Бу тизимнинг асоси, Ўзбекистон Республидаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналари бўлди.
Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг таҳлили давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида расмиятчилик, оворагарчилик, сансалорлик, коррупция ва бошқа муаммолар кўплигини кўрсатди.
Амалдаги тартибга мувофиқ, «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш имкониятидан фақатгина тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкинлиги сабабли, фуқароларимиз давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича қатор сансалорликларни енгиб ўтишга мажбур бўлаётган эди.

Ушбу муаммолар халқимизнинг давлат органлари фаолиятидан мутлақо қаноатланмаслик даражасини кескин оширганлиги, афсуски, айни ҳақиқат.
Мазкур тизимли муаммоларга чек қўйиш, аҳолининг қимматли вақти маълумотнома сўраб турли идоралар кетидан қувишга кетишининг олдини олиш, бунда “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилни амалда рўёбга чиқариш ва энг муҳими, халқимизнинг давлат органлари ва улар томонидан кўрсатиладиган хизматларга бўлган ишончини қозониш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5278-сон Фармони ва Ўзбекистон Республика Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3430-сон Қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ташкил этилди.
Ҳеч шубҳасиз таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа давр мобайнида ушбу тузилма нафақат тадбиркорларга, балки бутун халқимизга тезкор ва сифатли хизматларни кўрсатувчи ишончли идорага айланиб улгурди.

Бугунги кунда давлат хизматларини сидқидилдан амалга ошириб келаётган ушбу Давлат хизматлари агентлиги 3 ёшга тўлди.
Давлат хизматлари маркази шаффоф ва қулай хизмати, тезкор давлат хизмати кўрсатиши ҳамда тадбиркорларга кўплаб қулайликлар яратилганлиги, қоғозбозлик, оворагарчиликларга чек қўйилганлиги сабабли, бу тизим қисқа вақт давомида халқ орасида тез тилга тушди.
Яшнобод тумани Давлат хизматлари маркази томонидан 2019 йилда 90 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2020 йилнинг ҳозирги кунига келиб 148 тага етди.
Босқичма-босқич давлат хизматларини жорий этиб борилиши, таббийки давлат хизматларини сони ҳам ошиб борди.

Яшнобод тумани “Ягона дарча” маркази орқали 2017 йилда 120 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, “Ягона дарча” марказлари Давлат хизматлари агентлигига ўзгартирилганидан сўнг ва хизмат турлари кенгайганлиги ҳисобига, 2018 йил давомида фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган давлат хизматлари сони қарийб 4 млн. тани ташкил этди.
Бу кўрсатгич, яъни кўрсатилган давлат хизматлари йилдан-йилга ошиб борди. Жумладан, 2019 йилда Яшнобод тумани давлат хизматлари маркази томонидан 60846 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2020 йилнинг 11 ойи давомида 75451 та давлат хизматлари кўрсатилди.
Шу вақтга қадар давлат хизматларини кўрсатишда биринчи навбатда ваколатли органлар ўзаро интеграция қилиниб, давлат хизматларини кўрсатишда онлайн тарзда ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйилганлиги айниқса, бу йилги пандемия даврида аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда жуда қўл келди.
Бундан ташқари, давлат хизматларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz)да онлайн олиш учун электрон рақамли имзо калитларини онлайн олиш имкониятлари яратилди. Бу жисмоний ва юридик шахслардан уй ёки иш жойидан чиқамаган ҳолда давлат хизматларини олиш тизими яратилди.
Бу ўз ўрнида Давлат хизматлари марказларини жорий этилганлиги нақадар тўғри бўлганлигини англатади.
Келгусида давлат хизматларини такомиллаштириб борилиши, талаб этиладиган ҳужжатлар сонини камайтирилиб борилиши, ижро муддатларини қисқартирилиши шунингдек, айрим турдаги рухсат берувчи хусусиятга эга бўлган рухсатномалар ва лицензияларни бекор қилиниб бориши, айниқса замонавий биноларда давлат хизматларини кўрсатилиши аҳоли учун нақадар қулай ташкилотга айланиб боришини кўришимиз мумкин.
Шу ўринда барча Давлат хизматлари агентлиги ходимларини Агентликнинг 3 йиллиги билан чин қалбимиздан табриклаймиз. Аҳолига сидқиллик билан хизмат кўрсатишларида улкан зафарлар тилайммиз. Халқимиз ривожи йўлида тинмай хизмат кўрсатиб, аҳоли олқишлари ва дуосини олишларига тилакдошмиз.