Ушбу оммавий спорт тадбири давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни яна-да такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, Сурхондарё вилояти ва Денов тумани ҳокимликлари ҳамда бир қатор спорт ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Save Aral – 2021” спорт пойгаларининг ўтказилиши аҳоли орасида жисмоний маданиятни ҳамда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш йўлидаги босқичлардан бири бўлиб хизмат қилади. Бундай форматдаги тадбирлар туфайли, ёшидан ва жисмоний тайёргарлик даражасидан қатъи назар, оммавий пойгаларда иштирок этаётган фаол фуқаролар сони тобора ошиб бормоқда.
Марафонда сурхондарёлик ҳаваскор югурувчилардан иборат маҳаллий аҳоли вакиллари билан бир қаторда вилоятнинг маҳоратли ва донгдор спортчилари, мураббийлари, ёш ва фахрий атлетлари ҳам иштирок этди.
3 минг нафардан зиёд кўнгилли спортчилар қатнашган “Save Aral” халқаро экомарафони якунида финиш чизиғига биринчилардан бўлиб етиб келган бир қатор ёшлар мусобақа ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.