Қўлимда авиачипта. Эртага Истанбулга учаман – Туркиянинг Осиё ва Оврўпани туташтириб турган қадим ва навқирон шаҳрига. У ерда “8th Istanbul publishing Fellowship” — 8-халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари” тадбири бўлиб ўтиши ва мен бир қанча ҳамроҳларим билан шу тадбирда иштирок этишим керак.

Тун ярмидан ошган. Бедорман. Одатим шунақа, олис сафар олдидан уйқум қочади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Беихтиёр Хожа Аҳмад Яссавий бобомизнинг Туркиядаги буюк издоши Юнус Эмронинг “Ўлмас кўнгил” китобини қўлимга олдим. Бу китоб Ўзбекистон Президенти сўзбошиси билан яқиндагина нашрдан чиққан эди. Дастлаб кўзим тушган сатрларни пичирлаб ўқидим:

Менинг тилим қуш тилидир,

Менинг қўлим Дўст қўлидир.

Мен булбулман, Дўст гулимдир,

Дўстлик гулим сўлмас менинг...

Сатрдан сатрга, шеърдан шеърга кўчиб, мутолаа завқи билан вақт ўтганини, тонг ёришганини ҳам сезмай қолибман...

Кўнглимга ёруғ туйғу, ҳаяжон берган шоир руҳига дуои хайрлар қилиб, йўлга отландим. Сафардошларим – Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров ва бошқа дўстларимиз аллақачон етиб келишган экан. Рўйхатдан ўтдик, юкларимизни топширдик. Насиб этса, яқин дақиқаларда булутларни пастда қолдириб, қайдасан, Истанбул, дея парвоз қиламиз.

Бундан олдин, яъни 2022 йил 8-10 март кунлари ўтказилган “7-халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари” халқаро анжуманида ҳам юртимиз вакиллари иштирок этишган. Унда 2023 йил ўтказиладиган тадбирда мамлакатимизга “Алоҳида эътибор қаратилган давлат” мақоми берилган ва рамзий эстафета ёрлиғи топширилган эди. Масъулият ҳам шунга яраша бўлди, “8th Istanbul publishing Fellowship” тадбирига чамаси бир ойлар тайёргарлик кўрилди. Халқимизнинг буюк адабиёти ва санъатини тарғиб этиш ишлари, ноширлар ва улар нашр этган китоблар кўргазмаси, ҳунармандлар ва уларнинг буюмлари намойиши, тадбирда ўқиладиган маърузалар матни ва мавзу кўлами, қисқаси, энг кичик масалаларгача ҳеч нарсани назардан қочирмасликка ҳаракат қилдик...

Учоқ Истанбул аэропортига келиб қўнди. Турк қардошларимиз бизни “мерҳаба”, “гунайдин” дея алқов сўзлари ва очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Аэропорт шаҳардан бир оз олисда, чамаси 30-40 дақиқаларда “Windsor” меҳмонхонасига етдик. Текис ва равон йўлнинг икки четидаги дарахтлар ва гуллар ажиб бир манзара касб этган. Ахборот-ишора белгилари аниқ ва тартиб билан берилганки, турк тилини озгина билган одам ҳам адашмай манзилига етиб олади.

Меҳмонхонага жойлашиб, енгилгина тушлик қилиб, тадбир бўлиб ўтадиган манзилга йўл олдик. Юртимиздан борган ноширлар китоблар, ҳунармандлар эса санъат буюмларини кўргазмага чиройли қилиб тайёрлаб қўйишганини кўриб хурсанд бўлдик, хотиржам тортдик. Анжуман учун танланган жой XVIII аср ўрталарида қурилган бўлиб, икки юз йилдан кўпроқ вақт ҳарбийларнинг истеҳкоми сифатида хизмат қилган экан. Ҳозир кутубхонага айлантирилган бу гўша тарихга қизиқадиган, китобни севадиган ҳар қандай кишининг эътиборини тортади.

Кутубхонага айлаган ҳарбий истеҳком

Зиё маскани Истанбул шаҳрининг Айюб Султон туманидаги қадимий Рамий маҳалласида жойлашгани туфайли Рамий кутубхонаси деб номланган. Кўчанинг шундоққина юзида жойлашган кутубхона ҳовлисига қадам қўяр экансиз, чинакамига мозийга тушасиз, қўясиз. Отларнинг дупури, аскару зобитларнинг шахдам қадам товушлари эшитилгандек бўлади. Таъмирчи усталар ишига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Ҳовли ва унинг атрофидаги бинолар бир қарашда ўзимиздаги Кўкалдош мадрасасини эслатади.

