Юрт ободлиги йўлида меҳнат қилиб, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳамда келажагимиз бўлмиш ёш авлодга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вилоят бошқармаси томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Давлатобод тумани кичик мавзеларидаги кўп қаватли уйлар атрофида жами 38 та болалар майдончаси, 9 та кичик стадион ҳамда

7 та "Work Out" спорт майдончаси қурилиб, аҳолига тақдим этилмоқда.
Мавжуд таъмирга муҳтож болалар майдончалари эса таъмирланиб, уларга қўшимча яна 30 та янги болалар майдончасини қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Шунингдек, "Обод маҳалла" дастури асосида ишчи гуруҳ мутасаддилари "Порлоқ" МФЙда жойлашган кўп қаватли уйлар ҳудудида намуна тариқасида қурилаётган, тўрт томони шаффоф бўлган ёпиқ шаклдаги автотураргоҳларда олиб борилаётган ишларни кўздан кечиришди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур туманнинг "Боғ" МФЙга қарашли "Ёшлик" кўчасида 201 та хонадон мавжуд бўлиб, мазкур кўчада яқин кунларга қадар умуман ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлмаган. Маҳалла аҳолисининг бир неча мурожаатларидан сўнг, мутахассислар томонидан ҳудуд ўрганилиб, 1500 метр узунликдан иборат ичимлик сув тармоғи тортиб келтирилди. Эндиликда ҳар бир хонадон оби ҳаётдан баҳраманд бўлиш имкониятига эга.