Аслида ҳам келгуси беш йилда юртимиз аҳолисини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгиланган.

Бунда эса  Президентимизнинг 2021 йилнинг 28 июлда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5199-сон қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Унга кўра,  тизимда бир қатор ўзгаришлар юз бермоқда. Улардан бири — давлат тиббий суғуртаси механизмларини кенг жорий этган ҳолда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини кенг кўламда рағбатлантиришдир. Бу билан  аҳолига давлат томонидан кўрсатиладиган кафолатли бепул тиббий ёрдам билан бирга, сифатли ва арзон тиббий хизматлардан фойдаланиш учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда.

Хабарингиз бор, юртимизда давлат тиббий суғуртаси механизмлари Сирдарё вилоятида  тажриба - синов тарзида  жорий этилмоқда. Шу билан бир вақтнинг ўзида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга тиббий хизматларни йўлга қўйиш мақсадида 14 та республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан ҳам шартнома асосида  ҳамкорликни йўлга қўйди.

Кардиология, кардиохирургия, травматология ва ортопедия, акушерлик ва гинекология ҳамда офтальмология илмий-амалий тиббиёт марказлари шулар сирасидандир.

Шунингдек, оғир беморларнинг пойтахтга келиб, вақт ва маблағ сарфлашининг олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги 52 та муассаса билан ҳам шартномалар тузилди.

Аҳолига кўрсатиладиган юқори технологик тиббий ёрдам кўлами ва сифатини янада ошириш мақсадида хусусий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик чоралари кўрилди. Шунинг учун яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида аҳолига юқори технологик тиббий хизмат кўрсатадиган хусусий клиникалар фаолияти ўрганилди, мониторинглар ўтказилди.

Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлининг тавсиясига кўра Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Dr Boboev jarrohlik markazi” билан илк ҳамкорлик шартномаси тузилди. Албатта, келгусида бу каби ҳамкорлик шартномалари ҳар бир вилоят миқёсида тузилиши мўлжалланмоқда.

Энди имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббий хизматлардан фойдаланиш учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномаси мавжуд давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотлари орасидан ўзига маъқулини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлди. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари кўрсатадиган тиббий хизматлар учун қўйиладиган талаблар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Бунда нодавлат тиббиёт ташкилотлари имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга тиббий хизматларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тузиладиган шартнома асосида базавий нархлардан келиб чиқиб белгилайди.

                                               Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси

матбуот хизмати