Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Одамларнинг кичик муаммоси ҳал бўлса, катта натижаларга олиб келади. Акс ҳолда улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида эса ўнлаб, ҳатто, юзлаб одамлар ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш мужассам.
Шу жиҳатдан фуқароларимиз қонуний ҳуқуқлари бузилса, муаммолари мутасадди идораларда вақтида ҳал этилмай сарсон бўлса, ҳақиқат излаб депутатга мурожаат қилади. Чунки халқ вакиллари мурожаатларни эътиборсиз қолдирмайди, ижобий ҳал этиш чораларини кўради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Одинахон Отахонова ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳамиша халқ дарди билан яшашга, уларнинг муаммосини ечишда жонбозлик кўрсатиб келаётган депутатлардан бири саналади.
Ҳалқ вакили қачон сайловчилар билан учрашмасин, ҳар гал фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилади, кўтарилаётган масалаларга имкон қадар жойида ечим топади. Одамларнинг дарду қувончига шерик бўлиб, оғирини енгил қилишга жиддий ҳаракат қилади.
Депутат О.Отахонованинг Шаҳрихон тумани аҳолиси билан учрашувлари ҳам ғоят қизғин кечди. Айниқса, “Қумтепа” МФЙда жойлашган тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-сонли туғруқ коплексининг очилиш маросими ҳақиқий байрамга айланиб, юқори кайфиятда ўтди.
Маҳалла ҳудудида бунёд этилган мазкур тиббиёт муассасасининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов, парламент қуйи палатаси депутати Одинахон Отахонова, малакали шифокорлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда сўз олганлар мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса касалликнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва бартараф этишда муҳим бўғин бўлган оилавий поликлиникалар фаолиятини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлашди.
Шу ерда вилоят ҳокими билан тумандаги мавжуд муаммолар хусусида фикр алмашиб, аҳолини қийнаб келаётган ўнлаб муаммолар бартараф этилди. Жумладан, туғруқ комлексига қўшимча тиббий анжомлар бериладиган бўлди. Тиббиёт муассасасини кўмир билан таъминлаш масаласи манзилли дастурга киритилди.
Асака тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш, “темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш, ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандликни таъминлашда манзилли ёндашувни кучайтириш зарурлигини қайд этилди.
— Одамларни рози қилиш бугунги ислоҳотларнинг асосий мезони, — дейди О.Отахонова. — Шу сабабли бугун замон билан ҳамқадам юриб, мавжуд муаммоларга биринчи бўлиб ечим топишга, одамларнинг дарду қувончига шерик бўлишга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Ижтимоий эҳтиёжманд қатламга, доимий даромаддан маҳрум бўлган инсонларга кўмак беряпмиз. Маҳаллий раҳбарлар, депутатлар ҳам кўп вақтини одамлар орасида ўтказса, мавжуд муаммоларга ўз вақтида ечим топса, фуқароларимиз адолат ва ҳақиқатнинг қудратига, ҳаётга ва келажакка ишонади.
Учрашув давомида Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган асакалик ёшлар тақдирланди. Маросимда халқ вакили ёшларни табриклар экан, Президентимиз раҳбарлигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди.
“Асака деҳқон озиқ-овқат бозори”даги учрашув чоғида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасидаги нарх-наво барқарорлиги, маҳсулотлар нархи сунъий оширилишининг олдини олиш бўйича маҳаллий ҳокимлик кўраётган чоралар назорат тартибида кўриб чиқилиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Мамлакатимизда кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, айниқса, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган оилаларга ижтимоий кўмак кўрсатиш — бугунги куннинг энг муҳим талабидир. Шу сабабли, депутат Асака туманидаги ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, мурожаатларини тинглади.
Мирзаобод МФЙ “Юқори Мирзаобод” кўчасида яшовчи Усмонжон Рўзиев ва маҳалла фаоллари томонидан кўтарилган масалалар жойида туман мутасаддилари билан биргаликда ўрганилиб, белгиланган тартибда қаноатлантирилди. Энг муҳими, маҳаллалардаги эски трансформаторлар таъмирланиб, янги симёғочлар ўрнатиб берилди.
Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёт сифатини яхшилаш бугун давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳам ана шу эзгу мақсад йўлида тинмай хизмат қилаётир.