Тарихий маълумот: усмонийлар сулоласининг ўттизинчи султони Маҳмуд Иккинчи (1784-1839) 1826 йили яничарлар полкини тарқатиб юбориб, ўрнига мусулмонлардан иборат армия ташкил этади. Рамий қишлоғи аскарлар учун казарма сифатида танланади. Султон Маҳмуд Иккинчи 1828-29 йилларда юз берган Турк-Россия урушининг ҳарбий ва маъмурий бошқарувини шу казармадан туриб амалга оширган. Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб бино озиқ-овқат бозорига айлантирилади. Оқибатда тарихий иншоот жуда абгор ҳолга тушади. 2010 йилда Истанбул дунё маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан Туркия Президентининг кўрсатмасига биноан тарихий шамойилини сақлаб қолган ҳолда таъмирланади. Қурилиш ишлари 10 йилдан ортиқ давом этган бино замонавий кутубхонага айлантирилади. Жорий йил бошида унинг очилиши маросими бўлиб ўтди ва унда Туркия Президенти, қатор давлат ва жамоат арбоблари иштирок этди.

Кутубхона деяпман-у, бир жиҳатдан у тарихий музейга ҳам ўхшаб кетади. Хаттотлик санъатининг энг нодир намуналари сифатида асраб келинаётган муқаддас Қуръон ва ҳадис китоблари, турли даврларда ёзилган қўлёзма ва тошбосма асарлар, зобиту аскарларнинг қурол-аслаҳалари каби тарихий ашёлар сайёҳнинг ҳам, китобхоннинг ҳам эътиборини бирдек тортади. Кутубхона дам олиш кунисиз кечаю кундуз 24 соат давомида китобхонларга хизмат қилади. Ўқувчиларга бепул чой, қаҳва ва шўрва тарқатилади. 36 минг кв/м ёпиқ майдонга эга кутубхона, айтишларича, шу жиҳатидан дунёнинг учинчи энг катта кутубхонаси ҳисобланар, 51 минг кв/м яшил майдонга эгалиги билан эса дунёда биринчи ўринда турар экан.

Кутубхона ҳовлисидаги гуллар, дарахтлар, ландшафт дизайн киши баҳри дилини очади. Ичкарию ташқарига қўйилган 4200 дан ортиқ ўриндиқ китобхонлар билан тўла. Асосан, ёшлар – талабалар, ўқувчилар. Ҳавасинг келади. Бир вақтлар бу жойлар ҳарбий истеҳком бўлганига ишонгинг ҳам келмайди. Аммо лозим бўлганки, бир замонларда бу иншоот ватан мудофааси учун ҳарбий истеҳком вазифасини ўтаган, мантиқан олиб қараганда, унинг бугунги вазифаси ҳам айнан шундай мақсадга — Ватан мудофаасига, унинг тинчлиги, дахлсизлиги, тараққиёти учун муносиб посбон бўла оладиган илму маърифат аҳли учун хизмат қилмоқда.

Кутубхона саёҳати давомида яна бир ҳолат мени ҳайратга солди. Бу ерда уч ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган бўлим ҳам бор экан. Бу ерда болакайлар асло зерикишмайди, чунки улар учун 10 мингга яқин китоб ва кўргазмали материал мавжуд. Болалар ўйингоҳи, кино ва театр намойишхоналари, бепул Wi-Fi – барчаси китобхонлар учун. Университетга тайёргарлик кўрадиган ёшлар учун бепул тест синовлари ҳам тақдим этилади.

Рамий кутубхонаси кўплаб тадбирлар ўтказиш мумкин бўлган маданият маркази сифатида ҳам фаолият юритади. Биз бунинг гувоҳи бўлдик. Шу йилнинг 6-8 июнь кунлари бўлиб ўтган “8th Istanbul publishing Fellowship” анжуманига 37 мамлакатдан 214 киши бевосита иштирок этган бўлса, 55 давлатдан 196 киши онлайн қатнашди. Биргина юртимиздан ўттизга яқин нашриёт-матбаа ходими ва ижодкор борди. Очилиш маросимида Ғайрат Бозоров сўзга чиқиб, мамлакатимизда китоб ва китобхонликка берилаётган юксак эътибор, ноширлик соҳасида эришилаётган натижалар, хусусан, юртимизда ўтказиб келинаётган “Tashkent book fest” фестивалининг йилдан йилга нуфузи ошиб бораётгани ҳақида сўзлади ва Мексика вакилларига “Алоҳида эътибор қаратилган давлат” мақоми – рамзий эстафета ёрлиғини топширди.

