Бу жараёнда Бухоро давлат тиббиёт институтининг профессор-ўқитувчилари назариядан ташқари, ҳаёт дарсини ҳам халқ орасида ўтмоқда. Маҳаллаларда, шифокорлик пунктларида, марказий шифохоналарда ва айни дамда бемор уйида туриб, «Биз сиз билан биргами, халқим!» деган самимий ғояни амалда исботлаяпти.

Профессор, тиббиёт фанлари доктори Ўроқов Шуҳрат Тўхтаевич бугунги куннинг шунчаки олим эмас. У — жараённи ичкидан ҳис қилган, ҳар бир амалиёт орқали талабасига ҳаёт фалсафасини ўргатаётган устоз, мураббий, фидоий жарроҳ. Унинг 40 йиллик шифокорлик ва 35 йиллик педагогик фаолияти — нафақат Бухоро, балки бутун мамлакатимиз тиббиёт мактаби учун бой тажриба мактаби ҳисобланади.

Ҳозирда у «Оилавий тиббиётда хирургик касалликлар» кафедраси мудири сифатида фаолият юритади. 1985 йилда Самарқанддан бошланган шифокорлик сафарининг бугунги манзили — 3500 дан ортиқ мураккаб операция, юзлаб шогирдлар, 9 нафар фан номзоди, 6 та монография, 12 та услубий қўлланма, 300 дан зиёд мақола ва тезислар, ва энг муҳими — минглаб шифо топган инсонлар.

Шуҳрат ака ўз фаолиятида шошилинч, лапароскопик, гепатобилиар, реанимация жараёнларини ўзига хос илмий ёндашув билан амалга ошириб, жараённи ҳар томонлама такомиллаштирди. Унинг шогирдлари — энди мустақил олимлар, тадқиқотчилар ва замонавий жарроҳлардир.

«Долзарб 90 кун» — фан билан ҳаёт кўприги

Бухоро давлат тиббиёт институти жамоаси «Долзарб 90 кун» доирасида нафақат ўз бурчини адо этди, балки илм билан ҳаёт, назария билан амалиёт, университет билан халқ ўртасида кўприк қурди.

Профессор Ўроқов ва жамоаси — профессор Абдумажидов Ҳамидулла Амануллаевич, ассистент Маҳманазаров Орифжон Мирзаназарович, доцент Обидов Ўткир Ўктамович ва ёш доцент Ҳамдамов Илҳомжон Бахтиёрович каби шогирдлари билан биргаликда:

  • Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида
  • Марказий шифохоналарда ва қишлоқ врачлик пунктларида
  • Жигар, ошқозон-ичак, механик сариқлик, қон кетиш муаммолари бўйича
  • Бепул тиббий маслаҳатлар, мастер-класслар ва амалиётлар ўтказди.

Булар шунчаки рақам эмас — улар ортида турган инсон тақдири, ўзига ишонмаган беморга ишонч, тажрибасиз талабага илҳом, шифокорларга эса маслаҳатлар турибди.

Шуҳрат Тўхтаевич ҳар бир талабасига нафақат билим, балки йўл ҳам кўрсатади. У аудиторияда лектор, амалиётда устоз, ҳаётда эса юрак билан гапирадиган инсон. Ундан илҳомланган ҳар бир шогирд мустақил фикрлайди, мустақил тадқиқ қилади.

Шу боис профессорнинг устоз сифатидаги қадри нафақат юқори курслар, балки ёш мутахассислар, диссертантлар ва магистрантлар орасида ҳам тобора ортиб бормоқда.

ХАЛҚ ОРАСИДА

«Долзарб 90 кун» фаолияти доирасида Бухоро тиббиёт институти профессорларининг миссияси қуйидагиларни қамраб олди:

  • 150 дан зиёд амалий учрашув
  • 50 га яқин бепул тиббий кўрик
  • 30 га яқин маърифий чиқиш
  • 200 ортиқ талабалар иштирок этган маҳорат дарслари.

Шу миссия орқали ҳар бир хонадонда шифо, ҳар бир кўнгилда ишонч, ҳар бир беморда умид тикланди. Бу жараён, албатта, республика даражасида тиббиёт соҳасига бўлган муносабатни ўзгартиришга хизмат қилади.

ТИББИЁТ – МEҲР ВА АДОЛАТ ВАЗИФАСИДА

Тиббиёт — бу фақат даво эмас, балки ижтимоий адолат, меҳр-шафқат ва давлат ишончи сингдирилган амалий фаолиятдир. Шу боис Бухоро давлат тиббиёт институти жамоасининг бугунги миссияси халқ ичидаги мавқейини янги поғонага кўтарди.

Профессор Шуҳрат Тўхтаевичнинг ҳаёти ва фаолияти орқали биз илм, одамийлик ва Ватанга садоқат уйғунлигини кўрамиз.

Агар бир шифокор юрагида халқ бўлса, унда унинг қўлида шифо, сўзида ҳақиқат, амалида нур бўлади. Бугун Бухорода, эртага бутун Ўзбекистонда ана шундай эзгу амаллар тобора қулоч ёймоқда.

Ва биз буни «Долзарб 90 кун»нинг ҳар бир қадамида кўрдик.

Ҳамкорлик материали