Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни карра-карра кўпайтириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.
Мамлакатимиз жадал ривожланиши учун бизга “тўртинчи саноат инқилоби” касблари жуда муҳимлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан ёшларни физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика (СТЭМ) билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим жорий қилинади.
Янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-level” дастурлари жорий қилинади.
Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.
Ёшларимиз хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича “AST” имтиҳонини топширмоқда. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элни энг нуфузли олийгоҳларига грант ютаяпти.
- Энди бундай ёшларни ўзимизни олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз, - деди Президент.