Хусусан, ўтган даврда 26 минг 119 та  фуқаролик ишлари кўриб чиқилиб, 20 минг 343 та даъво талаблари қаноатлантирилди. Бу ўтган йилган нисбатан 9 минг 341 тага кўп. Бу даъво ишларини кўриш 92.1 фоизга ошганидан далолат беради. Судларда кўрилган ишлар бўйича 5 млрд. 101 млн. сўм давлат божи ундирилиб, 16 млрд. 542 млн. сўм давлат божи ундириш бўйича 23 минг 640 та ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроларига юборилган.

Рақамларнинг бу қадар ўсиб бориши фуқароларнинг одил судлов тизимига бўлган ишончни ошиб бораётгани, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасидаги кўрсаткичлар кўпайганидан дололат беради.

Қолаверса, судларда E-XSUD миллий электрон тизими жорий қилингани фуқароларга бевосита электрон тизим орқали мурожаат қилиш имкониятини бермоқда. Жумладан, кўрилган ишларнинг 20 минг 940 таси ёки 80,1  фоизи электрон шаклда келиб тушган. E-XSUD тизими орқали келиб тушган даъво аризалари, бугунги кунда эса апелляция тартибидаги ишлар ҳам инсон омили аралашувисиз, автоматик тарзда тақсимланади.

Яратилган дастур асосида ишни қўзғатиш муддати, тайинлаш муддати, ишни кўриш муддати, натижаси топширилмаётган, якуний қарор бириктирилмаётган ва ижро юбориш муддати бузилаётган ҳолатлар юзасидан доимий назорат ўрнатилиб, кунлик таҳлил (мониторинг) ўтказиб борилади.

Шунингдек, ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинаётган қарорлар (ажримлар) ахборот тизимга жойлаштирилмоқда. Ушбу амалиёт судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган бўлиб, фуқароларни судлардан қарор ёки ажримларни монеликсиз олиш имконияти яратилган.

Судларда кўрилган ишлар таҳлилига кўра, меҳнат муносабатлар, никоҳдан ажратиш,  уй-жой, мулк ҳуқуқи, битимлар, кредит ундириш низолари ер муносабатлари,  зарарни ундириш, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш масалалари ҳиссасига тўғри келади.

   Судларда мулк ҳуқуқига оид яъни, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш низолари 1294 та ёки 3,9 баробар, ер муносабатлари билан боғлиқ масалалар 304 та ёки 3,7 баробарга  камайган.

Бироқ кредит ундириш, оилавий низолар ва никоҳдан ажратиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган. Никоҳдан ажратишга бўлган сабаблар  таҳлилига кўра, бунга тарафлар ўртасидаги тушунмовчилик, оилаларга 3-шахсларнинг аралашуви, жамоатчилик вакиллари эса ўз ўрнида оилаларни яраштириш чораларини кўрмаганлариклари сабаб бўлмоқда.

Шу боис  вилоят  суди,  вилоят   прокуратураси, Маҳалла ва  оилани қўллаб- қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда режага мувофиқ, оилавий ажримларни олдини олиш юзасидан барча туман ва шаҳарларда амалий семинар- тренинглар ўтказилди.

Аҳолининг муаммолари билан ишлаш, низоларини судгача ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Халқ қабулхонаси” ва Бош вазирнинг тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси билан ҳамкорликда ҳамда “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида жойларда фуқароларга “маҳаллабай” оммавий сайёр қабуллар ташкил қилиниб, 1351 нафар фуқароларнинг мурожаатлари жойида ҳал қилинди.

Суд биноларида 2017  нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

  Ойбек ХАСАНОВ,

Фарғона вилоят судининг раис ўринбосари