Унда Агентлик директори ўринбосари Алишер Темиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари, вилоят ҳокимининг Маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ёрдамчиси Аюбхон Бобомирзаев, Наманган вилоят фармацевтика тармоғини ривожлантириш ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, «Косонсой-фарм» ЭИЗ дирекцияси вакиллари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган дори воситаларини тайёрлаш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, уларни улгуржи ва чакана реализация қилиш ҳуқуқига эга литсензиатлар ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

Дастлаб мутахассислар соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот ўтказиб, фармацевтик фаолиятга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалда татбиқ этилиши юзасидан тушунтириш берди.

Қабулда турли муаммо ва ҳуқуқий масалаларга ечим излаб келган 60 га яқин фуқароларнинг мурожаати тингланди. Кўтарилган масалаларнинг аксариятини дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш, ички дорихоналар фаолиятини лицензиялаш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг экспорт-импорт масалалари, қолаверса, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозимлиги мавзусида бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида маҳаллий журналистлар ва блогерлар учун сайёр қабул доирасида Наманган шаҳрида фаолият юритаётган «Merrymed farm» МЧЖ фармацевтик корхонасига пресс-тур уюштирилди.

Маълумот учун, 2010 йилда 30 ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган «Merrymed farm» МЧЖда бугун 700 та иш ўрни яратилган, корхонанинг йиллик қуввати 120 миллион ўрамга яқин дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмига эга. У республикада кучли ўнталикка кирувчи фармацевтик корхона ҳисобланади. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг катта қисми «Merrymed farm» ҳиссасига тўғри келади. Корхона цехларида таблеткалар, капсулалар, инъекция ва инфузия эритмалари, суртмалар, сироплар, суспензиялар, кукун кўринишидаги антибиотиклар тайёрланади. Янги ишга туширилган бўлимда йилига 15 миллион 600 минг флакон, жами қиймати 30 миллиард сўмга яқин бўлган глюкоза, натрий хлорид, рингер, метронизадол, сипроксин ва бошқа дори воситалари қадоқланади.

Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқлар фаоллари мазкур корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди. Матбуот анжумани дори-дармонларнинг сифати, нархи ва таъсири бўйича қизғин баҳс-мунозараларга бой кечди.

Орифжон Жўраев, «Янги Ўзбекистон» мухбири.