Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси туман, шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан ортда қолган 4 ой давомида 3130 та сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шулардан 86 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган.
Наманган туман давлат хизматлари маркази ходимлари «Маҳаллабай», «Хонадонбай» тушунтириш-тарғибот тадбирларини амалга ошириш билан бирга, маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли мурожаатларини ўрганиб, тегишли тартибда ҳал этишга ҳам кўмаклашмоқда.
Бу гал туманнинг «Шўрқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди. Яқинда мазкур маҳаллага янги сув тармоғи тортилиб, аҳолини ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилгани муносабати билан улардан мурожаат келиб тушганди. Марказ ходимлари фуқароларнинг узоғини яқин қилишди.
Шу куни «Сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш» ва «Сувни ҳисобга олиш приборини пломбалаш, сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш хизматларини кўрсатиш бўйича шартномани тузиш» давлат хизмати бўйича 40 нафар фуқарога сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Аҳолига енгилликлар яратиш мақсадидаги бу каби тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида олиб борилмоқда.
Орифжон Жўраев,
"Янги Ўзбекистон" мухбири