Шундан сўнг мен ва таниқли шоир Муҳиддин Омон юртимизда ижод аҳлига берилаётган эътибор, Адиблар хиёбони, ижод мактаблари, ёшларимизнинг кўп минг нусхада илк китоблари нашри ва уларнинг умумтаълим мактаблари ҳамда кутубхоналарга бепул тарқатилиши ҳақида сўзлаб бердик. Китоб акциялари доирасида китобларнинг бепул тарқатилиши, “Туркий адабиёт дурдоналари” юз жилдлиги нашри билан боғлиқ хушхабарлар барчани қувонтириб юборди. Айниқса, ёш ижодкорларга берилаётган эътибор ва ижод мактаблари билан боғлиқ тажриба халқаро анжуман иштирокчиларини ҳаяжонга солди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси қурилиши режалаштирилгани, унинг Адиблар хиёбони ва боғдаги бошқа маънавий-маърифий объектлар билан яхлит мажмуага айланиши кутилаётгани, 4 қаватли бу маскан бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд китобхонга хизмат кўрсата олиши, кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлиши ҳақида айтганимизда, ўтирганларнинг кўзлари чақнаб кетди. Ҳатто йиғилишдан сўнг бир нечта давлат вакиллари келиб, бу ҳақда кўпроқ маълумот беринг, Ўзбекистонда адабиёт соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида ўзимизда ҳам тарғибот олиб борамиз, деганлар бўлди. Кутубхона, босмахона, нашриёт ходимлари билан тадбирлар давомида ташкил этилган учрашувлар тажриба алмашиш, ижодий ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш, янги-янги асарлар таржимаси ва нашрини биргаликда йўлга қўйиш сингари мақсад ва режалар амалиётига қаратилди.

Рамий кутубхонаси мудири Али Челик билан узоқ суҳбатлашдик.

– Кутубхонамиз дунёдаги энг катта ва энг гўзал кутубхоналардан биридир, – деди у фахр билан. – У 40 тилдаги 2 миллиондан зиёд китоб фондига эга. Унда марказий осиёлик алломаларнинг қўлёзма асарлари ҳам алоҳида ўрин эгаллаган. Бу ерда учта йирик реставрация устахонаси бор. Саксонга яқин мутахассис реставратор, микробиолог, кимёгарлар қимматбаҳо қўлёзмалар асл ҳолида сақланишига масъул. Эрта-индин янги нашрлардан иборат ўзбек бўлимини ҳам очамиз. Шу кунларда икки юз эллик йиллик тарихга эга кутубхонамиз биносининг ЮНЕСКО томонидан дунё маданий мероси рўйхатига киритилиши учун керакли ҳужжатларни тайёрлаяпмиз. Бу амалга ошса, кутубхонамизнинг нуфузи яна ҳам юксалади. Дарвоқе, кутубхонадан нафақат маҳаллий, балки хорижий китобхонлар ҳам бемалол фойдаланиши мумкин.

Кутубхона мудири сўзларини тинглар эканман, беихтиёр ўз юртимиз ҳақида ўйлаб кетдим. Бизда 12,5 мингдан ортиқ кутубхона фаолият юритади. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси эса қадимий зиё ўчоғи бўлиб, 1870 йилда ташкил этилган. Ҳозир 8 миллиондан ортиқ асар фондига эга, тасарруфида 200 та кутубхона бор. Миллий кутубхона ҳақиқий хазинанинг ўзи. Ундаги қўлёзма ва тошбосма нашрларни кўрганман. Талабалик пайтимда устоз Бойбўта Дўстқораев раҳбарлигида 1922 йилда нашр этилган, бор-йўғи икки сони чиқиб, кейин тўхтаб қолган “Ҳақиқат” журнали фаолиятини ўрганганман. Журнални тўлиқ ҳозирги алифбога ўгирганман. Ўшанда хаёлимдан ўтган – бу жой мисоли денгиз, ичи тўла дуру маржонлар, асл ғаввосларни кутиб турибди...

