Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи, 1988 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармасдан, қайта жиноятга қўл урган.

У ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими дея таништириб, 1997 й.т. маҳаллий фуқарони давлат хавфсизлик органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 2024 йилнинг сентябрь ойидан 2025 йилнинг июнь ойига қадар турли баҳоналар билан алдаб жами 30 минг АҚШ доллари ва 510 миллион сўм пул маблағларини олган.

Бундан ташқари, мазкур фуқаронинг қариндошини Қуролли Кучлар академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, ҳозирга қадар 4 минг АҚШ доллари олган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда у 10 минг АҚШ доллари ҳисобидан яна 2 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи, 1961 й.т. шахс ўзганинг ишончига кириб, уни Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 7 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.