Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Андижон вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.Д. бошқалар билан ўзаро тил бириктириб, ноқонуний даромад орттириб қолиш мақсадида, аҳоли томонимдан талаб юқори бўлган дори воситаларини нархини сунъий равишда ошириб, фуқаро М.га ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, 100 қути “Арбидол 100 мг” дори воситасини ҳар бир қутисини 350 минг сўмдан ҳисоблаб, 35 млн сўмга ва 412 қути “Меропенем 1мл” дори воситасини 200 минг сўмдан ҳисоблаб, 82 млн сўмга сотишга келишиб, шундан, 58 млн сўм ҳамда 6 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланганлар.

Худди шундай, Департаментнинг Оҳангарон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.А. 200 минг сўм эвазига Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Х.нинг топшириғига асосан 93 қути “Клексан” дори воситасини Наманган вилоятидан Оҳангарон туманига олиб келиб, фуқаро З.га 3 000 АҚШ доллари ва 20,2 млн сўмга ўтказган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

С.А.нинг кўрсатувларига асосан Наманган шаҳрида тезкор тадбир давом эттирилганда, фуқаро А.Х. С.А.дан 93 қути “Клексан” дори воситаси учун 3 000 АҚШ доллари ва 20,2 млн сўмни олган вақтида ушланган.

Департамент ва ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро Х.М. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, кучли таъсир этувчи 100 қути «LIRIKA 300 mg» дори воситасини 92,3 млн сўмга фуқаро Д.га сотаётганда ашёвий далил билан ушланганлар.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.