Тарихнинг энг чигал ва машаққатли бурилиш нуқтасида, мустабид тузумнинг қатағон тегирмони айланиб, миллатнинг гултожи бўлмиш зиёлиларни янчишга уринилган йилларда ўзбек аёллари оғир қисматни эркаклар билан баробар елкасида кўтарган матонат рамзи бўлди.

Биз жадид боболаримиз ҳақида кўп гапирамиз, бироқ уларнинг ёнида туриб, маърифат машъаласини жаҳолат эпкинидан тўсган, истило ва истибдод йилларида жабр кўрган қаҳрамон аёллар номи ҳамон тарих қаърида, авлодлар хотирасидан бир оз панада қолаётгандек. Ваҳоланки, собиқ совет тузумининг ғайриинсоний қиёфасини очиб берадиган энг катта ҳақиқатлар мана шу муштипар, аммо иродаси букилмас аёлларнинг фожиали тақдирида акс этган. Биз бугун аёлнинг жамиятдаги юксак мақоми ҳақида гапирар эканмиз, бу эркинликнинг баҳоси нечоғлиқ баланд бўлганини англашимиз шарт. Икки ўзбек аёли тақдири мисолида халқимизнинг асло тиз чўктириб бўлмас руҳини кўрамиз.

 “Илгарилаш ашуласин айтавер!”

 1922 йили “Туркистон” газетасида “Уйғон, Туркистон” сарлавҳали мақола чоп этилади. Унда эндигина 17 ёшни қаршилаган қизнинг Ватан тараққиёти ҳақидаги қарашлари акс этган эди. Мақолани ўқиб, аср бошида яшаган ўзбек қизининг тарихий тафаккури қанчалик теранлигини кўриш мумкин: “Туркистоннинг дунё савдо майдонида тутқон вазияти XVII асрдан бери тубан даражада қолиб келди. XIX аср, умуман, мусулмон мамлакатларининг таназзул даври бўлиб, таназзулнинг ҳам кўп сабаби карвон йўлларининг аҳамияти кетиб, ғарбли(к)лар тарафидан денгиз йўлларининг юксалтирилиши эди.

XIX асрда ҳам Туркистон Ғарбий Овруподан узоқ бўлғонлиғи учун тараққиёт томонидан бошқа мусулмон мамлакатларидан ҳам тубан даражада турди. XX асрнинг бошида ҳам қўшнимиз бўлган Эрон халқи сиёсий фикрлар билан суғорилиб, ўз элида саноат турғизиш ва четларнинг таъсиридан қутулиш йўлида қон тўккани муддатда бизнинг Туркистон тинч ухламоқда эди... Фақат Руссиядан темир йўл келиб, савдо майдони кенгайди...

Бундан очиқ англашиладирки, бизнинг мозийимизни порлоқ қилғон элимиздан ўтган карвон йўли бўлса, истиқболимизни порлоқ қилғучи, элимизни жаҳон савдо майдониға тутошдирғувчи улуғ темир йўлдир. Улар бизнинг савдомизни кенгайтур, бизга бойлиқ ва ободлиқ берур ва ўзимизга катта саноат турғазишга имкон очар.

Туркистон иқлимининг қизғинлиғи ва ерининг мунбит (ҳосилдор)лиги уни доим қийматлик ҳосилот берувчи зироат мамлакати равишида қолдирғусидир. Иккинчи томондан Туркистон тоғларининг маъданга бойлиғи бунда тоғ саноатининг юксалишига сабаб бўлғусидир. Бу икки асос — ҳаётни таъмин қилиш йўлларининг юксалиши натижасида (пахта заводлари, ипак фабрикалари, маъдан заводлари шекилли) катта саноатнинг бошқа хиллари ҳам юксалгусидир. Туркистоннинг табиий бойлиқларини ишлата олғали, катта саноатни турғизгали ва натижада янги темир йўллар ўтказгали кучи етсун ҳозирги хўжаликдан ортиб қолиб тўп­ланғон бойлиқнинг бўлиши керак. Ҳозирги зироатнинг маҳсулотини ортдириш учун бирдан-бир чора бўлса зироатда ҳар хил янги ишлаб чиқориш усуллари, янги қуроллар ва машиналарни қўлланишидир. Ҳозир бу қуролларни овруполилардан олтун баробарига олишга тўғри келганидек, келгусида ҳам ҳар хил саноат қуролларини овруполилардан сотиб олишға мажбур бўламиз. Машина қанча қиммат бўлса ҳам уни қўллашимиз керак. Чунки ул бизнинг бойлиғимизни ортдира оладир. Буни Ғарб давлатларининг ҳаётида машинанинг тутқон ўрни исбот қиладир”.

