Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларида 2020 йил давомида умумий 1019 йўл транcпорт ҳодисаси содир бўлди. Ушбу йўл транспорт ҳодисаларнинг 477таси пиёдалар билан боғлиқ бўлса, 44таси бевосита велосипедчилар иштирокида содир бўлди. Улар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда вилоят ИИББ ЙҲХБ томонидан бир кунлик «Диққат, велосипед!” ҳамда «Диққат, пиёда!” профилактик тадбирлари ташкил этилди.

Шу куни ЙҲХБнинг барча шахсий таркиби ушбу тадбирда уюшқоқлик билан қатнашди, велосипедчи ҳамда пиёдалар билан кенг қамровли тушинтириш ишларини олиб боришди. Шунингдек, суҳбатлашилган 50 нафар велосипед ҳайдовчисига махсус нур қайтарувчи жилетлар тарқатилди. Қоронғи ва етарлича кўринмаслик шароитида бу нимчаларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Сабаби чироқ нури тушиши билан у ўзидан нур қайтаради. Бу эса ҳайдовчини янада ҳушёр бўлишга чақиради.

Бундан ташқари ЙПХ инспекторлари томонидан маст ҳолда велосипед бошқарган 18та велосипед ҳайдовчилар аниқланган бўлса, 461 пиёдага йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Қоидабузарликларнинг олдини олишда тарғибот ва ташвиқот ишларининг аҳамияти катта эканлигини инобатга олган ҳолда карантин талабларига қатъий риоя қилиб велосипед ҳайдовчиларининг «Йўл ҳаракатиқоидалари»га риоя этиши бўйича маҳалла, корхона, ташкилотларда якка тартибдаги тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ҳам ўтказилди.