Эшитувда вазирликка бириктирилган халқаро 4 та индекснинг 18 та кўрсаткичи бўйича амалга оширилган ишлар депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Хусусан, Глобал инновацион индекси бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига 2 та соҳада 4 та суб индикатор кўрсаткичлари юклатилган. Ушбу индекс юзасидан Халқаро меҳнат ташкилотига тақдим этиш учун статистик маълумотларни тўплаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб тасдиқланган.
Индекснинг Давлат қурилиши соҳасидаги индикаторда Захирага олган ҳолда ишдан бўшатиш қиймати (Cost of rеdundаnсу dismissal), Бизнесни ривожлантириш соҳасидаги индикаторда Расмий ўқитишни таклиф қилувчи фирмалар (Firms offering formal training) бўйича мамлакатимизнинг рейтингдаги ўрнини яхшилаш бўйича депутатлар томонидан тегишли тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, Илм-фанга асосланган соҳаларда бандлик (Еmрlоуmеnt in knowledge-intensive services), ва Олий маълумотли аёлларнинг ишлаши (Females empIoyed with advanced degrees) бўйича индикаторларга Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини киритишни тезлаштириш масаласи депутатлар томонидан вазирлик олдига асосий вазифа сифатида қўйилди.
Тадбирда Иқтисодий эркинлик индексида (lndex of Economic Freedom) бевосита вазирлик масъул бўлган Меҳнат бозори эркинлиги индикатори бўйича 60,3 балл (+0,4 балл) тўплаб, 9 поғонага кўтарилиб 84 ўринни, Осиё-тинч океани минтақасида эса 40 мамлакат орасида 3 поғонага кўтарилиб 25 ўринни эгаллагани эътироф этилди.
Ушбу индексдаги ўрнимизни янада яхшилаш учун Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро “Мерос” жамғармасининг индексни тузишга масъул бўлган экспертлари иштирокида ҳар бир кичик субиндикаторни ҳисоблаш бўйича вебинар ташкил этиш, шунингдек “Иқтисодий эркинлик” индекси - 2022 йиллик ҳисоботида баҳоланиши учун Ўзбекистонда меҳнат соҳасида амалга оширилган сўнги ислоҳотлар тўғрисида маълумотларни умумлаштириб, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги орқали етказиш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, Глобал рақобатдошлик индекси асосий индекслардан ҳисобланиб, Жаҳон иқтисодий форуми томонидан ҳар йили ушбу индекс бўйича эълон қилинадиган ҳисоботида Меҳнат бозорининг самарадорлиги йўналиши 2 та индикатор, яъни, мослашувчанлик ва истеъдоддан самарали фойдаланиш бўйича баҳоланади. Бу борада белгиланган бир қатор субиндикатор бўйича вазирлик тегишли бошқа идоралар ҳамкорлигида тизимли ишни ташкил этиш кераклиги депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди. Бизнес юритиш индекси (Ease of Doing Business lndex) бўйича Жаҳон банкининг “Doing Business 2020” йиллик ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини яхшилашда энг катта ютуқларга эришган 20 та мамлакат қаторидан ўрин эгаллаган. Аммо, ҳали бу индекс таркибидаги субиндикаторлар бўйича ишларни комплекс ва тизимли ташкил этиб юқори ўринларни эгаллаш муҳим эканлиги билдирилди.
Эшитув якунида мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш, амалдагиларини юксалтириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.