий равишда сайтларида эълон қилиб борилади. Фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бажаришини таъминловчи яхлит тизим ишга туширилади.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган муҳокамада шунингдек, “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ўрнини мустаҳкамлаш, унинг аҳамиятини янада ошириш ҳамда самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, шу қаторда, давлат ҳокимияти бошқарув идоралари фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида коррупцион ҳолатларнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш самарадорлиги хусусида тўхталиб ўтилди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.