Ахборот алмашинуви тезкорлиги, сўз эркинлиги ва жамоатчилик фикри эътиборга олиниши, оммалашиши ҳамда бу соҳадаги рейтинглар эълон қилиниб борилиши ҳам у ёки бу соҳа ривожига, имижига бевосита таъсири кўрсатмоқда. Замонавий жамиятда давлат хизматчисининг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан алоқалари ривожланиши, бу муносабатларни тартибга солишга оид қонунчиликни такомиллаштиришни, умуман мазкур масалага алоҳида эътибор беришни талаб этади.
Хориж тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, шунингдек Европа Иттифоқи давлатларида жамоатчилик орасида ўтказилган сўровларга кўра, давлат хизматчилари имижи деярли бир хил стереотип, яъни бюрократлар сифатида баҳоланади. Давлат идоралари ахборот хизматларининг бу йўналишдаги вазифалари муҳим. Улар нафақат идора ёки ташкилот имижи, балки тизимда фаолият юритаётган ҳар бир давлат хизматчисининг имижини шакллантиришга, улар жамоатчилик билан алоқаларини тўғри йўлга қўйишига ёрдам бериши лозим. Албатта, давлат хизматчиларининг оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари билан муносабатларини тартибга солишга оид меъёрларнинг қонунчилик ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилиши давлат хизматчиларининг ҳам, жамоатчилик вакилларининг ҳам масъулиятини оширади.
Юртимизда соҳага оид 10 га яқин қонун ҳужжати қабул қилинган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори алоҳида аҳамиятга эга. Қарор билан давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланди ва улар давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини белгилайди. Аҳамиятлиси, ушбу қоидаларда илк бор давлат хизматчисининг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларига оид одоб-ахлоқ қоидалари белгиланди. Унга мувофиқ, давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини ОАВда ёритишга кўмаклашиши керак.
Давлат сиёсати ёки давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги оммавий баёнотлар давлат органлари ва ташкилотлари раҳбари ёки мазкур йўналиш бўйича ваколатли мансабдор шахс томонидан амалга оширилади. Шунингдек, қоидаларда оммавий баёнот берилиши мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам аниқ кўрсатиб ўтилди. Хусусан, оммавий баёнот матни ва мазмуни давлат сиёсати ёки давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор бўлмаса, оммавий баёнотда келтириладиган ахборотлар давлат сирлари билан боғлиқ бўлса, оммавий баёнот бошқа давлат органлари ва ташкилотлари нуфузини пасайтириш ёки уларнинг мансабдор шахсларини камситишга йўналтирилган бўлса, оммавий баёнот берилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланди. Албатта, давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши керак. Бу билан ташкилот фаолиятининг очиқлиги таъминланади ҳамда турли шаклдаги ёлғон, нохолис ва ишончсиз ахборотлар жамоатчилик орасида тарқалишининг олди олинади.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига давлат органларининг, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар киради. Давлат органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифалари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминлаш ташкилотнинг ахборот хизматига юклатилади. Ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, ахборот хабарларини тарқатиш, шунингдек, давлат органларининг расмий веб-сайтида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан давлат органлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради. Мисол учун, Германия тажрибасига назар солсак, мамлакатнинг ахборот эркинлиги тўғрисидаги қонунига кўра, давлат органлари ОАВ ва фуқароларга ташкилот фаолияти ҳақида маълумот беришга ҳамда сўралган тақдирда расмий ҳужжатларни тақдим этишга мажбур. Идора ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари ҳам худди биздаги каби барча ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги ахборотлар мониторингини амалга оширади, пресс-релиз ёзади, матбуот анжуманлари ва брифингларга тайёргарлик кўради, мураккаб мавзуларни аҳолига тушунарли тарзда етказишга ҳаракат қилади.
Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларига мувофиқ, давлат хизматида жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида жамоатчилик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига оид айблов ёки танқид билдирилган тақдирда, давлат органлари ва ташкилотлари унга нисбатан билдирилган айблов ёки танқидга оммавий изоҳ ёки раддия бериши лозим. Агар оммавий баёнотда фуқаролар шаъни ҳамда қадр-қимматини камситадиган иборалар бўлса, давлат хизматчиси ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини тан олиши ҳамда шаъни, қадр-қимматига ва ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқародан, агар қонун ҳужжатларида бошқа оқибатлар назарда тутилмаган бўлса, кечирим сўраши шарт. Ташкилот фаолияти билан боғлиқ масалалар, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган муаммолар юзасидан оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари давлат органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров юбориши мумкин. Давлат органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади. Сўровни кўриб чиқиш давлат органлари ваколатларига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилинади.
Расмий нашрларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ёхуд расмий веб-сайтларга жойлаштирилган ахборот сўралганда давлат органлари ахборот эълон қилинган расмий нашрнинг, оммавий ахборот воситасининг номи, чиқарилиш санаси ҳамда рақамини ёки сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилини кўрсатган ҳолда ҳавола бериши мумкин. Сўров рад этилганда ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан давлат органларининг жамоатчиликка ахборот бериш тизими мустаҳкамланган. Унга кўра давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартгача ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартгача уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар бериши, 1 апрелгача ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши лозим. Фармон билан давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб борадиган маълумотлар рўйхати тасдиқланган. Давлат идоралари фаолияти, давлат хизматчилари томонидан амалга оширилаётган муҳим лойиҳалар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш билан бир қаторда, жамоатчилик фикрини мунтазам равишда ўрганиш ва мониторинг қилиш муҳим. Бу эса, давлат хизматчиларининг жамоатчилик орасидаги имижини аниқлаш, келгусида жамоатчилик билан алоқалар жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишларни, жиҳатларни белгилаб олиш ҳамда кўриладиган чора-тадбирлар натижасида давлат хизматчиларининг имижини оширишга кўмаклашади.
Давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари қанчалик фаол ва замон талабларига мувофиқ ишламасин, давлат хизматчилари ўзлари онгли равишда масала моҳиятини англамагунча, зарур имижни шакллантириб бўлмайди. Бунинг учун эса давлат хизматчилари орасида мунтазам равишда медиасаводхонлик ҳамда имижиология каби йўналишлардаги билим ва кўникмаларини нафақат таълим муассасаларида, шу билан бирга шахсий ривожлантириш режалари асосида ошириб бориш таклиф этилади. Бу эса, комплекс, ҳар томонлама ўйланган ҳамда экспертлар фикри асосида ишлаб чиқилган ёндашувни талаб этади.
Хулоса қилиб айтганда, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан алоқага киришишда ҳар бир давлат фуқаролик хизматчиси учун аниқ қоидалар мавжуд. Одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматчисида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган ҳатти-ҳаракатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Севара Зокирова,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори