Давлат аҳолининг ҳуқуқий онгини оширишга ҳаракат қилар экан, ўзи ҳам шу талабларга қараб ўзгариши, фаолиятини яхшилаши ҳамда жамиятнинг талаби ошишига ва бу талабни қондиришга тайёр туриши керак. Бунда, албатта, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш биринчи ўринда туради.

Ўтган даврда қабул қилинган қонун ҳужжатлари, улар юзасидан тушунтириш материалларини аҳоли ва ижрочиларга етказишда амалга оширилган кенг кўламли ишларга қарамай, бугунги кунда давлат хизматчилари орасида, шу жумладан ҳокимлар фаолиятида ҳуқуқни менсимаслик ҳолатлари мавжуд.

Жумладан, 2020 йилда маъмурий судлар томонидан маъмурий органларнинг 5,7 мингта қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган бўлса,
3,4 мингта ҳолатда мансабдор шахсларнинг ҳаракати ноқонуний деб топилган. Шунингдек, қонунлар ижроси устидан назорат давомида киритилган протестлар асосида маъмурий органларнинг 4,5 мингта қонунга зид ҳужжатлари бекор қилиниб, 5,3 мингтаси қонунчиликка мувофиқлаштирилган.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш, улар ўз фаолиятини амалга оширишида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самалари таъминлашига эришиш мақсадида жорий йилнинг 13 мартида “Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси минимал талаблар асосида оширилади ва тест асосида баҳоланади.

Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигига қўйиладиган минимал талабларда асосий эътибор давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун зарур бўлган қонунчилик нормаларини билиш ва қўллай олиш кўникмасига эга бўлишга қаратилган.

Даставвал, Адлия вазирлиги томонидан ўқув машғулотларини ўтказиш учун ўқув дастури, материаллар ва тест саволлари базаси шакллантирилади ҳамда давлат ташкилотлари ходимларини ўқитиш ишлари ташкил қилинади.

Ўқитиш якунлари бўйича баҳолаш Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули – махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Адлия вазирлиги томонидан баҳолаш натижалари асосида юқори натижа қайд этган давлат ташкилотларининг ижобий тажрибаларини бошқа ташкилотлар фаолиятига ҳам жорий этиш ва паст кўрсаткич сабабларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатмалар берилади.

Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий билимини ошириш орқали давлат идоралари ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши даражаси оширилади, шунингдек давлат ташкилотларида қонун ҳужжатлари бўйича ижро интизоми мустаҳкамланади.

А. Абдушерозов,

Адлия вазирлиги масъул ходими