Ижодкор бўлганим учун Туркиядаги кутубхоналар сони билан ҳам қизиқдим. Туркия Статистика институти маълумотларига кўра, мамлакатда 34 557 та кутубхона фаолият юритади. Улардаги китоблар сони саксон миллионга яқин. Туркия чоп этилаётган китоб номлари бўйича дунёда еттинчи, адади жиҳатидан ўнинчи ўринда туради. Биргина ўтган йили 80 минг номда 800 миллион нусхада китоб нашр этилган. Туркиянинг вилоятлар маркази ва туманларда Маданият ва туризм вазирлигига қарашли 1258 та халқ кутубхонаси фаолият юритмоқда.

Булар биргина Рамий кутубхонасида бўлиб ўтган тадбирлар баҳонасида олган таассуротларимиз. Ушбу тадбирларда иштирок этган нашриёт-матбаа ходимлари қанча-қанча янгиликлар олишди. Дунёнинг турли чеккаларидан келган иштирокчилар биздан, биз улардан нималарнидир ўргандик. Фурсати билан буларнинг барчаси юртимизда ҳам, албатта, татбиқ этилади.

Шаҳар бўйлаб саёҳат

Мен уч марта Туркияга таклиф этилганман. Аммо икки мартасида турли сабабларга кўра бориш насиб этмаган. Ҳозир эса, Ўзига шукур, дунёнинг исталган мамлакатига ҳеч бир тўсиқларсиз бориб-келиш имконияти бор. Бу ҳам давлатимизда юритилаётган оқилона сиёсат натижаси. Хуллас, бу юрт мени ҳамиша оҳанрабодек ўзига тортиб келган. Газета-журнал, китобларда ўқиганимдек, Истанбул ўзимизнинг Самарқандга ўхшаган қадим тарихга эга шаҳар экан. Ҳар икки шаҳар ҳам ўз вақтида мамлакат пойтахти бўлган. Ҳар иккиси ҳам ҳозир маъмурий пойтахт бўлмаса-да, давлат учун энг катта мавқе ва мақомга эга шаҳарлар ҳисобланади. Истанбулда тарихий ёдгорликлар – қадимий масжидлар, мақбаралар, мадраса бинолари, музейлар кўп. Барчасини кўриб чиқиш учун бир ой камлик қилади-ёв. Аммо биз ғанимат икки-уч кундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, бу борада менга яқин дўстим, “Azon.uz” интернет нашрининг Туркиядаги мухбири, истеъдодли шоир Абдулазиз Муборак катта ёрдам берди, зиёратлар чоғида ҳамроҳлик, аниқроғи, йўлбошчилик қилди. Ундан миннатдорман.

Истанбул нафақат туркий дунё, балки бутун дунё сайёҳлари эътиборидаги манзил ҳисобланади. Географик жойлашуви, иқлим шароитига кўра дунёнинг ҳеч бир минтақасида учрамайдиган гўзал табиати бор. Осиё ва Европа қитъаларини бирлаштирган Босфор бўғози шу ерда...

Айтишларича, Истанбул сўзи Исломбул, яъни “Ислом тахти” сўзларидан келиб чиққан экан. Бу тахмин ҳақиқатга яқин. Мен Муҳаммад салоллоҳу алайҳи васалламдан: “Албатта Қустантания фатҳ этилажак, унинг амири қандай ҳам яхши амир ва уни эгаллайдиган қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир”, деган мазмундаги ҳадисни ўқиганман. Шу боис, бу жойни фатҳ этиш кўплаб саҳоба, халифаю султонларнинг орзуси бўлган. Бу бахт эса 1453 йил 21 ёшли султон Муҳаммад Сонийга насиб этади. Шундан сўнг у Фотиҳ Султон номини олади. Дарвоқе, шаҳар номини Султон Муҳаммад Фотиҳ ўзгартиради. Ва биз билган Истанбулга айланади.

Истанбулга келган ҳар бир сайёҳ Тўпқопи саройини кўрмай қайтмайди. Тўпқопи Султон Аҳмад ва Аё София масжидлари билан ёнма-ён жойлашган. Бу Самарқанддаги Регистон мажмуасига ўхшамаса-да, негадир юртимиздаги тарихий обидаларни эслатди. Салкам 400 йил давомида (1465-1853 йилларда) турк султонларининг қароргоҳи бўлган Тўпқопи саройи бугунги кунда музейга айлантирилган. Музейга кирдик. Мен ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоҳу алайҳи вассалам билан боғлиқ бўлим сари ошиқдим. У ерга киришингиз билан руҳингиз ажиб бир сукунат оғушида қолади. Тиловатдан кўнглингиз ҳузур қилади. Ўзингиз ҳам беихтиёр саловот айта бошлайсиз. Ҳар бир ашё сизни ҳайратлантиради. Кўзингизга ёш келади. Ахир, сиз сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом, ул зотнинг оила аҳллари, саҳобаларига тегишли энг нодир ашёларни ўз кўзингиз билан кўрасиз-да.

