Дастлаб аҳоли бандлигини таъминлаш ва хуқуқларини ҳимоя қилишда давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг қай даражада самарали сарфланаётгани ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари депутатларга ахборот берди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазирлик тизимидаги барча тузилмалар фаолиятидан аҳолининг хабардорлигини ошириш, шу орқали улар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди. 

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммоларнинг ечимлари бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари ахборот тақдим этди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Охирги икки йилда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилашга 2 триллион 400 миллиард сўм ажратилди. Бу аввалги 10 йилда ажратилган жами маблағдан 2 баравар кўп, демакдир. Шунга қарамасдан, мамлакатимизда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 68 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳукуматнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш стратегияси кўра, 2030 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражасини 91 фоизга, шаҳарлар ва туман марказларидаги оқова сув тизими таъминоти даражасини 16 фоиздан 31 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Йиғилишда 1993 йилда қабул қилинган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни бугунги кун талабларига мувофиқ равишда янгилаш зарурати юзага келгани ҳақида фикр билдирилди.

Онлайн шаклда ўтган тадбирда маҳаллий кенгашлар депутатлари, ҳудудий ташкилотлар фаоллари ҳам масофадан қатнашиб, мутасадди вазирликларга электорат манфаатлари ҳимояси нуқтаи-назаридан ўз савол ва фикр-мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлди.