Қонун билан виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устуворликлари, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари доираси аниқ белгилаб берилмоқда. Диний ташкилотлар фаолиятининг қўшимча кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Қонун билан қуйидагилар бекор бўлмоқда:
▫️фуқароларнинг жамоат жойларида “ибодат либослари”да юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чеклов;
▫️диний таълим муссасаларида диний таълим берувчиларга марказий органнинг алоҳида розилигини олиш талаби;
▫️диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби;
▫️диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда.
Қонунда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомиллари тубдан енгиллаштирилмоқда:
▫️диний ташкилотни тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;
▫️диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилгандан кейин 6 ой мобайнида (амалда 3 ой) адлия органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда;
▫️тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқармоқда;
▫️рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда;
▫️диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;
▫️рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.
Диний ташкилотнинг фаолияти фақатгина суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкинлиги, мансабдор шахслар томонидан диний ташкилотларнинг қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганда улар давлат божини тўлашдан озод этилиши ва бошқа қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда.
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда эълон қилингач кучга киради.