Хўжандликларнинг чексиз фахр билан айтишича, минтақамизда Сирдарёдек азим дарё қоқ ўртасини кесиб ўтган Хўжанддан бошқа шаҳар йўқ. Шу боис унинг бутун таровати, жозибаси биринчи навбатда Сайхун дарё билан ўлчанади, десак муболаға эмас.

Куни кеча Хўжанднинг гўзаллигидан яна бир бор баҳра олишга муяссар бўлдик. Ташрифимизга сабаб Суғд вилояти “Ўзбеклар маънавият ва маърифат” маркази “Ўзбекистон ва Тожикистон дўстлиги абадий” номли давра суҳбатига таклиф этган эди. Ўзбекистондаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти, Республика тожик миллий маданий маркази вакилларидан иборат делегация Тошкентдан йўлга чиқиб, икки давлат чегарасидан ўтиб, ҳеч қийналмасдан 166 километр масофани уч соатда босиб ўтиб, Хўжандга кириб бордик.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан уюштирилган тадбирга Суғд вилоятининг барча туманларидан “Ўзбеклар маънавият ва маърифат” маркази фаоллари, шоирлар, ёзувчилар, ижодкорлар, жамоатчилик фаоллари, шу билан бирга, жиззахлик тожик ва ўзбек тилида ижод қилувчи бир гуруҳ ижодкорлар меҳмон бўлиб келишган экан.

Давра суҳбатида “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилди. Икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, Тожикистонда яшовчи ўзбек ватандошларни қўллаб-қувватлаш йўлида йўлида жамият бошқаруви раиси Ш. Хамраев ташаббуси билан режалаштирилаётган тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Суғд вилояти ирригация ва мелиорация бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси, тажрибали сувчи Латифжон Султоновнинг чиқиши даврага файз киритди.

— Биз бир дарё — Сирдарёдан сув ичамиз. Қарийб эллик йилдан буён сувдан унумли фойдаланиш масаласида Катта Фарғона канали, Шимолий Фарғона канали масъуллари билан кўп учрашганман, улар ҳам Хўжандга кўп келишган. Доим мулоқотдамиз. Сувчиларнинг миллати бўлмайди. “Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти фаолиятини кузатиб бораман. Ўтган йили Хўжандда ўтказган тадбирларида иштирок этдим. Биз хўжандлик сувчилар ҳамда “Ўзбеклар маънавият ва маърифат” маркази номидан Тошкентга бориб, дўстлик жамияти бошқаруви раиси билан учрашиб, ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаб келиш ниятимиз бор, деди Л. Султонов.

Тадбирда “Меҳрнома” китобининг тақдимоти ўтказилди. Китобдан Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти ҳамда Тожикистон Республикаси Суғд вилояти ижодкорларининг ўзбек ва тожик тилларидаги асарлари ўрин олган.

Ушбу тўплам адабиётни чегараси ва миллати бўлмаслигининг, у инсониятни дўстликка, бирликка, меҳр-оқибатга чорлашининг яна бир амалий тасдиғи сифатида эътироф этилди.

Давра суҳбати якунланганидан сўнг ўзбек ва тожик биродарлар бир пиёла чой устида адабий мулоқот қилдилар. Икки халқ дўстлигини тараннум этувчи шеърлар ўқилди, куйлар жаранг сочди, мушоира қизғин бўлди.

Шуҳрат СУЮНОВ,

“Ўзбекистон-Тожикистон” дўстлик жамияти ижрочи директори