А.Тожиев 1947 йил 12 апрелда Тўрткўл туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти (ҳозирги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети)ни муҳандис-механик мутахассислиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини 1968 йил Тўрткўл туманидаги Ал-Хоразмий номидаги жамоа хўжалигининг техника хавфсизлиги муҳандиси сифатида бошлади. Кейинчалик Тўрткўл, Эликқалъа, Амударё туманларида раҳбарлик лавозимларида ишлади.

Катта ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган А.Тожиев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, қишлоқ хўжалиги вазири, Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси давлат агросаноат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари каби масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилди.

А.Тожиев ўзининг 50 йилдан зиёд меҳнат фаолияти давомида Оролбўйи минтақасидаги мураккаб шароитда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилма тармоқларини яратиш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш бўйича кўплаб ишларни амалга оширди.

Хусусан, сув танқислигини бартараф этиш мақсадида “Туямўйин – Нукус – Тахтакўпир” суғориш тармоғи ва кўплаб ижтимоий ва маданий объектларни барпо этишда жонбозлик кўрсатди.

У нафақага чиққанидан кейин ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, экологик муҳитни яхшилаш, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боришга қаратилган лойиҳаларни рўёбга чиқариш, кекса авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга ўзининг бой ҳаётий билим ва тажрибасини бахш этди.

А.Тожиевнинг мамлакатимизни тараққий эттириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган механизатор” фахрий унвони билан мукофотланган эди.

Таниқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, самимий ва камтарин инсон Амин Ҳамроевич Тожиевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, А.Оринбаев, Ф.Эрмонов, С.Турдиев