Бугун соҳа мутасаддилари ушбу тизимда ишлаш самарадорлигини янада ошириш бўйича навбатдаги учрашувни ташкил этди. Унда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Миллий антидопинг агентлиги директори Нодир Турсунов, РСТИАМ директори Абдушукур Садиков ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этишди.
Йиғилишда Шерзод Ташматов мазкур тизим билан ишлаш бўйича тузиб чиқилган механизмни амалга татбиқ қилиш ҳақида ўз фикрларини билдирди. МОҚ раиси ўринбосари бу борада соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилгани, уларнинг фаолияти борасида батафсил тушунтириш бериб ўтди. Ўз навбатида, йиғилиш иштирокчилари ушбу режа ҳақида қўшимча фикр ва таклифларини билдириб ўтишди.
Эслатиб ўтамиз, ADAMS тизими Халқаро антидопинг агентлиги томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, спортчи 1 квартал, яъни 90 кун мобайнида ўзининг қаерда эканлигини соатбай шаклида кўрсатиб ўтиши, улар орасидан алоҳида белгилаган вақтида допинг офицерлари таҳлил олиш учун боришлари мумкин. Бордию, спортчи ўзи кўрсатган вақтда ўша манзилда бўлмаса, унга огоҳлантириш берилади. 90 кун ичида ана шундай огоҳлантиришлардан 3 та олган атлет шаффофликни таъминлай олмагани учун 2 йилга дисквалификация қилинади. Агар спортчининг манзилида ўзгариш содир бўлса, у профилидаги ҳудудни 24 соатгача бўлган вақт ичида ўзгартириб қўйиши мумкин, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.