Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамкорликда ташкил этган конференцияда Сирдарё вилоят, туман ҳокимликлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари ва тиббиёт муассасалари ходимлари иштирок этди. 

Конференцияда Сирдарё вилоятида олиб борилаётган тажриба-синов хулосалари, халқаро тажриба ва кутилаётган натижалар, юртимизда амалга оширилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами, соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва бошқаришни баҳолаш ҳамда Сирдарё вилоятида эришилган ютуқлар кенг муҳокама қилинади.

Қайд этиш керакки, Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели — давлат тиббий суғуртаси тизими билан боғлиқ тажриба-синов ишлари 2021 йилнинг 1 июлдан жорий этилган.

Бунда эса  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  муҳим аҳамият касб этмоқда.

Инсон манфаатлари  улуғланадиган юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотда энг аввало  аҳоли эҳтиёжлари ҳисобга олинади. Хорижлик экспертлар ҳам айнан аҳолининг тиббий хизматлардан фойдаланишда нималарга эҳтиёжи борлигини ва  ана шу талабнинг ижобий ҳал қилиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида келган эди.

Давлат тиббий суғуртаси  механизмларини жорий этишда бирламчи тиббий муассасасига эътибор қаратилган бўлиб, энг биринчи ўзгариш-оилавий поликлиникаларда тиббий бригадалар ташкил этишда кўринди.

Конференция жараёнида экспертлар Гулистон шаҳридаги 3, 4 оилавий поликлиникаларда,  Янгиер шаҳар ва Боёвут туманидаги тиббиёт бирлашмаларида бўлиб, тиббий бригадаларнинг вакиллари билан суҳбатлашди.

Улар вилоятда жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси механизмларидан аҳоли қанчалик мамнун, тиббий ходимларнинг ўзлари бу янгиликлардан қанчалик хабардор, самардорликни янада ошириш  жарёнида қандай тўсиқлар бўлаётгани билан қизиқишди.

— Биз тиббий бригадалар фаолияти билан қизиққанимизда уларнинг маҳаллалар билан ҳамкорлик қилаётгани, ҳар бир мижозга тиббий хизмат кўрсатишда унинг эҳтиёжлари  ҳисобга олинганига гувоҳ бўлдик, — дейди эксперт Арнольдас Юргутис. — Бригадаларда ҳар бир бемор  учун индувидал режа ишлаб чиқилгани тиббий хизматлар самарадорлигини янада оширади. Бажарилган ҳар бир ишнинг самарадорлигини баҳолаш керак. Бунинг эса ўзига хос кўрсаткичлари  бўлади. Ана шу баҳолаш кўрсаткичларини янада мукаммал ишлаб чиқиш борасида таклифлар бердик.

Конференцияда тажриба-синов лойиҳасида эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар кенг муҳокама қилинди. ЖССТ экспертлари  Сирдарё тажрибасининг оилавий шифокор ва ҳамширалар кўрсатаётган тиббий ёрдам самарадорлигини ошириш, ахборотлаштириш ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш юзасидан тавсиялар беришди.