2021 йил 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, 2019 йилда илк маротаба Давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлис палаталарида эшитиш амалиёти йўлга қўйилганди. Мазкур амалиёт Давлат дастури ижросини таъминлашда ҳамда шу орқали ислоҳотларни изчил амалга оширишда ўзининг ижобий самарасини кўрсатди.
Ҳисоботда Ҳукумат томонидан Давлат дастури ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилгани қайд этилди. Натижада 2021 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,0 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетининг жами харажатлари 34,1 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 18,2 триллион сўмни ташкил қилди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, адолат тамойилини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш ва талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилгани, давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилгани алоҳида таъкидланди.
Ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасида туман (шаҳар)лар бўйича ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этилиб, шу йилнинг биринчи чораги давомида жами 271,5 минг нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланиб, 191,9 минг нафар ёшларни қишлоқ хўжалигида иш билан таъминлаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 55,7 минг гектар ер майдонлари ажратиб берилган.
Давлат дастури доирасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш, санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар доирасида қатор ишлар амалга оширилди. Эмлаш ишларини амалга ошириш учун республикада 3 мингдан ортиқ эмлаш пунктлари ва 900 га яқин ҳаракатдаги бригадалар ташкил этилди. Эмлаш жараёнида фойдаланиш учун 1002 та автотранспорт бириктирилди.
Парламент қуйи палатасидаги барча фракцияларнинг ҳисобот юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари эшитилгач, депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини маъқулладилар.