Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги фармони билан “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланган эди. Ушбу стратегияга мувофиқ, 2020-2022 йилларда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари амалга оширилмоқда. Жумладан, тармоқлар бўйича 443 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, бугунги кунгача 194 таси татбиқ этилди. Бугун ҳудудларда дастурдаги 1 минг 643 та лойиҳадан 1 минг 172 таси жорий қилинди.

Давлатимиз раҳбари рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирларига оид тақдимотда, электрон хизматларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ахборот технологиялари изчил ривожлантирилиб, аҳолига яна кенгроқ қулайликлар яратилмоқда. Юртимизда айни пайтда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 253 хил хизматлар кўрсатилаётган бўлса, жорий йилда уларни яна 60 тага кўпайтириш, 50 дан ортиқ хизматларни соддалаштириш мўлжалланган.

Сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида рақамли иқтисодиёт соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 7 триллион 200 миллиард сўмни, компьютер дастурлаш хизматлари экспорти  17 миллион 500 минг долларни ташкил этган.

Аҳамиятлиси, кўрсатилаётган хизматлар сансалорлик, бюрократия ва коррупцияни камайтириб, вақт ва маблағларни тежаш, унумдорликни оширишга хизмат қилмоқда.

Лекин, рақамли технологиялар кун сайин ўзгараётгани, бу борада янги-янги имкониятлар очилмоқда. Тақдимотда қайд этилганидек, рақамли иқтисодиёт хизматларини 16 триллион сўмга, компьютер дастурлари экспортини 40 миллион долларга етказиш мумкин.

Республикамизда давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий, ўзига хос замонавий ва қулай тизими пайдо бўлди.  Фуқаролари учун кенг кўламли қулайликлар яратиш жараёнида қоғозбозлик ва ортиқча талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати сезиларли қисқарди. 

Гап шу ҳақда борар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш борасида Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) ташкил этилгани, ўтган вақт мобайнида агентлик фаолияти такомиллашиб, хизматлар кўрсатиш қамрови кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Бугун давлат хизматлари ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Мисол учун, ота-оналар фарзанди туғилгани ҳақида гувоҳнома, турли маълумотномалар олиш, ўғил-қизларини боғчага, мактабга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қатор ҳужжатлар олиш каби заруратларга дуч келади. Президентимизнинг тарихий аҳамиятга эга 10 та энг муҳим ташаббусидан бири ҳам айнан ана шу жараёнларни бир жойда – Давлат хизматлари марказида амалга ошириш имконини берди.

Бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил 12 декабрда давлат хизматлари миллий тизимини ислоҳ қилишдан бошланди. Янги давлат тузилмасига бюрократиянинг олдини олиш, фуқароларнинг давлат органларига ишончи ва умидини оқлашдек муҳим вазифалар юклатилди.

Ўтган давр мобайнида соҳада қандай ислоҳотлар амалга оширилди, халқимиз оғирини енгил қилиш, турли бюрократик тўсиқлар, ортиқча қоғозбозлик, оворагарчиликларнинг олдини олиш йўлида нималар ўзгарди? Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек МУҲАММАДИЕВ шу ҳақда батафсил сўзлаб берди.

Қулай, тежамкор ва замонавий

– Ўтган қисқа вақтда Давлат хизматлари марказлари тез, қулай ва сифат тамойилларига асосланган энг зарур давлат хизматлари олиш мумкин бўлган ягона манзилга айланди, – дейди У.Муҳаммадиев. – Айни пайтда ҳудудларда 207 та Давлат хизматлари марказлари фаолият юритмоқда. Аҳоли фикрини ўрганиш амалиёти орқали кўрсатилаётган хизматлар сони йилдан-йилга ортмоқда.

Хусусан, 2018 йилгача бўлган даврда Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали фақат тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугунги кунда улар сони 157 тага етди. 2017 йилдан буён жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат хизматлари кўрсатиш бўйича 30 миллиондан ортиқ мурожаатлари қабул қилинди.

Кейинги йилларда айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бериш тартиби, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган бир қатор маълумотномалар бекор қилинди, маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш муддатлари сезиларли равишда қисқарди.

Давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, маънан эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш мақсадида Президентимиз жорий йил 23 март куни “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан давлат ҳокимияти органлари аҳолидан 18 турдаги маълумотнома ва ҳужжатларни талаб қилмайдиган бўлди. Эндиликда ФҲДЁ соҳасида тегишли далолатномаларни қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилмоқда.

