Денов тумани марказида жойлашган деҳқон бозори атрофи бутунлай издан чиққанлиги ва аҳолига жуда катта ноқулайликлар келтириб чиқараётганлиги инобатга олиниб, марказий деҳқон бозори ва унинг атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари “Намозгоҳ” маҳалласида янги қурилган замонавий бозорга кўчириш белгиланган.

Шунга мувофиқ, ҳозирда эски деҳқон бозори янгисига кўчирилди. Бу ерда сотувчи ва харидорлар учун зарур барча қулайликлар яратилган. Бозорда 1300 ўринли савдо расталари мавжуд, деҳқонларга ўз улгурчи маҳсулотларини сотишлари учун ҳам шароитлар қилинган. Бундан ташқари, 43 та дўкон ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга мослаштирилган. Бир қатор умумий овқатланиш шаҳобчалари, автомобиллар учун тураргоҳ аҳоли хизматида.

Ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган видео материалда туман ҳокимлиги вакилларининг марказий деҳқон бозори атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари эгалари билан учрашуви акс этган бўлиб, унда мулк эгалари эски деҳқон бозори атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари биноси учун компенсация бериш, янги деҳқон бозори ҳудудидаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга мослаштирилган дўконлардан жой ажратишни сўрашган.

Учрашувда мулк эгаларининг ушбу талаблари инобатга олиниши, уларга тегишли объектлар қиймати баҳоловчи ташкилотлар томонидан тўлиқ баҳолаб бўлингач ўрнатилган тартибда копенсация тўловлари тўлаб берилиши, шунгача янги деҳқон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотишга мослаштирилган дўконларда  ижара шартномаси асосида фаолият юритишлари мумкинлиги тушунтирилди, дейилади ҳокимликнинг расмий муносабатида.