Ушбу мақола муаллифи Хайринисо Мажидхонова. У 1905 йили Тошкентда туғилган. Отаси Мажидхон Тошкентнинг машҳур Миробод маҳалласидаги турли миллатга мансуб маърифатпарвар зиёлилар билан яқин мулоқотда бўлган. Хайринисонинг таълим олиб, илм-фан билан шуғулланиши, салоҳияти юқори бўлишида зиёли отасининг ўрни катта эди. У маърифатли ота сифатида қизини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Чунки Мажидхоннинг ўзи ҳам XX аср бошларида Марказий Россиянинг Москва, Петербург каби шаҳарларида бўлиб қайтган, кейинчалик шу сафар чоғларида олган таассуротлари таъсирида қизларига замонавий билим бериш, хорижий тилларни ўргатишга ҳаракат қилган.

Хайринисо дастлаб Мирободдаги янги мактабда таҳсил олиб, рус ва немис тилларини ўрганган. Унинг дунёқараши шакл­ланишида Туркистон жадид матбуотининг, шунингдек, бу вақтда биринчи ўзбек ­хотин-қизлар билим юртида ўқиётган опаси Ойпошшахоннинг ҳам таъсири катта бўлган. Хайринисо 1922 йилнинг охири — 1923 йилнинг бошларида бир гуруҳ ўзбек йигит-қизлари билан бирга Германияга ўқишга юборилади.

Иқтидорли қиз Берлинда бирмунча вақт немис тилини ўргангач, 1924-1926 йилларда Марям Султонмуродова билан бирга Дарм­штадт шаҳридаги ўқитувчилар семинария­сида ва айни пайтда тиббиёт курсларида ўқийди, немис тили ва адабиётини ўрганади. 1927 йили ёзги таътил вақтида Хайринисо Марям Султонмуродова билан бирга ­Парижга саёҳатга боради.

Улар инсоният маданиятининг шукуҳли пойтахтларидан бири бўлмиш бу шаҳарда яшаб турган юртдошлари — бухоролик ­Аҳмад Наим ва Туркистон муваққат ҳукуматининг собиқ раиси Мустафо Чўқаев билан тасодифан учрашиб қолади. Аҳмад Наим уларни Парижнинг кино, театр каби ­маданият ўчоқлари билан таништиради. Германиядаги ўқиш вақтида Хайринисо бир муддат Австриянинг Вена шаҳрида ҳам бўлади.

Хорижга таҳсил олиш учун бораётган ўзбек қизларининг жасорати 1920-йилларнинг бошларидаги тараққийпарвар кишиларнинг олқишига сазовор бўлади. Чунончи, Хайринисо Мажидхонова номи Чўлпон, Боту, отаси Мажидхон думанинг мақола ва шеърларида, айниқса, фахр билан тилга олинади. Жумладан, Боту 1922 йил ноябрида бир гуруҳ туркистонлик талабалар қаторида ўзбек қизи Хайринисо Мажидхонованинг Берлинга жўнаши муносабати билан ёзган “Кичкина армуғоним” шеърида унга оқ йўл тилаб, бундай ёзган:

Қора турмуш чангалидан қутулиб,

Эрк чечагин тера олган кучли қиз.

Эски одат санамларин парчалаб,

Эрк — тангрига сажда қилган руҳли қиз.

Йўлинг тўғри, ортга боқма, кета бер,

Илгарилаш ашуласин айта бер!

Шерали Турдиевнинг “Хайринисо Мажид­хонова” номли очеркида ёзилишича, Хайринисонинг отаси Мажидхон хорижга кетган талабалар орасида қизининг ҳам бўлганидан чексиз мамнун бўлиб, бу воқеадан суюнган ҳолда узоқ-яқиндан табрик хатлари йўллаган кишиларга ва айниқса, шоир Ботуга миннатдорлик билдириб, бундай ёзган: “Эзилган миллатлар, қоронғиликда қолган юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди. Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукрлар бўлсунким, менга насиб бўлмиш. Ҳозир мен шу муносабат билан ҳар ердан қутлаш хатлари олмоқдаман... Уларнинг ҳаммасига бирдан, айниқса, қизғин туйғулар билан қутлаган Москва ва Бокудаги талабаларимизга, Қозон ва Оренбургдаги маданият ва маориф ходимларига, ёш шоиримиз Боту ўртоққа ташаккуримни билдириб, билим истаб, дунёнинг ҳар томонига ёйилатурғон йигит ва қизларимиз кўпайсин дейман”.