Мониторинг маълумотларига кўра, 2020 йил давомида фуқаролар юқоридаги 18 турдаги маълумотнома-ҳужжатларни олиш учун турли идораларга жами 1,5 миллиондан ортиқ мурожаат қилган. Мазкур ҳужжатларни олиш учун белгиланган тўловларнинг миқдори ҳисобланганда қарийб 20 миллиард сўмни ташкил этган. Янги тизим билан ҳар йили аҳолининг шунча маблағи ўзида қоладиган бўлди.

Тадбиркорлар манфаати кўзланган тизим

ДХА тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда ваколатли орган ҳисобланади. Шу боис, бизнинг фаолиятда тадбиркорликни рўйхатдан ўтказишни имкон қадар соддалаштириш, ортиқча ҳужжатлар ва сансалорликнинг олдини олишга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралади. Авваллари тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш учун кўп вақт ва ортиқча харажатлар талаб этилиб, турли идоралар эшиги олдида сарғайиб туришга тўғри келган бўлса, ҳозир бу юмушни бир-неча дақиқада, биргина Давлат хизматлари марказига келган ҳолда ёки масофадан туриб my.gov.uz сайти орқали ҳам амалга ошириш мумкин.

Эндиликда ДХА юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳам ягона ваколатли орган ҳисобланади. Давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ДХМ томонидан амалга оширилади.

Идентификация жараёни соддалаштирилади

Маълумки, бугунги кунда банкка, солиқ идорасига ёки бошқа ташкилотга борилганда шахснинг идентификация рақами, шахс билан боғлиқ кўплаб маълумотлар талаб қилинади. Демак фуқароларимиз бу рақамни тасдиқловчи ҳужжатларни доим ёнида олиб юриши, талаб этилганда тақдим этиши керак. Агар тадбиркорнинг бу турдаги ҳужжати ёнида бўлса яхши, лекин хизмат сафари ёки бирон юмуш билан бошқа вилоятда бўлса, овора бўлиши тайин.

Бунинг олдини олиш ҳамда жисмоний шахснинг идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланиши, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритиш тақиқланиши Президентимизнинг юқоридаги фармони билан мустаҳкамланди.

Қолаверса, 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация – ID-карталари беришда фуқарони бир вақтнинг ўзида давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳамда жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйишни йўлга қўйиш вазифаси юклатилган.

Ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди

Бугунга келиб давлат хизматларидан фойдаланишда аҳолидан талаб этилган 200 га яқин ҳужжат 86 тага, хизмат кўрсатиш муддати эса 499 кундан 271 кунга қисқартирилди. Таҳлилларга кўра, давлат идоралари томонидан айрим турдаги ҳужжатлар талаб қилиниши фуқароларнинг ортиқча маблағ, вақт сарфлашига, оворагарчиликларга сабаб бўлган.

2020 йилда руҳий ва наркологик касаллик ҳақида 500 мингдан ортиқ маълумотнома берилган, бунинг учун аҳолининг 2,5 миллиард сўм маблағи ўзлаштирилган. Энди бу борада ҳам қулайлик яратилмоқда. 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан бундай турдаги ҳужжатларни талаб қилиши бекор қилинди.

Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида, бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда қайд этилган ҳужжат ва маълумотларни керакли ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан, “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Давлат хизматлари кўрсатишда илк бор экстерриториал тамойили ҳамда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда банк ҳисобрақамларини очиш механизми йўлга қўйилиб, муҳр ва штамплардан фойдаланиш мажбурияти бекор қилинди.

Натижада Жаҳон банки эълон қилган “Бизнесни юритиш-2020” рейтингининг ДХА масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон 190 давлат орасида 8-ўринни эгаллади. Ўзбекистон ўз тарихида илк бор топ-10 таликка кирди.

2021 йилда ДХА Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича “ISO 37001:2016” халқаро стандарт сертификатини қўлга киритди. Бу агентлик томонидан давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлат хизматлари ҳар бир хонадонда

ДХА биринчилардан бўлиб халқимизга сайёр хизматлар кўрсатишни йўлга қўйди.

Дам олиш кунлари ДХМ ходимлари махсус жиҳозланган транспортларда бориш қийин бўлган, чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли олдига бориб зарур ҳужжатларни тақдим этмоқда. Шу кунгача мақбул, қулай ва шаффоф услублардан фойдаланган ҳолда мамлакат бўйича 700 мингдан ортиқ шундай сайёр хизматлар кўрсатилди.

