2025 йилнинг охирги ойи — декабрь илиқ бўлди, унинг биринчи ярми ва охирида бир неча куни энг илиқ бўлиб, ҳаво +13…+18, айрим жойларда +19…+24 даражагача исиди. Бу хақда Ўзгидромет ҳисоботида маълум қилди.
15 декабрь куни Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво массалари кириб келди ва республика ҳудуди бўйича ҳарорат фони кескин пасайди. Энг совуқ кечаларда ҳарорат 0…-5 даражагача, шимолда −8…−13 даражагача пасайди, кундузи эса 0…+2 даражадан кўтарилмади.
Республика бўйича совуқ об-ҳаво бир ҳафта давомида сақланиб турди. Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий кўрсаткичлардан 2−3 даражага юқори бўлди.
Ўртача бир кеча-кундузлик ҳаво ҳароратини иқлимий меъёрдан оғиши
Декабрда республика ҳудуди бўйича узоқ давом этган ёғингарчилик тақчиллиги даври тугади. Ой ҳавонинг юқори намлиги ва тез-тез ёғингарчилик бўлиши билан ажралиб турди. Республика марказий ва жанубий вилоятларининг қатор туманларида ёғингарчилик кучли даражага: текисликда бир кеча-кундузда 15−25 мм, тоғ олди ва тоғларда 30−40 мм гача, баъзи жойларда бир кеча-кундузда 50 мм гачага етди.
Аксарият вилоятларда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 150−300 фоизни ташкил этди. Фақат Хоразм вилоятида, Бухоро, Навоий вилоятларининг катта қисмида ёғингарчилик кам ва меъёр атрофида бўлди. Тошкент вилоятида, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларининг айрим жойларида ой сўнгги 25 йил ичида ёғингарчилик энг кўп бўлган ой бўлди. Бу ойда ёғингарчилик ёмғир, ҳамда қор кўринишида ёғди. 31 декабрь куни Тошкентда эрталаб ёмғир ёғди, аммо куннинг ўртасига келиб, Янги йилга бир неча соат қолганида, осмондан катта қор парчалари ёға бошлади. Қор парчалари ернинг ҳўл юзасига тушиб, дарҳол эриб кетди, аммо шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига байрамона Янги йил кайфиятини яратишга улгурди.
Бир кеча-кундуз учун ёғингарчилик миқдори (мм)
Қор ёғгандан сўнг ойнинг иккинчи ярмида, текислик ҳудудларда қисқа муддатли қор қоплами ҳосил бўлди. Марказий ҳудудлар бўйича қорнинг максимал баландлиги 13−25 см га етди, шимолий ва жанубий ҳудудларда 1−6 см ни ташкил этди. Тоғларда бу йилги мавсумдаги биринчи қор қоплами декабрь ойининг бошларида ҳосил бўлди. Ойнинг охирига келиб, қор қалинлиги 35−85 см ни ташкил этди.
Декабрь ойи қор кўчиши хавфи кўпайиши билан ажралиб турди. Қамчиқ довонида ва Чимён табиий чегараси ҳудудида бир неча бор қор кўчкилари қайд этилди.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши кузатилди, шимолда ва чўл ҳудудларда эса шамолнинг кучайиши 22−25 м/с га етди.
Ўтган 2025 йил Ўзбекистоннинг бирча ҳудудларида илиқ бўлди. Ўртача йиллик ҳароратни меъёрдан оғиши 1-2 даражани ташкил этди.
Республика ҳудудининг катта қисмида январь ва февраль ойларида ўртача ойлик ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиб, март ойидан декабрь ойигача эса иқлим меъёридан юқори бўлди. Меъёрга нисбатан энг илиқ ойлар апрель ва май ойлари бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматлардан 2,5−4,5 даражага илиқроқ бўлди.
2025 йил 2016 ва 2023 йиллар билан бир қаторда Ўзбекистондаги метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ йиллардан бири бўлди, бир қатор ҳудудларда (жумладан, Тошкент шаҳрида) эса энг илиқ йиллар рейтингида биринчи ўринни эгаллади.
2025 йил жуда қуруқ бўлди. Республиканинг кўпчилик вилоятларида йиллик ёғингарчилик миқдори меъёрнинг 50−80 фоизни ташкил этди. Фақат шимоли-ғарбий ҳудудларда ва республиканинг энг чекка жанубида йил давомидаги ёғингарчилик миқдори иқлим меъёрига яқин бўлди.
Ҳудуднинг катта қисмида апрель ойидан ноябрь ойигача бўлган барча ойлар қуруқ ва экстремал қуруқ бўлиши қайд этилди. Ўтган йилнинг энг ёғингарчилик кўп бўлган ойи эса декабрь ойи бўлди.