Уйида тўй-маърака бўлганида қариндошидан аввал қўшнисини чақирган, бир коса иссиқ овқатини қўшнисига илинадиган халқмиз. Қўшнимиз қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, биз учун қадрли. Бу халқимизнинг қадимий қадриятларидан. Президентимиз айтганидек, “Ўзбекистонимизнинг ер ости ва ер усти бойликлари кўп. Лекин бизнинг энг катта кучимиз бебаҳо бойлигимиз бу – ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўп миллатли халқимиздир”.
Бугун мамлакатимиздаги барча миллат ва элат вакиллари эмин-эркин, ўзаро тотув яшаши учун барча шарт-шарои яратилган. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан 30 июль —Халқлар дўстлиги куни мамлакатимизда кенг нишонлаб келинаётир. Ушбу санада юртимизда Ҳаракатлар стратегияси, кейинчалик Тараққиёт стратегиясининг алоҳида дастур, йўл харитасидаги тегишлиги бандлар ва йўналишларда белгилаб олинган устувор вазифалар амалда қўлланмоқда. Шу билан бирга, “Инсон қадри учун”, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” каби улуғвор ғояларнинг амалий натижаси туфайли бугун жамиятимизнинг барча жабҳасида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг асл мазмун-моҳияти бор бўй-басти билан намоён бўлаётир.
Миллатлараро тотувлик ғояси
Миллатлараро тотувлик ғояси жаҳон халқлари учун умуминсоний қадрият. У тинчлик ва фаровонлик кафолати, миллатлараро ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асоси. Мазкур ғоя ҳар бир миллат вакилининг орзу-умидлари, иқтидори ва истеъдоди тўлиқ рўёбга чиқиши учун замин ҳозирлайди. Уни Ватан истиқболи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби умуминсоний мақсадлар сари етаклайди. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, “Кўп миллатли халқимиз — бизнинг энг катта бойлигимиз, юртимиздаги миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик — барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам асосидир”.
Зотан, 150 йил давом этган мустамлакачилик сиёсати туфайли Ўзбекистонга кучли ассимиляция қилинувчи ижтимоий макон сифатида қаралган. Шу боис, мамлакатимиз ҳудудини кўп миллатли маконга айлантириш бўйича тарихий жараёнлар амалга оширилди. Маълумотларга қараганда, 1885 йилда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида 18 га яқин миллат вакиллари истиқомат қилган бўлиб, уларнинг 11 тасини маҳаллий халқлар вакиллари, 7 тасини кўчириб келтирилганлар (руслар, украинлар, арманлар, грузинлар, Россия яҳудийлари, поляклар, татарлар) ташкил этган. 1926 йилга келиб эса кўчириб келтирилган миллатлар сони 80 га етган. 1959 йилда уларнинг сони 113 тага, 1979 йилда 123 тага, 1989 йилда эса 130 тага етган эди.
2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, доимий аҳолиси сони 36 миллион 372 минг 276 кишини ташкил этаётган юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келмоқда.
Ҳамжиҳатликнинг ҳуқуқий мақоми
Асрлардан асрларга ўтиб келган миллатлараро тотувлик анъаналари бардавомлигини таъминлаш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида мультикультурализм баҳслари авж олган бир пайтда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган ҳар бир миллат учун урф-одати, тили, дини, миллий қадриятларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш шарт-шароитлари яратилди.
Халқимизнинг бағрикенглиги туфайли кўплаб миллат вакилларига бошпана берилди. Корейслар, немислар, арманлар, грузинлар, месхети турклари, поляклар, юнонлар, қрим татарлари ўзбек элида қўним топди. Уларнинг зурриёди шу заминда туғилди, шу ерда таълим-тарбия олиб, вояга етди. Бугун нафақат ўзбеклар, балки бошқа миллат ва элатларнинг таниқли сиймолари шарафига кўчалар, истироҳат боғлари, муассасаларга ном берилди, монументлар ўрнатилди.
Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, Республика байналмилал маркази Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасига айлантирилди. Мазкур қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни изчил амалга ошириш вазифаси юкланди. Қўмита биноси ёнида миллатлар ва элатларни ҳамжиҳатликка чорловчи Дўстлик боғи барпо этилди. Турли миллат вакилларининг миллий маданияти янада юксалишига хизмат қиладиган маданият уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Бугун қўмита ҳузуридаги 140 дан ортиқ миллий-маданий марказ ва 30 дан ортиқ дўстлик жамияти ҳар бир миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, урф-одатларини сақлаб қолиш, ўрганиш ва ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Ўзбекистонда бошқа миллат ва элат вакиллари сингари корейслар учун ҳам тарихи, тили, маданияти, дини, урф-одат, қадриятларини ўрганиш, миллий маросим ва байрамларини нишонлаш имконияти яратилган. Корейслар она тилини ўрганади, бошқа этник бирлашмалар билан бирга Ўзбекистоннинг давлат ва миллий байрамлари ҳамда Соллал — корейсча янги йил, Тано — ёз байрами ва Чусок — ҳосил байрами каби миллий байрамларини нишонлайди. Шунингдек, юртимизда 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс тили ўқитилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган қоида ва меъёрлар асосида нодавлат ташкилотларнинг ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам қилинаётган ишларнинг мантиқий давомидир.