Туман марказидан узоқда (100–300 км) жойлашган ҳудудларда, шунингдек, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб ДХМ филиаллари фаолияти йўлга қўйилди.  Бугунги кунда улар 120 дан, кўрсатилган хизматлар сони эса 200 мингдан ошди.

Шу билан бирга аҳоли гавжум бўлган ва жамоат жойларида интерактив инфокиосклар орқали ўзига-ўзи хизмат қилиш тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бугунги кунда ДХА масъуллари ушбу йўналишда хориж амалиётини ўрганиб, таҳлил қилмоқда. 2021 йил сентябрь ойидан ушбу амалиёт кенг жорий этилади.

ФҲДЁ соҳасида “ҳужжатлар ҳаракатланмоқда”

ДХМларнинг асосий вазифалари қаторида фуқароларнинг давлат идоралари вакиллари билан алоқасини имкон даражада камайтирадиган тизимни яратиш. Буларни амалга оширишнинг бош мезони эса – давлат идораларининг архив ҳужжатларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида зарур бўлган маълумотларнинг электрон тизимларини ташкил этишдан иборат.

ДХА рақамлаштириш ишларини ФҲДЁ органларидан бошлади. Бунинг учун махсус рақамлаштириш ускуналари ишга солинди. Натижада, бугунги кунда никоҳ тузиш, никоҳни бекор қилиш, туғилиш ва ўлим тўғрисидаги ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 миллион архив маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилди.

Шу билан бирга, араб ва эски лотин алифбосида қайд қилинган ҳамда яроқсиз ҳолатга келган далолатнома ёзувлари “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига киритилиши якунига етказилмоқда.

Бундан ташқари, 16 ёшга етмаган ва биометрик паспорти бўлмаган 20 миллиондан ортиқ шахсга “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамлари бириктирилиши натижасида ариза берувчининг оила аъзолари таркибини аниқлаш функцияси жорий этилди. 

Фарзанд туғилганини расмийлаштириш учун ФҲДЁ органларида композит (бирлаштирилган) хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилгани ҳам навбатдаги қулайликдир. Яъни, туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, бир марталик нафақа пулини тайинлаш ҳамда мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Композит давлат хизматлари кўрсатилишининг йўлга қўйилиши билан талаб қилинадиган 15 дан ортиқ ҳужжат қисқариб, 4 та идорага боришга чек қўйилди. Ушбу хизмат ишга туширилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлсада, бугунги кунга қадар 876 минг 270 дан ортиқ фуқаро ушбу қулайликдан фойдаланишга улгурди.

Давлат хизматлари соҳасидаги инновациялар

Давлат хизматларини масофадан олиш янада қулай бўлиши учун ДХА тизимида электрон рақамли имзони онлайн олиш имкони яратилди.

Тадбиркорлик соҳасида ҳам қатор жараёнлар соддалаштирилди. Масалан, эндиликда тадбиркорлар фаолиятини рўйхатдан ўтказиб, ўша заҳоти
30 та тижорат банкда ҳисобрақам очиш имконига эга. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда, ходимларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш,  шунингдек, электрон рақамли имзо олиш ҳам мумкин бўлади.

Давлат хизмати учун тўлов қилишдаги муаммоларни бартараф этиш учун марказларда pay.davxizmat.uz электрон тўлов тизими орқали нақд пул қабул қилиш механизми жорий этилгани ҳам тизимдаги муҳим янгиликлардан биридир. Тўланган пул маблағлари ҳақидаги маълумот мурожаатчининг телефон рақамига смс-хабар тарзида юборилади.

2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб айрим туман (шаҳар) ДХМда синов тариқасида “surdo-online” планшетлари ишга туширилди. Бу планшетлар интернетга уланган бўлиб, бевосита онлайн тарзда эшитиши ва гапиришида нуқсони бор шахслар билан тўлақонли мулоқотни таъминлайди.

Республика бўйича барча ДХМларни реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имконини берувчи “Ситуацион марказ” ишга туширилди.

Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва маҳаллий бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси грант маблағлари ҳисобидан “Лицензия” ахборот тизими ишга туширилди. Тизим ёрдамида бизнесни юритиш учун зарур бўлган лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби соддалаштирилди.

