Ушбу қонун лойиҳаси аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Унинг 3-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили миллий қадрият сифатида эътироф этилган бўлса, 5-моддасида давлат тилини Ўзбекистон Республикасининг маданий мероси сифатида тарғиб этилиши белгилаб қўйилган.
Бу тушунчалар аввалги қонунда кўрсатилмаган. Қонун лойиҳасининг 8-моддасида давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилига оид давлат сиёсати ва уни ривожлантириш соҳасидаги ваколатларининг белгилаб қўйилганлиги давлат органлари ва ташкилотларига бир қатор ваколатлар бериш билан бирга қатор вазифаларни ҳам юклайди.
Қонун лойиҳасининг 11-моддасида давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ўзининг хизмат ва профессионал вазифаларини бажариши учун давлат тилини билишлари шартлиги белгилаб қўйилган, шу билан бирга давлат органлари ва ташкилотлари касб, мутахассислик, лавозим вазифаларини бажариш учун давлат тилини билмайдиган ўз ходимларига давлат тилини ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериши ҳам кўрсатиб ўтилган.
Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан давлат тили, имлога оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари – миллий тилимизни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлардир. Айниқса, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Давлат тилига эътибор тил сиёсати даражасига кўтарилишига қарамай, айрим ҳолларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси етарлича таъминланмаётганлигини гувоҳи бўламиз. Бунга, аввало, она тилимизга бўлган эътиборсизлигимиз, бепарволигимиз, кўриб кўрмасликка олишимиз сабаб бўлмоқда.
Ҳар куни ишхонага бориб-келишда ёки кундалик юмушлари билан кўчага чиқамиз. Катта-кичик бинолар пештоқи, йўл чеккаларига бетартиб ўрнатилган, ачинарлиси, аксарияти ўзбек тилида эмас, бошқа тилларда ёзилган ёзувлар таъбни хира қилади. Бирор юмуш билан давлат ташкилотлари, корхоналарга кирамиз, бу ерда ҳам баъзи маълумотларни, ҳужжатларни бошқа тилларда эканлигини кўрамиз.
Баъзан битта пешлавҳада икки хил алифбо – кирилл ва лотин ёзувини аралаш қўлланганини учратамиз. Лекин ҳеч биримиз нега бу ёзувлар давлат тилида эмас, нега имло хатоликлар билан ёзилган демаймиз. Ахир, тил – маънавият кўзгуси. Уни софлигини сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи лозимку.
Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири А.Қирғизбоев kun.uz сайтига берган интервьюсида, бир ярим йил давомида 35 мингта ҳолат ўрганилган бўлса, 70 фоизи хорижий тилларда, яна 10 мингга яқин эълон ва пешлавҳалар эса давлат тилида, аммо хато билан ёзилганлигини, 30 мингга яқин эълон ва пешлавҳалар давлат тилига ўзгартирилганлигини таъкидлайди.
Давлат тилига оид масалалар билан нафақат Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, балки барчамиз масъул бўлмоғимиз лозим. Айни масалада Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан фаол чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Бу борадаги муҳим қадамлардан бири Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш бўлди.
Амалдаги қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилиши белгиланган эди. Аммо, бу Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига мувофиқлаштирилмаганлиги сабабли кўплаб муаммолар ва реклама берувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Реклама тўғрисидаги қонунинг янги лойиҳасида эса реклама тилига батафсил тўхталиб ўтилган.
Яъни Ўзбекистон ҳудудида реклама ўзбек тилида тарқатилиши ва реклама мазмунининг таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Реклама мазмунининг таржимаси унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги, шунингдек, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасида теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламалар, босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламаларнинг бошқа тиллардаги таржимаси белгиланган меъёрлар асосида тартибга келтирилиши кўзда тутилмоқда.
Бунда хорижий тажрибаларга асосланиб, энг муҳими, мамлакатда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини оширишга эътибор қаратилган. Шунинг учун ҳам Реклама тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда 90 фоиздан ортиқ овоз билан қабул қилинди.
“Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасида нафақат тил масаласи, балки маънавиятимизга оид нормалар ҳам ўз аксини топмоқда. Яъни, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилмоқда ва янги нормалар киритилмоқда.
Қўмита ходимлари вилоятлар ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ишчи гуруҳлар таркибида жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдалар. Шунингдек, тадбиркорларга ташқи реклама матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги, турли хил ажнабий номлар маънавиятимизга ва менталитетимизга тўғри келмаслиги тўғрисида тушунчалар бериб келмоқда.
Илм-фан, техника шиддат билан ривожланаётган даврда тилимиз софлигини сақлаш, жойларга ном танлашда маънавиятимиз ва менталитетимизга хос, асосийси ўзбекча номлар танлаш, турли соҳалар орқали тилимизга кириб келаётган янги атамаларни ўзбекча муқобилларини яратиш долзарб вазифалардан.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, ижтимоий ҳаётимизда давлат тили, маънавий қадриятларимиз билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ишига барчамиз бирдек масъулдирмиз.
Гўзал ҚОДИРОВА,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг маслаҳатчиси