Орзиқиб кутилган фуқаролик бахти
Яқин йилларгача Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган кўп одамлар сарсону саргардон бўлгани сир эмас. Уларнинг фуқаролик ҳуқуқи йўқ эди. Мана шундай нотенгликка барҳам берилди. Ўзбекистонда кўп йиллардан буён яшаб, меҳнат қилиб келаётган бошқа миллат вакилларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини топшириш тизими жорий этилди. Масалан, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги фармонига асосан, корейс миллатига мансуб 70 нафар юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги паспорти топширилди. Ўтган йилларда улар сони бир неча юздан ортди. Бу эса кўп йиллар юртимизда астойдил меҳнат қилиб, Ўзбекистонимизни Ватан деб қадрлаган инсонларга янада кўтаринки руҳ ва кайфият бағишлади. Айни пайтда мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларига тенг ҳуқуқ ва эркинликлар берилиб, давлат ва жамият бошқаруви ишлари, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётда фаол ва эркин қатнашиши учун кенг имконият яратилди. Чунончи, бугун сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари, вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари орасида турли миллат вакиллари самарали фаолият юритмоқда. Шаҳар ва қишлоқлардаги ўзини ўзи бошқариш органлари (қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳоказо)га ўзбеклар билан бирга рус, тожик, татар, қирғиз, қозоқ, украин ва бошқа миллатга мансуб оқсоқоллар (маҳалла раислари) раҳбарлик қилмоқда.
Кўп йиллик музларнинг эриши
Юртимиз бир неча давлат билан чегарадош, шу билан бирга, чегара атрофидаги аҳоли бир-бири билан борди-келдили, қуда-андали. Авваллари шуларнинг чегарадан ўтолмай, ҳатто яқинлари таъзиясига ҳам бора олмаган ҳолатлар кўп бўлган. Ҳозир Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатлар билан яхши қўшничилик, миллатлар, халқлар ўртасида тинчлик, тотувлик, бағрикенглик тамойилини жорий этиш сиёсати ҳукм сурмоқда. Буни чегара ҳудудларнинг эркинлаштирилгани, қардош халқлар раҳбарларининг фуқароларга сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа соҳаларда қулай шароит яратиб бераётгани, фуқаролар қўшни мамлакатда яшаётган яқинлари билан учрашиб, дийдорлашгани, бориш-келиш жараёни жадаллашганида ҳам кўриш мумкин. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар бўйича олий комиссари Ламберто Заньер бундай дейди: “... Ҳозир мамлакатингиз қўшнилари билан чегараларни очди, одамлар эмин-эркин яқинларини кўргани боришяпти. Бу ташаббусларнинг ҳаммаси миллатлараро муносабатларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Юртингизга Ўш орқали кириб келдик. Фарғона водийсида бўлиб, бу ерда турли тилларда ўқитиладиган мактабларга бордик, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдик. Ўзбекистондаги таълим ва бошқа соҳаларда халқаро келишувни таъминлаш бўйича ҳолат ижобийлигига гувоҳ бўлдик. Умуман, миллатлараро муносабатлар йўналишида конструктив сиёсат юритиляпти. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлида янги имкониятлар очилмоқда. Айни шу жараёнга бизнинг ташкилот ҳам муносиб ҳисса қўшишга тайёр”.
Бахтли, тинч-тотув ва фаровон Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари ўзларини эркин ҳис этмоқда, ўзбеклар билан бирга қўлни қўлга бериб ишламоқда, яшамоқда. Ўзбекларнинг бағрикенглиги юртимизда асрлар давомида шаклланиб келган бошқа халқларга ҳурмат кўрсатиш, самимий, дўстона муносабатда бўлиш борасидаги қадимий қадриятлар, умуминсоний қарашларга таянган ҳолда ёндашиш анъанасидан келиб чиқади. Қолаверса, мамлакатимизда барча миллатлар учун тенг ҳуқуқлилик асосида юритилаётган сиёсат, уларнинг она тили, маданияти, урф-одатлари, қадриятларини ривожлантириш учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Азизбек АМОНОВ,
Бухоро давлат университети
биринчи проректори