Қарши ва Бухоро тажрибаси

Қарши шаҳар ва Бухоро тажрибаси асосида, “марказ – маҳалла – фуқаро” тамойили бўйича давлат хизматларининг ҳар бир оилага кириб бориши таъминланмоқда. Бу жараёда аҳолига хизматларни масофадан кўрсатиш мақсадида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тарғибот ишлари ташкил қилиниб, электрон давлат хизматидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Шу билан бирга, хизматлар қамрови ва тезкорлигини оширишда ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам бор. Масалан, зарур маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмагани сабабли атиги 11 фоиз хизматлар электрон шаклда кўрсатилмоқда. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали 30 турда хизмат кўрсатиш мумкин, холос. Ундан атиги 11 таси интерактив хизматлар. Электрон идентификация тизими ҳамда электрон рақамли имзо билан ишлаш яхши оммалашмаган.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишни янада ривожлантириш бўйича Президентимиз белгилаб берган йўналиш ва кўрсатмаларнинг биринчиси, бу – кўрсатилаётган хизматлар сифатини таъминлаш. Яъни, биз тизимда сифатни таъминлаш орқали ҳар бир фуқарога коррупциясиз, тез ва шаффоф хизмат кўрсатиш, уларнинг муаммоларини қисқа вақт ҳамда қулай усулда ҳал этишга эришишиз керак. Бу нафақат шаҳарлар, балки туман, қишлоқларда амалга оширилади. Шаҳардаги стандартлар республиканинг ҳамма нуқталарида бирдек ишлаши лозим.

Иккинчи йўналиш, бу – тизимни рақамлаштириш. Айниқса, бугунги ривожланган даврда мазкур соҳа келажагини рақамли иқтисодиётсиз тасаввур этиш қийин. Бунда аввало, шу вақтгача қоғозда мавжуд бўлган ҳужжатларни электрон тизимга ўтказиш орқали кейинги босқичга йўл оламиз.

Ҳозирги пайтда мобил иловалар ривожланяпти. Бундай қулайликларни давлат хизматлари кўрсатиш тизимига ҳам жорий этиш замон талаби. Одамлар давлат билан бўладиган ҳар бир масала, муносабатини уйида ўтирган ҳолда, замонавий технологиялар орқали ҳал эта олиши керак. Биз аста-секин бунга эришяпмиз. Оддий мисол, ФҲДЁ тизимидаги 60 миллионта архив ҳужжатларини рақамлаштириш якунланди. 2021 йил 1 январдан барча давлат органлари мана шу тизимдан фойдаланишни бошлади. Бунинг натижасида 660 мингта одамнинг мурожаати ташкилотга келмасдан туриб, тезкор ҳал бўлди. Кўплаб давлат органлари бир-бири билан ана шундай интеграция асосида хизматларни кўрсатишни бошлади. Бу эса аҳолининг камида 8 миллиард сўми иқтисод қилинишига замин яратди.

Эътибор қаратишимиз зарур бўлган яна бир йўналиш, бу – эҳтиёжни тўғри прогнозлаштира олиш имкониятидир. Бу ҳозирдан фуқаролар орасида эртага қандай эҳтиёжлар шаклланади, уларни қийнаётган асосий муаммолар нималардан иборат эканини таҳлиллар асосида ўрганишимиз зарурлигини англатади.

Бугун аҳоли орасида “сервис давлат” деган янги тушунчалар юзага келяпти. Яъни, фуқароларга хизмат кўрсатиш функцияси биринчи ўринга чиқяпти. Сўнгги йилларда аввал мавжуд бўлмаган “қайта алоқа” тизимини жорий қилдик. Бу нима дегани? Бир неча йил олдин давлат хизматлари марказларига мурожаат қилган фуқаро бир қанча вақтдан кейин ёзма ёки оғзаки равишда жавоб оларди. Ҳозир эса мурожаатчига ижтимоий тармоқдаги “телеграм бот” орқали қисқа вақтда автоматик тарзда қайта алоқага чиқилади. Фуқаро талабига кўра, хизматлар жойлардаги операторларимиз томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин. Қайта алоқага чиқилгач, тегишли мутахассислар билан биргаликда мурожаатчи муаммосига ечим топилади.

Галдаги вазифа ғоялар акселератори тизимини жорий қилиш, давлат хизматлари реестридан жой олган 700 дан ортиқ хизмат турларини кўриб чиқиб, қайсиларини аҳолига тезроқ етказиш керак, деган саволларга ечим топиш ҳамда бу ишларни илмий таҳлиллар асосида амалга оширишдан иборат.