Сўнгги йилларда юртимизда кечаётган кенг қамровли изчил ислоҳотлар, очиқлик ва шаффофлик сиёсати натижасида халқимизнинг ҳуқуқий ва сиёсий онги ўсди. Шу жараёнда давлат хизматига бўлган талаб ҳам тобора ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, тараққиётнинг асосий локомотиви бўлган давлат хизматчиларидан катта масъулият талаб этади.
Бугунги одамлар кечаги одамлар эмас, халқимиз жамиятда рўй бераётган ҳар қандай масалага ўзини дахлдор сезади, ислоҳотларнинг амалдаги натижасига баҳо беради. Табиийки, бу жараёнда, аввало, давлат хизматчилари фаолияти муҳим ўрин тутади. Зеро, унинг фаолияти кўплаб соҳалардаги ислоҳотларни халқимиз онги шуурига етказишда кўзгудир.
Шу вақтгача давлат хизматчисининг ишдан ташқари вақтдаги хулқ-атворини тартибга солувчи, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид талаблар, одоб-ахлоқи қоидаларини назорат қилиш ва давлат хизматчиларини ҳимоялаш каби умумий одоб-ахлоқ қоидалари белгиланмаган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 октябрдаги қарори билан давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқи намунавий қоидалари тасдиқлангани юқорида санаб ўтилган барча муносабатларни ҳал этишга ҳуқуқий ечим бўлди.
Мазкур қоидалар давлат фуқаролик хизматчилари касбий маданиятини, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда ҳам одоб-ахлоқини, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини белгилаб берди.
Одоб-ахлоқ қоидаларида учта асосий мақсад кўзда тутилган. Биринчиси – давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш орқали халқимизни рози қилиш, иккинчиси – жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш, учинчиси – давлат хизматчилари ахлоққа зид хатти-ҳаракатлар содир этишининг олдини олиш.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилдаги қарори билан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларидан фарқли ўлароқ, янги намунавий одоб-ахлоқ қоидаларида қатор йўналишлардаги одоб-ахлоқ мезонлари белгиланди. Касбий маданият, хизматдан ташқари, хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниш ва кийиниш услубига, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга доир одоб-ахлоқ қоидалари шулар жумласидандир.
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга доир одоб-ахлоқ қоидаларига алоҳида тўхталиш лозим. Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли барча соҳаларга очиқлик сиёсати кириб борди. Бу давлат органлари ва ОАВ вакиллари ўртасидаги мулоқот жараёнларида ўз аксини топмоқда.
Шунга кўра, одоб-ахлоқ қоидаларида жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи нормалар белгиланган. Давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти оммавий ахборот воситаларида ёритилишига кўмаклашиши кераклиги каби фундаментал қоидалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, давлат хизматчилари билан оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликнинг чегаралари ҳам очиқ кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, ушбу намунавий одоб-ахлоқ қоидаларида янги механизмлар ўрин олди. Булар давлат хизматчисининг манфаатларини ҳимоялаш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганларга жавобгарлик белгилаш каби механизмлардир.
Бунгача давлат хизматчиларининг хизмат вазифасини бажариш билан боғлиқ юзага келадиган таҳдид, ҳақорат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас эди.
Мазкур обод-ахлоқ қоидалари тасдиқланиши билан давлат хизматчиларининг хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ таҳдид, ҳақорат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимояланишнинг ҳуқуқий ечими бўлди. Энди давлат хизматчиларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш давлат органи раҳбарининг мажбурияти сифатида белгиланди.
Янги тартиб бўйича одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилувчи масъул субъектлар аниқ кўрсатиб берилди. Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини ташкилотнинг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ёки одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек, махсус ваколатли давлат органи назорат қилиб боради.
Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилишда ташкилотнинг одоб-ахлоқ комиссияси муҳим роль ўйнайди. Янги тартиб бўйича ҳар бир ташкилотда давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, уларнинг ахлоқ нормаларига зид хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ва бу қоидаларига риоя этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш учун комиссия тузилади.
Комиссия умумий беш нафардан кам бўлмаган ҳолда тажрибали, меҳнат жамоасида обрў-эътиборга сазовор давлат хизматчиларидан иборат таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича хизмат текширувлари ташкилот раҳбари кўрсатмасига мувофиқ комиссия томонидан ўтказилиши холисликни таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишини назорат қилишда махсус ваколатли орган этиб белгиланди. Ушбу норма “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Давлат хизматчилари одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаса, уларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлиги белгиланди. Яъни одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмагани учун давлат хизматчисига нисбатан уч хил жавобгарлик белгиланди.
Биринчиси ахлоқий таъсир чоралари бўлиб, унга огоҳлантириш, узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш киритилган.
Иккинчиси интизомий таъсир чоралари бўлиб, амалдаги меҳнат қонунчилигида назарда тутилган чоралар кўриш назарда тутилган.
Учинчиси, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши уларни қонунга мувофиқ бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Фикримизга хулоса қилишдан аввал бир пурмаъно ҳикматни келтириб ўтишни жоиз топдик: Ахлоқ шундай ойнаки, унда инсоннинг ташқи қиёфасигина эмас, балки ички дунёси ҳам кўзга ташланиб туради.
Демак, инсон нафақат ташқи кўриниши, балки хулқи ҳам гўзал, маънавий жиҳатдан ҳар томонлама етук бўлсагина ўзига, оиласига ва бутун жамиятга кўпроқ наф келтиради. Айниқса, давлат хизматчиси хизмат фаолияти давомида ҳам, ишдан ташқари вақтда ҳам хулқ-атвори, ташқи кўриниши ҳамда сўзлашув одоби билан ўзгаларга ўрнак ва шахсий намуна бўлиши айни муддао. Шундагина халқимизни рози қиладиган халқчил давлат хизматини шакллантиришга, бу борада олдимизга қўйилган барча эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришга эришамиз.
Шоҳрўз АЗИМОВ,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
бош инспектори