Германияда олти йил таълим олган Хайринисо 1928 йили Ўзбекистонга қайтиб, 1937 йилга қадар Касаба уюшмалари марказий қўмитаси ходимлари ҳамда жумҳурият бош­ланғич ва ўрта таълим ўқитувчиларининг дам олиш уйида шифокор бўлиб ишлайди. Европа тиббиёти ютуқлари бўйича олган билими, машҳур немис олимлари ва шифокорларидан ўрганган малакаси беморларни даволашда қўл келади.

Хайринисо Мажидхонова Туркистон ўлкасининг фаол аёлларидан бўлиб, мустамлака ҳукуматга, албатта, ўз давлатининг ривожи, истиқболи учун хизмат қиладиган фаоллар керак эмас эди. Аксарият хорижда таҳсил олиб қайтган зиёлилар аксилинқилобчи, чет эл жосуси, миллатчи деган туҳмат билан айбланиб, 1937-1938 йилларда қатағон қилинди. Хайринисо ҳам мустамлакачилар қатағони қурбони бўлди. 1937 йил 13 сентябрда тўсатдан қамоққа олинади. Унга қатор бўҳтондан иборат айблар қўйилади. 1938 йил 9 октябрда Хайринисога чиқарилган ҳукм ижро этилади. Миллат бир марваридидан ажралади.

 Марям — қор қўйнидаги лола

 Марям асли хоразмлик бўлиб, 1905 йил 13 февралда Хивада “Ёш хиваликлар” ҳаракати иштирокчиларидан маърифатпарвар Мулла Жуманиёз оиласида дунёга келган. Отаси Хива хонлиги тузумига қарши курашда иштирок этган. Бу ҳақда Марям Султонмуродованинг ўзи бундай ҳикоя қилган: “Отам хонга қарши кураш ҳаракатининг энг актив иштирокчиларидан бўлган. Менинг болалигим ҳам феодал Хоразмдаги ана шундай ижтимоий курашлар тўлқинида ўтди. Бу кураш, айниқса, бизнинг оилавий ҳаётимизга оғир таъсир қилган. Биз доимо қувғин-таъқиблар остида яшаганмиз. Ҳатто онам бир неча бор қамоқ азобларига ҳам учраган. Хива хонининг буйруғи билан унга қарши кураш ҳаракатидаги иштироки ­туфайли отамнинг тўрт ака-укаси қатл қилинган. Буларнинг ҳаммаси менинг ёш қалбимда асорат қолдирмасдан иложи йўқ эди...”.

Марям Германиянинг Дармштадт шаҳрида дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёшлар билан бирга ўлкамизнинг маърифати ва маданиятини ривожлантириш орзуси билан ёниб илм олади. 1922-1923 йилларда у Германияда немислар билан бир хонадонда яшаб, дастлаб Берлин университети ҳузуридаги 6 ойлик немис тили курсини тугатади. Сўнг 1924 йили Хайринисо билан Дармштадтга бориб, 1926 йилгача ўқитувчилар семинариясида ўқийди. 1927 йили Берлинга бориб, бир йил амалий машғулотда қатнашади. 1928 йил ўқишни тугатиб, юртга қайтади. Бу ерда у аввал Тошкентдаги Эски шаҳар кечки коммунистик университетининг ўқув бўлими мудири, сўнг 1935 йилдан “Гулистон” журналида Собира Холдорова, Тожихон Шодиева, Саодат Шамсиева каби ўша даврнинг илғор хотин-қиз журналистлари билан бирга ишлай бошлайди. Матбуот саҳифаларида ўзбек аёлларининг ўтмиши ва ҳозирги турмуши ҳақида қатор ҳикоя ва очерклар ёзади. Рус ва немис классик адабиётининг буюк сиймолари Пушкин ва Гёте тўғрисида мақолалар эълон қилади. Уларнинг мазкур миллий адабиётлар тарихидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр юритади.

Марямнинг қувончи ва орзулари узоққа бормади. Ўзи каби эркин хотин-қизлар авлодининг бошқа қалдирғочлари қатори у ҳам айни парвоз этаётган 1930-йилларда мустабид тузумнинг қонли исканжасига тушиб, қаноти қайрилди. 1937 йил кузда тўсатдан “немис жосуси”, “фашизм тарафдори” сифатида айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1947 йили қамоқ муддати тугаб, Хоразмга қайтганидан кейин ҳам кўп ўтмай, 1949 йили яна ҳибсга олинди. Бу сафар у Берлиндаги қандайдир “Озод Туркистон” аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти билан шубҳали алоқада бўлгани, дугонаси Хайринисо билан Парижга борганида Мус­тафо Чўқаев билан учрашгани, матбуотда миллатчилик фикрларини ўтказгани каби айблар юзасидан сўроқ қилинади.

