Жаҳон бозорларида рақобатнинг кескинлашуви, технологик тараққиётнинг жадаллашуви, табиий ресурслар чеклангани ҳамда инсон капиталига бўлган талабнинг ортиши анъанавий иқтисодий ўсиш моделларининг самарадорлигига таъсир қилмоқда. Бундай шароитда барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш давлат сиёсати ва бозор механизмлари ўртасидаги оқилона мувозанатга боғлиқ экани тобора яққол намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиётини технологик ва инновацион ривожланиш моделига ўтказиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб берилди. Ушбу ҳужжат стратегик аҳамиятга эга бўлиб, иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштиришга қаратилган ёндашувни акс эттиради.
Бугунги кунда жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фақат хомашё экспортига таянган иқтисодий модель узоқ муддатли барқарорликни таъминлай олмайди. Аксинча, юқори қўшилган қиймат ярата оладиган, инновация ва технологияларга асосланган иқтисодиётлар рақобатда устунликка эга бўлмоқда. Шу маънода, Ўзбекистонда энергия тежамкор, юқори технологияли саноат тармоқларини ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати иқтисодий ўсиш билан бир қаторда ресурслардан оқилона фойдаланишни ҳам кўзда тутади.
Янги Ўзбекистонда инвестиция алоҳида ва муҳим ўрин тутади. Давлат инвестицияларни нафақат молиявий ресурс, балки замонавий технологиялар, билим ва бошқарув тажрибасини жалб этиш воситаси сифатида баҳоламоқда. Шу боис, хорижий инвестицияларни жалб қилишда уларнинг миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини оширишга, экспорт салоҳиятини кенгайтиришга ва маҳаллий кадрлар тайёрлашга қўшадиган ҳиссаси асосий мезон сифатида қаралмоқда.
Бу жараёнда давлат бозор муносабатларининг тўғридан-тўғри иштирокчиси эмас, балки ҳуқуқий, институционал ва инфратузилмавий шароит яратувчи субъект сифатида намоён бўлади. Ер муносабатларини бозор тамойиллари асосида тартибга солиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, электрон давлат хизматларини жорий этиш каби чоралар давлат бошқарувининг бозор иқтисодиётига мослашган шаклини ифодалайди.
Эркин иқтисодий зоналарни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш орқали мамлакатни глобал ишлаб чиқариш занжирларига интеграция қилиш мақсади кўзланмоқда. Бунда давлатнинг асосий вазифаси – инвесторлар учун ҳуқуқий барқарорлик ва кафолатларни таъминлаш, қонунчиликнинг шаффоф ва прогноз қилиниши мумкин бўлишини таъминлашдан иборат.
Иқтисодий бошқарув тизимини қайта кўриб чиқиш, соҳавий бошқарув органлари фаолиятини замонавий талабларга мослаштириш эса давлатнинг ўзини ислоҳ қилишга бўлган тайёрлигини кўрсатади. Бу ҳолат бозор иқтисодиётининг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади.
Саноатни рақамлаштириш, илмий, ҳуқуқий ва иқтисодий ечимларни жорий этиш, робототехника ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Бу борада давлат халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш, технология ва билимлар трансферини рағбатлантириш орқали катализатор вазифасини бажаради, бозордаги самарадорлик эса эркин рақобат орқали шаклланади.
Рақамли иқтисодиёт, стартаплар ва инновацион экотизимни ривожлантириш давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишидир. Венчур молиялаштириш механизмларини жорий этиш, финтех ва сунъий интеллект соҳаларида махсус институтларни шакллантириш орқали янги бозор сегментлари вужудга келмоқда. Таълим муассасалари, ёшлар ва хусусий сектор ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик эса инновацион иқтисодиётнинг ижтимоий пойдеворини мустаҳкамлайди.
Илм-фан ва юқори технологияларга инвестиция киритиш давлатнинг узоқ муддатли стратегик манфаатларига хизмат қилади. Сунъий интеллект, маълумотлар марказлари, юқори ҳисоблаш қувватига эга тизимлар, шунингдек, космик тадқиқотларга оид ташаббуслар миллий иқтисодиётни янги технологик поғонага олиб чиқишга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, янги иқтисодий сиёсатнинг моҳияти давлат ва бозор ўртасидаги оқилона мувозанатни таъминлашдан иборат. Давлат стратегик йўналишларни белгилайди, ҳуқуқий ва институционал асосларни яратади, ижтимоий адолатни кафолатлайди. Бозор эса рақобат, инновация ва самарадорлик орқали иқтисодий ўсишни таъминлайди. Айнан шу мувозанат Янги Ўзбекистоннинг барқарор ва рақобатбардош тараққиётининг ҳуқуқий-иқтисодий пойдеворини белгилаб беради.
Бахромжон Топилдиев,
Тошкент давлат юридик университети,
“Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессори