Афсуски, бизнинг мамлакатимизда ҳам буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилда Республикада буйрак етишмовчилиги касаллиги билан оғриган беморлар сони 3000 нафарга яқинни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу рақамлар 15% га ошган. Демакки, бу соҳага замонавий технологияларни жалб қилишни тақозо этади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Гемодиализ — буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган хаста инсонлар учун буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, у беморнинг умрини узайтиришга хизмат қилади.
– Юртимизда гемодиализ хизматларига бўлган талабнинг юқорилигини инобатга олиб, тиббиёт соҳасига хусусий секторни жалб қилиш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш Агентлиги бош мутахассиси Санжар Жумаев. – Бунга мисол тариқасида 2021 йил январь ойида соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ҳиндистоннинг Nephroplus компанияси ўртасида Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 9,8 миллион АҚШ доллари бўлган, жами 1100 нафар беморга гемодиализ хизматини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилиш бўйича битим имзоланди. Ушбу давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун тендер ғолиби Nephroplus (Ҳиндистон) компанияси томонидан Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистон Республикасида биттадан, Хоразм вилоятида иккита янги замонавий Гемодиализ маркази халқаро стандартларга мос равишда қурилиб 2022 йилнинг февраль ойида ишга туширилади. Марказлар Nephroplus компанияси томонидан 10 йил мобайнида давлат-хусусий шериклик асосида бошқарилади. Шартнома муддати тугаганидан кейин (10 йилдан кейин) 4 та Гемодиализ маркази соғлиқни сақлаш вазирлигига барча жиҳозлари билан бепул топширилади.
Ушбу лойиҳа доирасида Гемодиализ марказларига 252 та Германия ва Японияда ишлаб чиқарилган янги диализ асбоб-ускуналари ўрнатилади ва 2022 йилнинг биринчи чорагидан иш фаолиятини бошлайди.
Мазкур Марказларда Республикада биринчи маротаба янги технологиялар асосида беморларга перитонеал диализ хизмати кўрсатилади ва барча беморлар бепул дори-дармонлар билан таъминланади. Шунингдек, бир маротабалик диализаторларни ишлатиш орқали 1100 нафар беморга йилига 144 та сеансдан жами 158 400 та сеанс диализ хизматлари кўрсатилади.
Гемодиализ марказларида замонавий бошқарув ва информацион технологиялар жорий этилиб, электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйилади ва 200 нафар маҳаллий кадрлар янги иш ўринлари билан таъминланади.
Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Республикада 1100 та беморга бир марталик диализатор қўллаган ҳолда гемодиализ хизмати кўрсатилади. Ҳар бир беморга йилига 144 сеансдан кам бўлмаган диализ ўтказилади.
(Маълумот ўрнида, бугунги кунда Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида диализ олувчи бир беморга бир йилда 100 дан 132 тагача гемодиализ сеанси ўтказилмоқда).