“Онамнинг айтишича, — дея хотирлайди қизи Анорхон Давронова Шерали Турдиевнинг “Марям Султонмуродова” номли очеркида, — 1937 йил 30 августда эрта тонгда тўсатдан ҳарбий кийимли икки киши келиб, ҳозирги Тошкент шаҳри Олой бозори яқинидаги Уездная кўчасида жойлашган 13-уйдан 5-6 ойлик чақалоқлик вақтимда онамни мен билан бирга қамоққа олиб кетган экан. Онам 1947 йили биринчи марта қамоқдан келганидан кейин ҳам ёруғ кун кўрмадик. Бунга қадар мен аммамлар қўлида, акам Пўлатбек Аҳмадбеков эса аввал етимхонада, сўнг холам Гулчеҳра қўлида онага зор бўлиб яшадик. Чунки у вақтда Гулчеҳра холамнинг эри, таниқли адабиётшунос олим Раҳмат Мажидий ҳам “халқ душмани” сифатида қамоқ ва сургунда кўп азоб-уқубатларни бошдан кечирган. Онам 1937 йил сентябрдан то 1939 йилгача аввал Тошкент, Қозон ва Суздаль қамоқхоналарида, сўнг узоқ Колиманинг қаҳратон совуғи остидаги “Далстрой”га сургун бўлган. У ерда 1947 йил 13 сентябргача ишлаб, кейинчалик оқланса ҳам орадан икки йил ўтар-ўтмас, яна қамалиб, сургун қилинди. Укам Омон эса сўнгги йилларда турмада туғилиб, ўша ерда ўсган. Мен 1954 йили ТошМИда ўқиб, “Малик” совхозида пахта териб юрган куз кунларининг бирида онам оқланиб, сўнгги сургундан қайтиб, мени излаб, пахта даласига келди. Ўша вақтда санитария-гигиена бўлими раҳбарлари ҳатто туҳмат билан ўн-ўн беш йил қамоқда бўлиб қайтган онам билан бирга бир-икки кунга уйга бориб келишга ҳам рухсат беришмади ва биз — она-бола кечани шу ердаги бир хонадонда хўрликдан тонг отгунга қадар ухлолмай, йиғлаб ўтказдик. Эртаси онам Урганчга кетиш олдидан иккимиз ­пахта даласида йиғлаб ажрашдик.

Онам умрининг охиригача туғилган қиш­лоғида ўзи севган матбуотчилик соҳасидан тамомила узоқ бўлган бошқа бир соҳада ишлашга мажбур бўлиб, орзу-армонлари ушалмай, оламдан ўтиб кетди. Бутун умри давр зулми остида заволга кетди. Биз ҳар йили болаларимиз билан онамнинг Урганчдаги қабрини зиёрат қилиб қайтамиз. Укам Омон Султонмуродов ўша ердаги мактабда тарих ўқитувчиси. У онам ёққан маърифат чироғини ўчирмай, ёш юртдошларига ҳормай-толмай таълим-тарбия берди. Ўзбекистон мустақиллигидан кейин бу чироқ яна ҳам ёрқин ва ёруғ бўлиб нур сочмоқда, доим шундай бўлсин”.

 Ирода тантанаси

 Хайринисо ва Марям каби миллат қизларини мустабид тузумнинг шарпалари руҳан маҳв этишга, исмларини авлодлар ёдидан ўчиришга уринди, бироқ маърифат билан суғорилган қатъиятни, бардошни занжирбанд қилиб бўлмаслигини англамади. Бугун биз уларнинг номини эҳтиром билан тилга олиб хотирларканмиз, аслида, зулм устидан қозонилган маънавий ғалабани нишонлаймиз.

Ҳозир жаҳоннинг энг нуфузли университетларида илм излаётган, халқаро майдонда технология ва инновациялар билан дунёни ҳайратга солаётган қизларимиз ­Хайринисо ва Марямларнинг ушалмаган орзуларини рўёбга чиқармоқда. Гарвард, Кембриж, ­Оксфорд каби университетларнинг минбарида сўзлаётган, йирик глобал корпорация­ларда ишлаётган зиёли қизлар шуурини қатағон қилинган момоларининг маънавий қуввати ҳалқа мисоли ўраб, ҳимоя қилмоқда.

Шу боис, ушбу байрамни нафақат гуллар ва табриклар фаслининг дебочаси, ­балки аёлнинг эркин яшаш ҳамда ижод қилиш ҳуқуқининг тантанаси сифатида билмоғимиз айни муддао.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири