Қайд этилишича, декабрь ойи нормага нисбатан бироз иссиқроқ бўлиши кутилмоқда. Ўртача ойлик ҳарорат нормага нисбатан 1–1,5° баланд бўлади.
Биринчи ўн кунликда ҳаво асосан илиқ: — кечаси 0…+5 даража, — кундузи +10…+15 даража.
Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кескин ўзгариб туради: кечаси +2…+7 даражадан 0…–5 даражагача, кундузи +12…+17 даражадан +2…+7 даражагача. Ойлик ёғингарчилик миқдори — норма атрофида ёки ундан кам бўлиши кутилмоқда.
Январь ойи умумий ҳолатда нормага яқин, айрим ҳудудларда бироз совуқроқ бўлади. Биринчи ва иккинчи ўн кунликларда ҳарорат катта диапазонда ўзгариб туради: — кечаси +3…+8 даражадан –3…–8 даражагача, — кундузи +10…+15 даражадан –2…+3 даражагача.
Учинчи ўн кунликда аномал совуқлар кутилмоқда: — кўпчилик ҳудудларда кечаси –12…–17 даража, — кундузи –5…–10 даража, — Нукус ва Урганч атрофларида кечаси –20…–25 даражагача тушиши мумкин.
Февраль ойи кўп йиллик нормаларга яқин бўлиши кутилмоқда. Биринчи ўн кунликда аномал совуқлар давом этади: кечаси –5…–10 даража, кундузи –3…+2 даража. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳаво сезиларли илийди: кечаси –2…–7 даражадан +3…+8 даражагача, кундузи 0…+5 даражадан +10…+15 даражагача. Жанубий ҳудудларда кундузги ҳарорат +15…+20 даражагача кўтарилиши мумкин. Ёғингарчилик — меъёр доирасида бўлади.
Мазкур прогноз иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг эҳтимолий совуқлар ва ноқулай об-ҳаво шароитларига тайёргарлигини таъминлаш мақсадида тайёрланган.
Прогноз якуний ҳарактерга эга эмас, об-ҳаво шароитларига мувофиқ ўзгаришлар бўлиши мумкин, — дейилади хабарда.