Музейда 10 минг 700 та экспонат – осори-атиқа сақланади. Жаҳоннинг энг машҳур музейларидан бири ҳисобланмиш Тўпқопи сарой-музейида маданият ёдгорликлари: қадимий қўлёзмалар, қимматбаҳо хаттотлик намуналари, хитой ва япон чиннилари, қурол-яроғлар, султонларнинг кийим-бошлари, ҳамма-ҳаммаси кўз қорачиғидек сақланмоқда.

Тўпқопи саройи, Аё София ва Султон Аҳмад масжидлари зиёратидан сўнг Сулаймония масжиди томон юрдик. Бу ҳам Истанбулдаги энг муҳташам тарихий жомеълардан бири. Ушбу ёдгорлик теварагида нақшбандия тариқати пирларининг қабрлари бор. Султон Сулаймон ва Хуррам Султоннинг ҳам қабри шу ерда.

Мирзо Улуғбекнинг садоқатли издоши Али Қушчи бобомиз ҳамда улуғ тасаввуфшунос олим, нақшбандия тариқати пири Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг қабрлари ҳам шу ерда экан.

Истанбулда тарихий ёдгорликлар кўп. Биз кўрганларимиз Аё София мажмуаси, Айюб Султон майдони, Фотиҳ, Сулаймония, Айюб Аҳмад, Янги жомеъ, Ёвуз Султон Салим каби қадимий масжидлар ҳақида фурсати келганда яна ҳам батафсил сўзлаб берармиз. Мармар ва Босфордаги кема саёҳатлари ҳаяжонлари ҳақида айтсак, сўзимиз тугамайди. Машҳур Қиз қалъаси ҳақидаги таассуротлар ҳам бир олам. Тақсим майдони, у ернинг кечаю кундуз фаолият юритиши ҳақида қанча ҳикоя қилиш мумкин. Яна бир гап, мозий ва келажак муштарак бир шаҳар, сизга айтсам – Истанбул. Кўп қаватли бинолари, каттаю кичик саноат корхоналари, савдо ва маданий марказиларини кўриб бунга амин бўлмасликнинг иложи йўқ. Дарвоқе, Босфор бўйларида устозларимиз Абдулла Орипов, Мирзо Кенжабек сингари шоирларимизнинг Туркия таассуротлари ҳақида ёзган асарлари бир-бир хаёлимдан ўтди.

Менинг ҳам кўнглимдан кечганлари мисраларга айланди:

Талпингандек соҳилга Босфор,

Лабларимнинг соҳилидан ўп.

Шундай дея такрор ва такрор,

Сен кирасан тушларимга кўп.

Чайқалади шовуллаб осмон,

Бағри тўла минг битта юлдуз.

Мен минг битта ўй билан инон,

Ёлғиз сени ўйлайман, ёлғиз.

Шоирларни ўқийман кўп бор,

Мисралари умрим баёни.

Сарҳади йўқ денгиздек, дилдор,

Йўқдир сенга ишқим поёни...

Шом маҳали Айюб Султон майдонидан унча узоқ бўлмаган Нишанжи Мустафо Пошо масжидига бордик. Масжид имоми Миқтад Хўжа деган киши экан. Ўзбекистондан келганимизни эшитиб, беҳад севинди. Мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлардан хабардор ва мамнун эканини изҳор қилди.

— Айниқса, улуғ аждодларимиз, хусусан, нақшбандия тариқати уламолари қабрини обод қилаётганларингиз энг улуғ ишдир, — деди Миқтад Хўжа сўзида давом этиб. — Имом Бухорий, Имом Термизий, Ислом цивилизацияси марказлари ташкил этилгани оламшумул воқеадир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида жомеъ масжид қурилганини эшитиб севиндик.

Биз олис Туркияда ўз юртимиз ҳақида бундай мақтов ва эътирофларни кўп эшитдик ва бундан фахрландик. Илоҳим, юртимизга, унинг тинчлигига кўз тегмасин, дея юрак-юракдан дуолар қилдик.

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир